Қора қалам


Kanal geosi va tili: O‘zbekiston, O‘zbekcha


«... Қалам билан ва сатрларга ёзадиган нарсалар билан қасам» (Қалам сураси, 1-оят).

Связанные каналы

Kanal geosi va tili
O‘zbekiston, O‘zbekcha
Statistika
Postlar filtri


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Ўзимни адабиётни «авра-астари»ни ағдариб ташлайдиган даражада жуда кўп китоб ўқиганман, дея олмайману, лекин мана бу йигитча ўзбек адабиётига очиқдан-очиқ туҳмат қилибди. Ўткир Ҳошимовнинг «Икки эшик ораси», «Дунёнинг ишлари», «Тушда кечган умрлар» асарларини қайси ақл билан «сариқ адабиёт» дейиш мумкин?!

Видео Ibragimov Ulug'bek саҳифасидан олинди.

✍🏽@qoraa_qalam


#iqtibos
Сайёҳ ҳануз Зулмат ўлкасида эди. Бояги икки кишининг ҳоли қалбини тунд қилар, лекин ўз хоҳиши билан зиёнга кирган кимсаларга нима ҳам дея оларди?..
Олдинда эса яна бир одам кўзга ташланди. Яқинлашгани сари манзара аниқ-тиниқ бўй кўрсатди: у ям-яшил боғлар, зилол сувлар ва ранг-баранг чечаклар қуршовида эди. Не ажабки, шунча ажойиботлар ичра қора кўзойнак таққанча турарди. Сайёҳ бунинг сабаби билан қизиқди:
– Аҳволинг қалай?
– Атрофимни қоронғилик чулғаб олган. Ҳолим жуда ёмон!
– Кўзойнагингни ечсанг, бўлди, бутун гўзалликларни кўрасан.
– Шу ёшгача ечмадим, бундан кейин ҳам ечмайман.
– Кўзларини юмиб олган одам ҳатто кундузи ҳам тун зулматида яшашга маҳкум!
«Уф, қачон тугайди бу зулмат?» деди Одам бу гапга эътибор ҳам бермай. Унинг нолиши Сайёҳни ҳам ажаблантирди, ҳам ранжитди. Гаплари бенафа эканини англагач, шундай деди: «Юрагини зулмат қоплаган одам оқни ҳам қора кўради».

Микоил Адигузелнинг
«Катта шаҳзода» китобидан

✍🏽@qoraa_qalam


«КИЧИК ШАҲЗОДА»НИНГ КАТТА БЎЛИШИ
Ҳарфни таниганимдан бошлаб онам жуда кўп китоб олиб берар эдилар. Китоб танлашда, албатта, дуч келганини олмай, ёшим, дунёқарашимни ҳам ҳисобга олар эдилар. Ўша пайтдаги кичкина кутубхонамдан жой олган ана шундай китоблардан бири Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичик шаҳзода» асари эди. Тўғриси, у пайтда китобдаги асл ғояни тушунмаганман. Кейинчалик яна қайта ўқиганимда ўша пайтда ҳеч нарсани тушунмаган эканман деган хулосага келганман.
Куни кеча қўлимга «Катта шаҳзода» деган бир китоб тушиб қолди. Муқовасидан билдимки, «Кичкина шаҳзода»нинг давоми. Лекин ёзувчиси бошқа экан. Шу баҳона ChatGPTдан «Катта шаҳзода»га оид маълумотларни сўриб кўрдим. Эҳҳе, қўлимдаги китоб бу мавзуда ёзилган биринчиси эмас экан. «Кичик шаҳзода» асарининг давоми сифатида ёзилган асарлар кўп, аммо уларнинг ҳеч бири расмий давом сифатида тан олинмаган экан. Қуйида турли муаллифлар томонидан ёзилган энг машҳур давомий асарлар келтирилган:
1. Жан-Пьер Давид – «Кичик шаҳзоданинг қайтиши» (Le Petit Prince Retrouvé, 1997);
2. Алессандро Скарджина – «Катта шаҳзода» (Il Grande Principe, 2018);
3. Эрнст Ван Алфен – «Кичик шаҳзода ва бешта сайёра» (De Kleine Prins en de Vijf Planeten, 2005);
4. Мартин Калиберда – «Кичик шаҳзода – давом» (Le Petit Prince - La Suite, 2013);
5. Эмилия Вигнерон – «Катта шаҳзода: кичик Шаҳзода улғайганда» (Der große Prinz: Wenn der kleine Prinz erwachsen wird, 2014);
6. Йорданка Минкова – «Катта шаҳзода» (The Big Prince, 2022).
Айрим турк ёзувчилари ҳам «Кичик шаҳзода» асаридан илҳомланиб, китоб ёзишган экан. Масалан, Ахмет Шериф Изгўрен, Севги Сойсал, Мурат Недим, Микоил Адигузел шулар жумласидан. Бу асарлар орқали турк ёзувчилари «Кичик шаҳзода»нинг мавзуларини ўз маданиятлари ва жамиятлари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишган. Ўқиб чиққаним Микоил Адигузелнинг китобидан ҳам шу жиҳатни сезиш қийин эмас. Экзюперининг «Кичик шаҳзода»сидан фарқли равишда Адигузелнинг Шаҳзодаси анча бошқача мулоҳаза юритади, Оврупага хос фалсафадан кўра шарқона тафаккур сезилади.
Бугунги кунда ёмғирдан кейин потирлаб чиққан қўзиқориндек кўпайган таржималардан безиб қолганим учун бу китобни ўқишда иккиландим. Лекин мутолаада бошлаганимда эса анча силлиқ таржима бўлганини сездим. Ҳатто таржимон баъзи ўринларда яхши топилмалар ҳам қилган.
Олтмиш бетдан озгина кўпроқ бу китобнинг асосий қисмини худди «Кичик шаҳзода» китобидаги каби иллюстрациялар эгаллаган. Шунинг учун уни бир ўтиришда ўқиб қўясиз.

