Ревизор 🧮


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha


Ўғри бўл, инсофли бўл!
Боғланиш учун 👉 @revizor_aloqa
Рус тилида (тест режимида) ўқиш учун 👉 https://t.me/revizor_global

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Амалдор ака тақдим этган эксклюзив имкониятлар тадбиркор укани тендерлардаги ғалабасини таъминлаган(ми?)

2022–2024 йиллар давомида «Агробанк» АТБ томонидан «Гибрид почта» платформасига уланиш ва ундан фойдаланиш бўйича ўтказилган тендерларда «Space Online Genesis» МЧЖ ғолиб деб топилиб, умумий қиймати 5,8 миллиард сўмлик буюртмаларни қўлга киритган.

Ушбу танловларнинг деярли барчасида иккинчи иштирокчи сифатида қатнашган «DEVOPS» МЧЖ жорий йил октябрь ойида 1 миллиард 692 миллион сўм бошланғич нархли тендерда 169,2 миллион сўм таклиф билан ғолиб бўлган. Бироқ қисқа вақт ўтгач, мазкур шартнома бекор қилинган.

«Агробанк» АТБ ва «Space Online Genesis» МЧЖ ўртасида шартномалар имзоланиши жараёнида «Space Online Genesis» МЧЖнинг «Ўзбекистон почтаси» АЖ билан эксклюзив шартномага эга эканлигига алоҳида эътибор олинган. Юқори эҳтимол билан, айнан шу эксклюзив шартнома танловларда ғолиб бўлиш учун асос бўлган.

Ҳозирда «Space Online Genesis» МЧЖнинг раҳбари ва таъсисчиларидан бириФайзуллаев Шухрат Насибуллаевич, тахминларга кўра, «Ўзбекистон почтаси» АЖни 2019 йилдан бери бошқариб келаётган Файзуллаев Алишер Насибуллаевичнинг яқин қариндоши (масалан, ака-ука) бўлиши мумкин.

Агар улар ҳақиқатан қариндош бўлса, давлат-ака ўзининг тадбиркор-укаси билан тузган эксклюзив шартноманинг мазмун-моҳиятини очиқлаган ҳолда жамоатчиликка тақдим этиши лозим. Почта монополисти (эҳтимолий ака)нинг бундай эксклюзив шартномаси оқибатида «Гибрид почта» тизими бозорида монополист (ука) пайдо бўлмаганми, деган саволлар туғилмоқда.

Уларнинг ўрталарида қариндошлик алоқалари бўлмаган тақдирда ҳам «Ўзбекистон почтаси» АЖ ушбу эксклюзив шартнома тафсилотларини ва бундай имтиёзларни бошқа тадбиркорлик субъектларига ҳам тақдим этган-этмаганини очиқлаши зарур.

Бундан ташқари, «Space Online Genesis» МЧЖнинг яна бир таъсисчиси Зияев Фаррух Ғолибшерович (25 фоиз улуш эгаси) — Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси («Ўзкомназорат»)нинг cобиқ бошлиғи, нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари сабаб лавозимдан четлатилган Ғолибшер Зияевнинг ўғли бўлиши мумкин.

@revizor_uzb

3.6k 1 124 4 36

Йил тугаши арафасида қимматбаҳо хизмат автомобилларини сотиб олган давлат идора ва ташкилотлари:

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси ДМ томонида жами 1 млрд 181 млн сўмга бир дона «BYD SONG PLUS DM-i CHAMPION» русумли ва тўрт дона «BYD Seagull EV» русумли транспорт воситалари;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки «Республика Инкассация хизмати» ДУК томонидан 657,7 млн сўмга бир дона «TRAVERSE PREMIER 2» русумли транспорт воситаси;

Ижтимоий ҳимоя агентлигининг «Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун Нуронийлар санаторияси» томонидан 419,9 млн сўмга бир дона «KIA KSC Comfort» русумли транспорт воситаси;

«Миллий PR-маркази» ДУК томонидан 409,7 млн сўмга бир дона «BYD Song Plus Champion DM-i» (гибрид) русумли транспорт воситаси;

Ўзбекистон Маҳаллари уюшмаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан 380,5 млн сўмга бир дона «BYD SONG PLUS Champion DM-i» русумли транспорт воситаси;

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан 409,7 млн сўмга бир дона «Song Plus DM-i Champion 150km» русумли транспорт воситаси харид қилинган.

