бахтиёрман деган биргина сўзни
айтиш учун керак қанча куч, чидам,
гарчи бахт сўзларнинг энг ёқимлиги,
гарчи турса ҳамки тилнинг учида.
оғир ботмасмикин бу сўз кимгадир,
тегиб кетмасмикин оҳ-воҳларига,
қандоқ бардош бериб яшайман кейин
бахтсиз кимсаларнинг нигоҳларига.
аввало, бу сўзни ўзгалар айтсин,
айтсинлар кўзлари қувончга тўлиб.
элнинг бахти учун умрини тиккан
шоирлар айтмасин биринчи бўлиб.
бу сўзни бир умр айтмай яшадим,
ҳар шодлик келганда юрдим секинроқ.
ғам сўзин элимдан аввалроқ айтдим,
бахт сўзин айтаман элдан кейинроқ.
Шавкат Раҳмон