✍🏽@qoraa_qalam


«Олмос савдосидан олинмайдиган солиқ, китоб савдосидан олинарди. Чунки олмос сотиб оладиганлардан эмас, китоб ўқийдиганлардан қўрқишарди...»


Мурод Ёниқ

✍🏽@qoraa_qalam


Руснинг уйига ҳам кирди фаҳш, алкаш,
Кўрсатган йўллари шундан бўш, чалкаш.
Шундан туққан жойни ташлаб беоташ,
Қайда иссиқ кўрса тарқашга тушди.

Умидсиз шайтон, деб такрорлаб оят,
Ёлғиз умид билан яшаш жиноят.
Чунки ёлғон яна тўқиб ривоят,
Ўзин янгилашга, бўяшга тушди.

Шунча сабоқ етар, ўзингга ишон,
Ўз ақлинг, хулосанг, кўзингга ишон.
Сўнгги бор ўз ўғил, қизингга ишон,
Бугун шулар сени ўйлашга тушди.

Асли сендан зўрроқ қандай киши бор?!
Бугун ер юзида «Ўзбек иши» бор!
Ҳали ўзбекнинг бир ҳайқириши бор,
Қара, томирларинг титрашга тушди...

Халқ ҳар ижодкорин атайди валий,
Қани эй Отажон, Ортиқ, Шерали?
Халқ учун қўлларни қўлга беравер,
У сўнгги диндорни чорлашга тушди.

Қаранг, янгиланиш деган пешани,
Артди у халқ руҳи маҳкум шишани.
Бугун қайта айлаб азал ишини,
Кўплар орқа-олдин ўнглашга тушди.

Азизлар, дўстларим, қавму қардошим,
Келажак не бўлар, қотди-ку бошим.
Кўзимга ғилтиллаб келмоқда ёшим,
Деманг шоир яна йиғлашга тушди.

Шоир жола тўкса, ўпинг манглайин,
Унинг хабари бор бир гапдан тайин.
Кимники дийдаси қотгани сайин,
Билингки, қалби ҳам музлашга тушди.

Шеърдаги тушкунлик дил гавҳаридир,
Садаф мавқеи ҳам денгиз қаъридир.
Ким деса бу гаплар мендан наридир,
Умрини бошқалар яшашга тушди.

Нега мен бу ўтга жонни тикамен,
Нега мен бу ўтни бекор титамен?
Ҳақнинг дийдорини ўтдан кутамен,
Ўзи олов кўнглим не ғашга тушди.

Истагим, бугунми, эртагами бас,
Ўзбекнинг йўлими, қўлидами бас.
Юрагим рангида бир не бўлса бас,
Кўнглим шуни фақат исташга тушди.

1989 йил

✍🏽@qoraa_qalam


Омон Матжон

ТУРҒУНЛИК ЙИЛЛАРИ ДОСТОНИ

Дунёга синчиклаб тикилган кўзлар,
Мушкул бир ҳолатни пайқашга тушди.
Қай томонга боқманг – бари йўлсизлар,
Толелар айқашу уйқашга тушди.