@revizor_uzb

5.6k 1 70 15 50

Мазкур лот (24110012407327) техник шартларни жойлаштиришда йўл қўйилган «техник хато» туфайли буюртмачи томонидан бекор қилинибди.

@revizor_uzb


2024 йил 14 декабрь куни Жиззах давлат педагогика институти академик лицейи ётоқхонасида яшовчи ўқувчиларни иссиқ овқат билан таъминлаш бўйича 286,1 млн сўмлик танлов эълон қилинган.

Лотнинг тугаш вақти бугун, айни пайтда 5 соатча вақт қолди.

Ушбу лотда қизиқ ҳолатга дуч келинди: техник ҳужжатлар бўлимида «ZEBO O’G’ILOY» МЧЖ томонидан тасдиқланган («ZEBO FIRDAVS» МЧЖнинг муҳри босилган) ва академик лицей раҳбари билан «келишилган» таомлар «меню»си ҳам жойлаштириб юборилган.

Бир шахсга тегишли ушбу икки тадбиркорлик субъекти юқоридаги танловнинг эҳтимолий ғолиблари бўлиши мумкин:

«ZEBO FIRDAVS» МЧЖ шу йилнинг бошида ташкил топган бўлиб, шу даврга қадар академик лицейнинг «иссиқ овқат билан таъминлаш»га оид жами 862,5 млн сўмлик 4 та танловда ғолиб деб топилган.

«ZEBO O’G’ILOY» МЧЖ эса 2022-23 йиллар давомида академик лицейнинг «овқат тайёрлаш бўйича аутсорсинг хизматлари» юзасидан ўтказилган бир қанча танловларда ғолиб бўлиб, жами 1,9 млрд сўмлик шартномаларни қўлга киритган.

@revizor_uzb


«Тошкент ёшларни севади, ёшлар агентлиги эса пиарга пул совуришни(ми?)»

Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармасининг 2024 йил 11 декабрдаги яна бир қизиқ хариди этиборини тортди. Ушбу харид доирасида бошқарма ва «Media Affairs» МЧЖ ўртасида умумий қиймати 534,7 миллион сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузилган.

Шартнома мазмунига кўра, «Media Affairs» МЧЖ томонидан «Тошкент ёшларни севади» шиори остида ўтказилган тадбирларни «Platina.uz» сайти ва унинг ижтимоий тармоқ саҳифаларида ёритиш ва PR ( пиар) материалларни жойлаштириш кўзда тутилган.

@revizor_uzb тадбирга оид материалларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш учун «Platina.uz» сайтининг YouTube каналидаги видеоматериалларни танланма усулда ўрганди.

Қизиғи шундаки, тадбирга оид бир нечта видеоларнинг кўришлар сони 1000 тага ҳам етмаган. Яъни, тадбир пиари учун сарфланган маблағ миқдори натижага нисбатан жуда юқори кўринади.

Битта сайтдаги ёритиш ишлари учун ярим миллиард сўмлик шартнома тузилган экан, агар бошқа сайтлар ва ОАВларда ёритилган материаллар ҳажмини чамалаб кўрсак, тадбирнинг умумий пиар харажатлари қанчалик катта бўлгани ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин.

Ёшлар тадбирларига бўлган эътибор ижобий ҳолат ҳисобланади, бироқ пиар фаолиятлар учун сарфланаётган давлат маблағларининг натижадорлиги жиддий баҳоланиши зарур.

@revizor_uzb

7k 2 88 3 51

2024 йил 9 октябрь куни Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси ва «CITY TEOUR» МЧЖ ўртасида «Бутунжаҳон ёшлар фестивали иштирокчиларига транспорт хизматларини кўрсатиш» юзасидан умумий қиймати 301 миллион 560 минг сўмлик шартнома тузилган.

Шартномага кўра, хизматлар 2024 йил 23 июндан 1 июлгача бўлган даврда амалга оширилиши лозим бўлган. Бироқ, мазкур давлат хариди билан боғлиқ бир қанча савол ва зиддиятли жиҳатлар пайдо бўлмоқда.

