“ХАДИЧА УНИ ЯХШИ КЎРАР ЭДИ!”
Ўшанда унинг ёши қирқдан кам*, эриники эса, йигирма бешда эди. Эрига жуда меҳрибон эди, уни бутун қалби ила яхши кўрарди. Ёши катта бўлса-да, эрини яхши тушунарди.
Изоҳ: * Хадича онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиққанида қирқ ёшдан кичик бўлган. Жумладан, 35, 28, 25 ёшда эди, деган ривоятлар ҳам бор.
Бу ҳақда қаранг: Шайх Муҳаммад Хузарий. Нурул яқийн: I жуз. Макка даври. Академик таржима. Таржимон, таҳқиқ ва изоҳлар муаллифи: Абдул Азим Зиёуддин. Тошкент: Muharrir nashriyoti, 2023. – 67-бет. – Муҳ. Изоҳ тугади.
У турмуш ўртоғига ёши катталигини ҳис қилдирмаган. У жуда бой аёл эди. Аммо турмуш ўртоғига энг катта бойлиги у – эри эканини сингдира олган.
Агар сизга биров, севги ажиб ишлар қила олади, деса ишонинг.
Суюкли Пайғамбаримизга ваҳий туша бошлади. Илк бор фариштани кўрдилар. Бу жуда қўрқинчли эди. Бу даҳшат ва титроқлардан сўнг албатта кимнингдир юпанчига муҳтож эдилар.
Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шижоатли амакилари Ҳамза розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бормадилар.
Меҳрибон амакилари Абу Толибнинг ҳузурига чопмадилар.
Вафодор дўстлари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузуридан паноҳ истамадилар.
Тўғри суюкли рафиқаларининг олдига бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бутун бир қўшин кучига тенг қуввати борлигини билар эдилар. Ўйлаганларидек бўлди. Хадича розияллоҳу анҳо у кишини ўраб қўйиб, фазилатларини эслатиб-юпатиб, сўнг амакиваччаси Варақа ибн Навфалнинг ҳузурига олиб борди.
Кейин Онамиз у зотнинг пайғамбар бўлганларини билгач, биринчи бўлиб иймон келтирди. Бутун молини Аллоҳ ва Расули йўлида фидо қилди...
Ўн йил ўтиб, Хадича розияллоҳу анҳо вафот этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларига дунё қоронғу бўлди. Кейинроқ Аллоҳ таоло гўё юпанч учун у зотни самога кўтарди (Меърож ва Исро воқеалари назарда тутилмоқда. – Муҳ.).
Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўнг ҳижрат қилдилар, яна уйландилар. Аммо ҳеч ким Хадича розияллоҳу анҳонинг ўрнини босолмади, тўлдира олмади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтмишга яқинлашиб қолганларида етмиш ёшли кампирларга чопонларини ерга тўшаб, уларни ўтиришга таклиф этганларини кўришган эди. Шунда ажабланган кишиларга, “булар Хадичанинг дугоналари”, дея изоҳ берган эдилар.
Бир куни уйларига бир кампир келди. Бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ниҳоятда шод бўлдилар, марҳаболар айтдилар. Бу ҳолдан Ойша розияллоҳу анҳо таажжубланди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу аёл Хадичанинг даврида келиб турар эди”, дея тушунтирдилар.
“Хадичанинг даврида... ”
Эътибор бердингизми? Расулуллоҳ замонни “Хадичанинг даври” дея ўлчаяптилар.
Баъзан қўй сўйсалар, уни бўлаклаб, “Хадичанинг дугоналарига ҳам беринглар”, дер эдилар.
Анас розияллоҳу анҳу айтадилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бирор нарса келса, “Буни фалончи аёлга беринглар. У Хадичани яхши кўрар эди”, дер эдилар”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фақатгина Хадичани эмас, Хадичани яхши кўрганларни ҳам яхши кўрардилар.
Муҳаббатни эркакликка нуқсон, дейдиганлар, муҳаббатни, вафо ва эътиборни изҳор қилиш шахсиятни заифлаштиради деб билганлар хато қилишади.
Мана, инсонларнинг Саййиди соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизни яхши кўряптилар.
Сиз ҳам ҳиссиётларингиздан хижолат бўлманг. Умрингиз охиригача муҳаббат билан яшанг. Дунёда ҳалол муҳаббатдан гўзалроқ ҳеч нарса йўқ.
Қалби қаттиқликни эркаклик дейдиганлар хато қилишади. Эркак аёлига меҳр-муҳаббат, эҳтиром ва чиройли муомала билан ҳам эркак бўлаверади.
Аёлларга нисбатан қамчингдан қон томсин деганлар хато қилишади. Аёлга муҳаббат билангина эга чиқиш мумкин!
Адҳам Шарқовий
НАБАВИЙ ТАРБИЯ