Етмиш йил эл яшаб Қуръон, Тавротсиз,
Эрлар ночор қолди, аёл авратсиз,
Замон дурадгори асбоб – яроқсиз,
Илма-тешик томни ямашга тушди.

Қор қора ёғмоқда, ёмғир заъфарон,
Дарёлар ўрнида оқмоқда армон,
Ҳар подшо ўзича чиқариб фармон,
Қолганлар бир-бирин булғашга тушди.

Ёқиб бўла келдик газни кўмирни,
Зимистон айлаймиз тез Она ерни.
Кўк ютар бундайин улкан қабрни,
Одамнинг сояси қуёшга тушди.

Ҳар ерда ҳоким ҳақ, арбоблар ғолиб,
Қонун шуларники, шуларда қолип,
Энг катта айбдор бир ёқда қолиб,
Жазони бошқалар ўташга тушди.

На майхона қолди юртда, на меҳроб,
На муқаддас қаср, на азиз китоб.
Не-не олтин бошлар кўролмай офтоб,
Надомат тунида мудрашга тушди.

Ҳайронман сен ўзбек деган миллатга,
Ерингни тўлдирдинг мараз, иллатга,
Не жавоб айлайсан бундай кулфатга,
Қара, пойдеворинг нурашга тушди.

Қани элни яктан этган донолар?
Қани уй файзини тутган момолар?
Қани бирлаш, тиклан деган нидолар?
Ғафлат оғусими ё бошга тушди.

На шомда ишинг бор, на тонгда ёдинг,
Ароқ уйқу бўпти бор эътиқодинг.
Жаҳон саҳнасида ўчмакда отинг,
Номингдан бошқалар сўзлашга тушди.

Кўкда йўқ Улуғбек очган юлдузлар,
Кўҳна Урганчингни емоқда тузлар,
Ер ости конларинг бегона кўзлар,
Излаб, ковлаб, ташиб гизлашга тушди.

Нечун қоралайсан сен ўз ўтмишинг,
Амир ҳам ўз кишинг, хон ҳам ўз кишинг,
Кўрарманми сенинг униб-ўсишинг,
Нечун парвоналар оташга тушди?

Бойқаронг қотилмиш, Темуринг хунхўр,
Мангубердинг зобит, хор, манглайи шўр,
Не хароб миллатсан, борми бирон зўр?
Устунлар тикланмай қулашга тушди?!

Жаннат Ўзбекистон, жаннатинг қани?
Шунча меҳнат қилдинг, меҳнатинг қани?
Сиғинган, суянган давлатинг қани?
Ҳар дайди ит сени талашга тушди.

Ҳеч ким ўз молига қўёлмас баҳо,
Бор-йўғимизни билмайди дунё.
Ҳеч кимдан сўраймай, нетмай не юҳо,
Бу юртдан қурбонлик сўрашга тушди.

Ўзинг бўлсанг эдинг, ўзингга қози,
Ҳар оғир, енгилга бўлардик рози.
Етти ётлар қўйиб носоз торози,
Оқу қорангни каж ўлчашга тушди.

Билганинг, кўрганинг пахта бўлибдир,
Ақлинг, тафаккуринг ахта бўлибдур.
Юз сариқ, жигаринг сўхта бўлибдир,
Наслинг шажараси мудрашга тушди.

Бобом оқ либосга текизмасди доғ,
Замон гулдурсини, эй Раъно ўртоқ!
Сен элдинг дилига солмоқ бўлдинг боғ,
Ўз қўлингни кимлар боғлашга тушди.

Ўзинг, элинг, тилинг нақд сотган ким у?
Бир танда уч сотқин яшагани шу.
Буни шараф билиб нечалар ёҳу,
Даврондан мукофат тилашга тушди.

Давр деворида Қодирий қони,
Шимолга қулади жануб Чўлпони.
Заҳар ичди биллур жом тутган Усмонинг,
Қонли базм соқийсин сўрашга тушди.

Хўш, бугун-чи йўқми ҳеч покгина жон,
Ўн жойда хатланди бир Омон Матжон.
Ким у ҳар сўқмоққа қўйиб минг қопқон,
Ҳар йўлни ким обдон боғлашга тушди.

Киммиш, ўзимизнинг улар – палидлар,
Улар ўзимизнинг Абдулатифлар.
Юлдузлар таъмидан бебаҳра итлар,
Ойни ялоқ қилиб увлашга тушди.

Ким эмиш, барин гоҳ сотган ўзингсан,
Бир-бирингни ғажиб ётган ўзингсан.
Ким бош тикласа тош отган ўзингсан,
Охир ўз бошинг ҳам шу тошга тушди.