Биринчидан, шартномада кўрсатилган хизматлар бошланган сана – 23 июнь. Бироқ, «CITY TEOUR» МЧЖ эса 2024 йил 24 июнь куни давлат рўйхатига олинган. Яъни, юридик шахс сифатида мавжуд бўлмаган корхона хизмат кўрсатган бўлиб чиқяпти. Бу ҳолат хизмат кўрсатишнинг қонунийлиги бўйича савол туғдиради.

Иккинчидан, шартномага асос сифатида кўрсатилган Тошкент шаҳар Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғининг буйруғи 2024 йил 26 июнь куни имзоланган. Аммо хизматлар ушбу буйруқ қабул қилинишидан аввал бошланганлиги кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 майдаги 345-Ф сон фармойишига кўра, ҳукумат томонидан фестиваль иштирокчилари учун транспорт воситалари ажратилган эди. Шунга қарамай, қўшимча транспорт хизматларини жалб қилиш учун 301 миллион 560 минг сўмлик шартнома тузилиши қанчалик зарур бўлгани тушунарсиз.

Юқоридаги ҳолат давлат маблағларидан самарали фойдаланиш бўйича саволларни ўртага ташлайди.

@revizor_uzb

5k 1 71 11 42

Фикр билдириш имкониятисиз ўтаётган жамоатчилик муҳокамалари ҳақида

Президентнинг 2024 йил 10 июлдаги ПҚ-249-сонли қарорига мувофиқ давлат буюртмачилари томонидан тўғридан-тўғри шартномалар улар тузилишидан олдин камида бир иш куни давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши шарт.

Мазкур тартиб 2024 йил 1 октябрдан бошлаб кучга кирган бўлса-да, ваколатли орган — Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда тизим оператори томонидан давлат харидлари электрон тизимида жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш учун имкониятлар яратилмаган. Электрон тизимда «муҳокама жараёнида» бўлими мавжуд, аммо у ерда фикр билдириш имконияти йўқ.

Айни пайтда, давлат буюртмачилари тўғридан-тўғри шартномалар тузишда «эътироз келиб тушмаган» деган мазмундаги баённомаларни жойлаштириб келмоқда. Бу «шаблон» баённомаларнинг барчасида «бир иш куни ичида жамоатчилик томонидан тўғридан-тўғри шартнома тузиш бўйича эътирозлар тушмади» деган стандарт ифодалардан фойдаланилаётгани кузатилмоқда.

Жамоатчилик муҳокамасининг тўлиқ амалга оширилмаслиги ортидан давлат харидлари бўйича қарорлар шаффоф бўлмай қолиши мумкин. Бу эса давлат маблағларидан оқилона фойдаланилишини таъминлашга тўсқинлик қилади ва коррупция хавфини оширади.

@revizor_uzb


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «REVISION» МЧЖ билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш асосида иккита видеоролик тайёрлаш учун жами 360 миллион сўм маблағ сарфлади.

Видеороликларнинг давомийлиги 6:30 ва 6:16 минутни ташкил этади.

@revizor_uzb

6.4k 1 57 24 55

Давлат ташкилотлари ва мансабдор шахслар фаолиятида шаффофлик, масъулиятлилик ва жамоатчилик назоратини таъминлаш — замонавий жамият учун энг долзарб вазифалардан биридир.

@revizor_uzb канали ана шу вазифани амалга оширишни ният қилиб яратилган. Унинг асосий мақсади — давлат ташкилотлари фаолиятидаги ҳар қандай ноаниқлик ёки шаффофлик етишмаслигини жамоатчиликка очиб берган ҳолда ишончли маълумотни етказиш.

Каналда эълон қилинаётган ҳар бир постнинг ортида катта меҳнат, таҳлил ва масъулият ётади. Ҳар бир материал тайёрлашга камида икки-уч соат вақт кетади, тендер ва танловлар билан боғлиқ айрим постлар эса уч-тўрт кунлик текширув ва таҳлилларни талаб қилади. Бундай жиддий ёндашув орқали канал давлат харидларини холисона ёритишни мақсад қилган.

Канал ҳеч қандай ташкилот ёки компаниялар билан ҳамкорлик қилмайди. Реклама ёки пиар материаллар жойлаштирилмайди ва бу орқали канал ўзининг мустақиллигини сақлаб келмоқда.

