ТЕНГЛИК
Фиқҳ фанида тенглик сўзи кафоат, куфу деган сўзлар билан ифодаланар экан. Тенглик бу оламнинг буюк қонуни. Аллоҳнинг одати. Ҳар бир иш ва ҳолатнинг ўз мутаносиблиги бор. Уйғунлик бузилган жойда ҳамма нарса барбод бўлади.
Хусусан, дўст танлашда ҳам тенглик қоидасига амал қилмоқ лозим. Инсон ким биландир Аллоҳ учун дўстлик риштасини боғларкан, албатта, бўлажак дўстининг келиб чиқиши, оилавий муҳити, шахсий сифатлари, ёши, тажрибаси ва илмига диққат қилмоғи лозим. Агар инсон барча шартларни топган ҳолда ҳам ёши ва тажрибаси кам билан дўстлашса, албатта, бу дўстлик бир куни дарз кетади. Шу боис ҳеч қачон бирор инсонга шошиб қалбингизни топшириб қўйманг.
Баъзан улуғлар кичикларни эҳтиром қилади. Иззат кўрсатади ва ўзига яқин олади. Бундан кичиклар ҳаволаниб кетмаслиги, билъакс ўз ҳаддини билиб туриши шарт. Аслида, шогирдига ҳаддан ошадиган даражада илтифот қилган устоз, ходимига бошқарув ишларига аралашадиган даражада изн ва яқинлик берган бошлиқнинг ўзи меъёрларни белгилай олмагани ва уни тутиб тура олмагани учун айбдордир.
Ақлли инсон ўзига имконият эшиклари кенг очилганда ҳам ҳаддини сақлаб тургувчи инсондир. Қадим битикларда: “Ит дарё лабига борса ҳам сувни ялаб ичади” деган ўгит бор экан. Бир эшитишда салбий янграйди. Аслида, дарё ёқасида ҳам сувни ҳаддини билган ҳолда ича билиш буюк фазилатдир. Бугунги оғриқларимизнинг барчаси икки сабабнинг мевасидир: биринчиси, ўз ҳаддимизни билмаганимиздан; иккинчиси, бошқаларга ҳадларни бузишга имкон берганимиздан.
Одамнинг эси ҳар куни киради. Одам бўлмаганнинг эси эса минг йилда ҳам кирмайди.
Оёқлари боғланмаган туйғулар ўз эгасини ҳалок қилади. Ақл билан жиловланмаган ҳислар ёввойилашади. Ёввойилашган туйғуларни қайта ақл қафасига қамаш жуда машаққатлидир. Чунки ихтиёрдан чиққан туйғулар қутуради. У худди бўриларга қўшилиб ваҳшийлашган хонадон итига ўхшайди. Шайтоннинг васвасаси бўри каби туйғуларни йўлдан уради.
Туйғулар ҳар қанча улоқиб кетса ҳам ўз эгасига бўлган мансубликдан кесилмайди. Шунчаки, у кучга тўлиб, соҳибини отга боғланган жасаддек судрайди. Туйғуларни тарбиялаш, уларни маҳкам ушлаш шарт. Эрк берилган ҳислар ҳеч қачон мангу саодат манзилига қараб югурмайди, у жарга қараб шаталоқ отади.
Иймон нурлари ақл кўзларини равшан этсин, тақво озуқаси ақл вужудини кучга тўлдирсин ва туйғулар шиддати тан уловидаги руҳни ҳақиқат сари олиб борсин.
Акром МАЛИК
12. 09. 2023.
@Akrom_Malik_rasmiy