Икки давр оралиғидаЯқинда ўзбек адабиёти тарихини ўрганаётиб қизиқ фактларга дуч келдим.
Совет даврида баракали ижод қилган шоир ва ёзувчилар 1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришгач, жимиб қолишган ва бирин-кетин вафот этиб кетишган эканлар.
Улардаги ижодий баркамоллик ва сермаҳсуллик ҳам айнан шу янги даврга келиб тўхтаганини кўрдим. Бунга уларнинг кексалиги сабаб бўлдими ёки давр ўзгаришими, дея бирма-бир таржимайи ҳолларини ўрганиб кўрдим...
Кейин қарасам, бундай ҳолат бир аср аввал рус адабиётида ҳам, француз ва немис адабиётида ҳам содир бўлган экан.
Шу саволга жавоб излаётсам, олдимдан Херман Хессенинг “Чўл бўриси” китоби чиқиб қолди. Романдаги ушбу фикрлар менга жавобдай эшитилди:
“Одамзоднинг ҳаёти икки замон, икки давр, икки маданият ва динлар бир-бирига тўғри келиб қолгандагина ҳақиқий азобга, дўзахга айланади. Антик давр одами, агар ўрта асрда яшашига тўғри келганида борми, бизнинг тамаддунимизга тушиб қолган ёввойи қандай бўғилса, у ҳам шундай аянчли тарзда бўғилган бўларди. Шундай бир замонлар бўладики, бутун бир авлод икки давр, икки ҳаёт услуби орасига тушиб қолади, натижада унинг ҳар қандай табиийлиги, ҳар бир урф одати, хотиржамлиги ва бегуноҳлиги изсиз йўқолади...”
Замонларнинг бундай эврилишларига тарихда кўп гувоҳ бўлганмиз.
- Франциядаги Наполеон даври – Реставрация даври - Инқилоблар
- Германиядаги иккита жаҳон урушлари оралиғи
-Рус империясининг қулаши – СССРнинг вужудга келиши
-Усмонийлар империяси йиқилиши – Туркияда Отатурк инқилоби
-Ўзбекистонда СССРнинг парчаланиши - Мустақиллик даври....
Бу даврларнинг барчасида Хессе айтган бўлиниш, бўғилиш, оралиқдаги “жаҳаннам”лар содир бўлган. Чунки ижодкор кўпинча қайсидир ғоя ёки эътиқод билан ёзишни бошлаганида бу унинг бутун умрлик “ҳақиқати”га айланади. Шоир ёки адиб жонидан ёки эркидан кечса кечадики, ўз принципига содиқ қолади.
Баъзан бу эътиқод унинг руҳида, ички дунёсида яшириниб ётади. Ташқарига чиқмайди. Ўзгарган тузумга у ҳеч қандай қаршилик билдирмай, итоаткор умр кечиради, бироқ унинг учун яшашдан маъно қолмайди.
“Осмондаги болалар” фильмида Хожиакбар Нурматовнинг машҳур сўзларини бир эсланг:
“Мен қандай яшашни биламан, лекин нима учун яшаётганимни билмай қолдим. Биласизми, мен ўзимни ўтган асрда қолиб кетган вокзалдаги йўловчига ўхшатаман. Ҳамма поездлар кетиб бўлган, вокзал эса бўм-бўш! Улгурган улгурди...” Актёр нафақат ўзи, балки совет даврининг “бахтли” кишилари тилидан гапираётгандай эшитилади...
Чунки, совет даври Ойбек, Қаҳҳор, Ғ.Ғуломдан тортиб энг кенжа авлод ижодкорларига “коммунизм”ни ваъда қилиб, улар учун бахт формуласини яратиб берган эди. Бу қисқа, ширин тушдай давр шоир ва ёзувчилар учун ростан ҳам коммунизмдек кечди: давлат берган уй, машина, орден, унвонлар, курортларга саёҳатлар, юз минг тиражли китоблар, ёзилган асарларга гонорарлар... Шуҳратпараст ва кибор адабиёт аҳлига бундан ортиқ нима керак? Эвазига СССРни мадҳ этишлари, атеистик ҳаёт тарзи талаб қилинган холос (Ўз йўлидан кетганлар ҳам йўқ эмас)
Лекин, қўққисдан Совет поезди ҳалокатга учрайдию, коммунистик тарбия кўрган “бахтли инсонлар” бўм-бўш вокзалда, манзилсиз, мақсадсиз қолиб кетишади...
1991 йил Ўзбекистон мустақиллик эълон қилгач, ёш давлат ота-она қарамоғидан алоҳида уйга чиққан фарзандга ўхшаб қолади. Ғазна бўш, дўконлар бўш, пуллар синган, катта-катта корхоналарда ишлар тўхтаб, кўпдан кўп кишилар ишсиз қолган эди... Одамлар ишониб келган коммунизм, партияга содиқлик, пролетариат бир лаҳзада парчаланиб, ҳавога сингиб кетади...
Совет даврида энг яхши асарларини ёзган адиблар, мустақилликдан кейин бир-икки асарини айтмаганда, фақат хотиралар ёзиш билан чекланишди. Айтиладиган гаплар айтилди, айтилмагани қолиб кетди...
Хулосам шуки, ижодкор сиёсатдан ҳоли бўлсагина, бундай даврлар тўсиғидан талафотсиз ўтиб бораверади... Қандайдир тузумга содиқ бўлса, қачондир бўм-бўш бекатда қолиб (ёки ташлаб) кетилаверади...
@timur_books