Муаллиф канал фаолиятидан ҳеч қандай даромад олмайди ва мақолалар учун «соққа» эвазига «заказ»лар қабул қилмайди. Қолаверса, ҳар қандай ноқонуний ёки этикага зид таклифларни ва илтимосларни рад этиш мақсадида муаллиф ўз анонимлигини сақлашни устун қўяди.

Канал ўз фаолияти учун ҳеч қандай моддий ёрдам талаб қилмайди. Муаллиф учун асосий мукофот — обуначиларнинг ишончи ва қўллаб-қувватлови.

Муаллиф обуначилардан фақат лайклар, постларни улашиш ва канални бошқаларга тавсия қилиш орқали қўллаб-қувватлашни кутиши мумкин, холос. Бу нафақат канал ривожи, балки фуқароларнинг давлат ишларидаги иштироки ва масъулиятли фаоллиги учун муҳимдир.

Канал фаолиятига киритилган меҳнатга қарамасдан, баъзи сайт ва блоглар материаллардан фойдаланиб, муаллифни манба сифатида кўрсатмайди. Афсуски, бу ҳолат ҳатто расмий ОАВ сайтларида ҳам кузатилади. Ҳар бир ахборотдан фойдаланганда манба кўрсатиш, нафақат профессионал одоб қоидаларидан, балки умуминсоний қадриятлардан ҳам ҳисобланади.

Бугун кимнингдир меҳнатини тан олмаслик, эртага ўз ишимиз қадрланмаслигига олиб келиши мумкин.

@revizor_uzb


Ўзаро боғлиқ компаниялар «ўйини»

«AMMOFOS-MAXAM» АЖ томонидан газ тақсимлаш пунктларида жойлашган газ ҳисоблаш узелларини кўчириш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш хизмати бўйича танлов ўтказилган. Лойиҳа учун бошланғич нарх 261 004 319 сўм этиб белгиланган.

Бир сўм фарқ билан ғалаба:

Танловда икки иштирокчи — «GAZMONTAJQURILISH» МЧЖ ва «IZOPOL» МЧЖ ўз таклифларини тақдим этган. Иккаласи ҳам бошланғич нархдан бор-йўғи бир сўм кам (261 004 318 сўм) нарх таклиф қиган.

Натижада «GAZMONTAJQURILISH» МЧЖ танлов ғолиби, «IZOPOL» МЧЖ эса заҳира ғолиби деб топилган.

Мазкур танловда ўзаро аффилланган шахсларга тегишли тадбиркорлик субъектлари иштирок этган.

Хусусан, «GAZMONTAJQURILISH» МЧЖнинг раҳбари ва таъсисчиларидан бири — AVTOMANOV ALEKSEY YUREVICH (24%) бир вақтнинг ўзида «IZOPOL» МЧЖнинг ҳам 33,30 фоиз улушига эгалик қилади.

Шунингдек, «IZOPOL» МЧЖнинг қолган таъсисчилари — CHUVAYEV ANATOLIY VIKTOROVICH (33,30%) ва XRYUKIN ANDREY ALEKSEYEVICH (33,40%) — «GAZMONTAJQURILISH» МЧЖнинг ҳам таъсисчилари ҳисобланади.

@revizor_uzb


Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси томонидан махсус техникаларни ижарага олиш хизмати бўйича бошланғич нархи 165,0 млн сўмлик танлов ўтказилган.

Танловда икки талабгор иштирок этиб, ўз таклифларини билдирган. Энг яхши таклифни аниқлаш жараёнида 153,7 млн сўмлик нархни таклиф қилган «USTA SHAHZOD» МЧЖ танлов ғолиби деб топилган. Иккинчи иштирокчи «DJIZAKH STROY MIR» МЧЖ эса заҳира ғолиби мақомига эга бўлган.

Очиқ маълумотларга кўра, ҳар икки иштирокчи бир манзилда — Жиззах вилояти, Шароф Рашидов тумани, Зиёкор МФЙ, Мустақиллик кўчаси, 73а-уйда жойлашган.

@revizor_uzb


Шаҳрихон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлимларга «кислород станцияси» сотиб олиш ва ўрнатиш мақсадида бошланғич нархи 649 млн 925 минг сўмлик танлов ўтказилган.

Мазкур танловда икки талабгор иштирок этиб, 639 млн 936 минг сўм нарх таклифи билан «TEHNO TEZKOR» МЧЖ танлов ғолиби, «ELITE TECHNOSALE»МЧЖ эса заҳира ғолиби деб топилган.

