БИР ХОКИСОР АЁЛ ҚИСМАТИ.
Аёл фермернинг ёлланма ишчиси эди.Пахта, картошка, пиёз, кунжут ўтоғида кунлик тўлов эвазига меҳнат қилар, оила шу пул билангина кун кўрарди. Эри ишсиз.
Бу йил сув яхши бўлиб, ишлайман деганга юмуш мўл бўлди.Шунинг учун аёл эрта баҳордан бери тинмас, дам билмай тер тўкарди. Аммо ёз тугамай, чарчади, ҳолсизланди, кучи қайтди. Мана, уч кунда ўтаб улгурса бўладиган пиёзни ҳали ҳам тугатмади.Авваллари шу майдонча келадиган пиёззорни бемалол уч кунда бегона ўтлардан тозалаб бўларди.Бугун тўртинчи кун. Аслида бугун дам олмоқчи эди. Аммо ишни тугатиши керак. Тугатиши шарт!
Ҳали қуёш қишлоққа салом бериб, ўйноқи тераклар майин шабадага тебраниб шивирламасданоқ, аёл ўрнидан туриб уйдаги юмушларини саранжомлади.Кир ювди, сигир соғди,сут пиширди, нонушта ва тушлик учун нималардир тайёрлади. Кейин эски кийимларини кийди-ю, ковушини судраганча дала томон ошиқди.Анча вақт бош кўтармай ишлади. Аммо тушга бориб очқади. Кўнгли айниб, ҳолсизланди. Қуёш ҳафсала билан далани қизитар, қилт этган шамол йўқ.Аёлнинг бутун танаси қора терга ботиб, нафас олиши қийинлашди. У фақат чанқаганда ўрнидан турар, шундагина вужудига шамол тегиб, бироз енгил тортарди. Қотиб, ачишиб оғриётган белини машқ қилдирган бўлар, оғриқ тугамаса, қўлини мушт қилиб енгилгина уриб қўйярди. Ўрнидан турганида кўзолди қоронғилашиб, боши айланди. Йиқилиб тушай деди. Рўмолини ариқдаги қандайдир қўланса ҳид анқиётган сувга чайиб,пешонасига босди ва бироз ўзига келгандай бўлди.Янгигина буғдой сингари нишлаб, бегона ўтлар билан жой талашиб ўсаётган пиёзлар ҳам қуёш тиғидан қўрқиб, нозик бошларини эгганча қилт этмай турар, аёл эса вақтини беҳуда ўтказмасликка интиларди.
Пиёзпоя кераксиз ўтга тўла. Бегонаси шунчалик кўпки, қайси бири ўт, қайсиси пиёз эканини тажрибасиз ишчилар ҳадеганда билолмасди. Лекин бу нарса аёлга чўт эмас.
Аёл қорайиб, ёрилиб кетган қўллари билан ҳар бир ниҳолни авайлаб, ортиқча ўтлардан тозаларди. Майда иш кўп вақтни талаб қилади. Фермер жувонга жуда ишонар, вазифасини кўнгилдагидек бажаришини билиб ортидан текширмасди ҳам. Ҳақ тўлашда бошқаларга нисбатан унга бироз сахийлик қиларди.
Аёл ишни битирганида ҳали кун ботмаган, қуёш бироз уфққа эгилган кўйи куни билан тиғларига чидаган жувон кўзларига масхаромуз боқиб турарди. Аёл боши айланиб, ўтириб қолди, кейин узоқ йўталди. Ариқдан сув ичиб, юзини ювгандагина ўзига келди. Чуқур нафас олди. Қуёшга термилди.
Фермернинг иш бошқарувчисидан келишилган пулни олар экан, қимтинибгина раҳмат айтиб қўйди. Ҳар гал иш ҳақини олганда титраётгани сезилиб туради. Ҳалол меҳнатнинг хузурбахш титроғи шу бўлса керак-да…Фермернинг кекса иш бошқарувчиси эса, арзимаган пулга мамнун, ковушини судраганча пилдираб кетаётган жувоннинг кундан-кунга чўкиб бораётган қоқсуяк гавдасига қараб ачинди. Ичида кимнидир, ниманидир бўралатиб сўкди.
Аёл тўғри бориб қишлоқнинг тунука билан ўралган дўконига кирди.У ерда турли-туман ноз-неъматлар кўзни яшнатиб турар, уларга нигоҳи тушган сайин қўлидаги пулини маҳкамроқ ғижимлаб оларди.
— Кечирасиз, менга иккита рангли сув ва бир килограмм гуруч беринг!
— Рангли сувнинг қайсисидан? — сўради беэътибор сотувчи.
— Фарқи йўқ.
— Менгаям фарқи йўқ, — дедию шундоқ қўл узатар жойдаги сап-сариқ сувнинг бирини олиб узатди.
— Гуручнинг қимматидан бўлсинми, арзонидан?
— Қимматидан… Сув кўтарадиган бўлсин…
— Яхши… Яна?
— Ярим килограмм шоколад ҳам беринг…
— Қанақасидан?
— Оддийсидан.
— Оддийси ҳам қиммат-да, янга.
— Майли…
— Бугун зиёфат бўляптими?
Аёл қўлидаги пулга қараб, уни баттарроқ сиқди. Ютинди.
— Бўлдими?
— Йўқ!
— Аёл бироз ўйланиб, деди. — Ҳалиги аччиқ сувингиздан ҳам беринг… анави… оқидан…
— Нима, акамнинг меҳмонлари борми?
— Беринг…
— Қиммат-да!
— Майли…
— Шаҳрисабзникими ё Тошкентники?
— Фарқи йўқ…
— Пулингиз етадими?
— Етади.
Хижолат бўлаётганини сездирмаслик учун у қўлидаги пулга қараб қўйди. Тўрт кун ишлаб топган пули қоп-қора қўллари орасида ғижимланиб турарди. Сотувчи ҳисоблай бошлади. Аёл бир елимхалтага жойлаган нарсаларга, бир қўлларида ғижимланаётган пулга қараб қўйди........