Танловда қатнашган ушбу икки тадбиркорлик субъектининг раҳбар-таъсисчилари, рўйхатдан ўтган ҳудудлари ва жойлашган манзиллари бошқа-бошқа бўлса-да, уларни бир хил телефони рақами боғлаб туради. Яъни, икки компанияга тегишли расмий маълумотларда алоқа учун 930380004 телефон рақами кўрсатилган.

Шунингдек, «TEHNO TEZKOR» ва «ELITE TECHNOSALE» компаниялари шу йилнинг ноябрь ойида давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, уларнинг ташкил топганига унчалик кўп вақт ўтмаган. Бу ҳолат, ўз навбатида, компанияларнинг тендерларда иштирок этиш учун етарли тажрибага эгалигини савол остига қўяди.

@revizor_uzb


Бекобод шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги ташкилотларга озиқ-овқат маҳсулотлари заҳираси учун бошланғич нархи 283 млн сўмлик танлов ўтказилган.

Танловда 272,2 млн сўм нарх таклифи билан "BEKOBOD SHAHAR TOMORQA HIZMATI" МЧЖ танлов ғолиби, "HALAL-TIJARAT" МЧЖ эса заҳира ғолиби деб топилган.

Ўрганиш давомида танлов ва заҳира ғолиблари айнан бир манзилда, яъни Тошкент вилояти Бекобод шаҳар Меъмон кўчаси 18 "а" уйда жойлашганлиги маълум бўлди.

@revizor_uzb


МИБ ходимлари учун 13,4 млрд сўмга 2730 дона «планшет» харид қилинмоқда. Ушбу харид юзасидан ўтказилган танловда 5 нафар талабгор томонидан таклифлар билдирилиб, энг яшхи таклифни аниқлаш орқали «ASIA PACKS TRADING» МЧЖ ғолиб деб топилган. Танловнинг бошланғич нархи қарийб 18 млрд сўмни ташкил этган.

Шунингдек, МИБ ходимлари учун 685,8 млн сўмга оёқ кийим (қора рангли туфли) харид қилиниши юзасидан ҳам танлов ўтказилган.

Маълумот тариқасида тақдим этилмоқда

@revizor_uzb


Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли ташкилотларига "қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қиш баҳор мавсуми учун заҳира қилиш юзасидан" бошланғич нархи 496 млн сўмлик танлов ўтказилган.

Танловда энг яхши таклифни аниқлаш орқали 495,8 млн сўм нарх таклифини билдирган "AFROSIYOB" хусусий корхонаси танлов ғолиби, иккинчи иштирокчи "PROF SERVIS IMRON" МЧЖ эса заҳира ғолиби деб топилган.

Мазкур танловда ўзаро аффиланган шахсларга тегишли тадбиркорлик субъектлари иштирок этган бўлиши мумкин.

Хусусан, «AFROSIYOB» ХКнинг раҳбари "Narzulayev Alijon Amriyevich" бир вақтнинг ўзида "PROF SERVIS DENOV" МЧЖнинг 100 фоиз улушига эгалик қилади.

"PROF SERVIS DENOV" МЧЖнинг раҳбари "Nazarov Allayar Ruzimamatovich" эса тнловда заҳира ғолиби деб топилган "PROF SERVIS IMRON" МЧЖнинг раҳбари ва ягона таъсисчси ҳисобланади.

Ўтган йили Ҳисоб палатаси томонидан Денов тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимида текширув ўтказилиб, бўлимнинг айрим масъул ходимлари томонидан жами 11,3 млрд сўмлик бюджет маблағлари ноқонуний тарзда ўзлаштирилганлиги аниқланган эди.

@revizor_uzb


Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси «Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази» ДУК томонидан 423 млн 400 минг сўмга бир дона қора рангли «BYD SONG PLUS EV CHAMPION» транспорт воситаси харид қилинмоқда.

Айни пайтда мазкур ташкилотнинг солиқ органларида 9 млн сўмга яқин солиқ қарздорлиги мавжуд.

@revizor_uzb


Рақобат қўмитаси ўрганишлар давомида Тошкент вилояти «Кичик саноат ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси» томонидани монополияга қарши органнинг розилигисиз давлат иштирокидаги корхона ташкил этганини аниқлаган.

Тошкент вилояти «Кичик саноат ва ёшлар саноат зоналарини бошқариш бўйича ягона дирекцияси» раҳбари Ражабов Нурбек Мажидович бир вақтнинг ўзида дирекция муассиси бўлган «UNIVERSAL SERVICE AND MANAGEMENT» МЧЖга ҳам раҳбарлик қилади. МЧЖ шу йилнинг январь ойида ташкил этилган.

Шунингдек, Ражабов Нурбек Мажидович — «HAPPY KINGDOM» МЧЖнинг раҳбари ва таъсисчиси (50 фоиз) ҳисобланади.

@revizor_uzb


«Двухсотка» ремонти учун 106 млн сўм!

«Деҳқонобод калий заводи» АЖ балансидаги «Toyota Land Cruiser 200» русумли (70 230 BAA) автотранспорт воситасини таъмирлаш учун 106,4 млн сўм маблағ сарфлаган.

Ушбу турдаги транспорт воситасининг иккиламчи бозордаги ўртача баҳоси 1 млрд сўмдан зиёдни ташкил қилади.

@revizor_uzb


Бир манзилда жойлашган икки «рақиб» ҳақида

Наманган вилояти ҳокимлигининг «Капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати» ДУК томонидан Чуст туман Гулчор, Садача ва Мустақиллик МФЙ мастер режасини ишлаб чиқиш бўйича бошланғич нархи 334,5 млн сўмлик танлов ўтказилган.

Ушбу танловда 300 млн сўм нарх таклифи билдирган «NAMANGAN SANOAT LOYIHA» ХК танлов ғолиби, иккинчи иширокчи — «ULTRA GROUP» МЧЖ эса заҳира ғолиби деб топилган.

Юқоридаги давлат харидига оид ҳужжатларни ўрганиш давомида танлаш ва заҳира ғолиби айни бир манзилда, яъни Наманган шаҳри Н.Намангоний кўчаси 18 уйда фаолият юритишлари маълум бўлди.


ССВга ҳузуридаги ташкилотнинг танловида ССВ амалдорига тегишли бўлган компания ғолиб бўлди

«Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш марказининг кўп тармоқли клиникаси» давлат муассаси томонидан «Бемор болаларнинг оналарига иссиқ пархез таомларни тайёрлаб етказиб бериш хизмати (аутсорсинг) бўйича энг яхши таклифни танлаш» юзасидан бошланғич нархи 244 млн сўмлик танлов ўтказилган.

2024 йил 31 октябрь жойлаштирилган баённомага асосан ушбу танловда икки талабгор ўз таклифлари билан иштирок этиб, «ORIENT ALLIANCE» МЧЖ 238,7 млн сўм нарх таклифи билан танлов ғолиби деб топилган.

Бир қанча очиқ манбалардаги маълумотларга кўра: «ORIENT ALLIANCE» МЧЖнинг таъсисчиларидан бири (45 фоиз) Хошимов Дониёр Бахтиёрович айни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Саломатлик-3» лойиҳасини амалга ошириш Марказий бюросининг раҳбари ҳисобланади.

registr.stat.uz’га асосланадиган бўлсак, ҳозирги вақтда Хошимов Дониёр Бахтиёрович номи «ORIENT ALLIANCE» МЧЖ таъсисчилари таркибида учрамайди. Чамаси, шу яқин орада таъсисчилар таркибидан чиққан бўлиши мумкин.

Шунингдек, «ORIENT ALLIANCE» МЧЖнинг таъсисчиларидан яна бири (45 фоиз) Хашимов Бахтиёр Арифджанович (Д.Б.Хошимовнинг отаси) узоқ йиллар давомида Соғликни сақлаш вазирлигини иқтисодиёт молия ва прогнозлаштириш бош бошқармасини бошлиғи лавозимида ишлаган ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази Кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланган.

Бундан ташқари, 2023-2024 йиллар мобайнида «ORIENT ALLIANCE» МЧЖ Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги бир қанча ташкилот (марказ ва клиника)лар томонидан аутсорсинг бўйича ўтказилган танлов ва тендерларда ғолибликни қўлга киритиб келган.

@revizor_uzb

12k 2 49 11 3
20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.