Келди Маҳтумқули айтган бир замон,
Унутди яхшилик сўзини ёмон.
Оврупалашмоқда қурт билан илон,
Филлар пашша билан савашга тушди.

Илм бу аслида Тангрининг нури,
Ҳаммага тенг аён эмасдир сири.
Кўпни олим этиб қамчининг зўри,
Шогирд устоз билан курашга тушди.

Кимнинг эри қаттол, кимнинг аёли,
Шундан бир-бирида эмас хаёли.
Ром этиб ўткинчи тулпорнинг ёли,
Кўпларнинг кўзлари ўйнашга тушди.

Азиз нимамиз бор аёлдан бошқа,
Куйиб бўлсалар-да ишда, қуёшда.
Нечун кирмакдалар яна оташга,
Қандай шармандалик бу бошга тушди.

Тортилиш кучидан собитдир олам,
Қуёш теграсида сайёралар жам.
Аслида меҳрдан яралган одам,
Бурч юкидан бўйин товлашга тушди.

Инсон бир туғилар, қайта туғилмас,
Азал бунёдкори қайта уринмас.
Асли рост нарсалар қайта қурилмас,
Ахир ўт бошқаю, сув бошқа тушда.

Не кўрдинг Сталин бўлганда отанг?
Не берди довдирфеъл алкаш Никитанг?
Гўё Брежнев ҳам сенинг ўз хатоинг,
Тирноғингни кимлар ковлашга тушди.


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
ТУРҒУНЛИК ЙИЛЛАРИ ДОСТОНИ

Омон Матжон шеъри

Шеърни муаллифнинг ўзи ўқиган
1989 йил


✍🏽@qoraa_qalam


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
#mulohaza
Тунов куни бир ўзига тўқ акамиз телефон қилиб қолдилар. Салом-аликдан кейин:
– Қизим Қуръонни хатим қилибди. Нима олиб берай десам, «Тафсири Ҳилол», деди. Дўконда борми? Нархи қанча? – деб сўрадилар.
– Маашааллоҳ! Ажойиб-ку! Ҳа, китоб бор. Нархи шунча, – дедим мен ҳам.
– Анча қиммат экан... Ҳа, майли, эртага қўнғироқлашармиз, – дея суҳбатга якун ясалди.
Энг қизиғи эртагасига ҳеч қандай қўнғироқ бўлмади... У аканинг моддий аҳволини билмаганимда индамас эдим. Лекин бирор жойда ўтириб қолгудек бўлса, ўша китобнинг ярим пулини оғринмай тўлаб юбориши ҳам мумкин. Ёки қимматбаҳо машинасининг бир ойлик ҳаражати «Тафсири Ҳилол»дан бир неча баравар қимматлигини ҳам биламан. Лекин бир нарсадан жуда хурсанд бўлдим. Қизалоқ қимматбаҳо телефон ёки шунга ўхшаш нарса эмас, айнан КИТОБ олиб беришни сўраган эди!

✍🏽@qoraa_qalam


#iqtibos
«...Ироқ қўшинлари Эрон ҳудудига бостириб кирди. Саккиз йиллик мудҳиш ва қонли уруш бошланди. Урушда берилган қурбонлар сонига ва қўллаган усулларига кўра бу уруш Биринчи жаҳон урушини эслатарди. Лол қолган жаҳоннинг кўз олдида Исроилнинг иккита ашаддий душмани бир-бирини тилка пора қила бошлади. “Қадим замонлардан бери Парвардигор бунақа туҳфани бизга инъом этмаган эди, – деди Исроилнинг бош вазири Бегин. – Биз, албатта, бу уруш ҳеч қачон тамом бўлмаслиги чорасини кўрамиз”».

Игорь Буничнинг
«Партиянинг олтинлари» китобидан

✍🏽@qoraa_qalam


#ibrat
Қуръон ҳофизи, муфассир, муҳаддис шайх Исҳоқ ибн Роҳавайҳ бўйдоқ ҳолида бир бева аёлга уйланди. Бунга сабаб у аёлда марҳум эридан қолган имом Шофеъийнинг китоблари бор эди. Шайх Исҳоқ мана шу китоблардан ўқиб, фойдаланиш учунгина бева аёлга уйланган эди...
Аввалгилар билан бугунгиларнинг ўлчови ўзгариб кетди. Ким билсин, балки шунинг учун ҳам муаммоларимиз гирдобида ечим тополмай ўралашиб юргандирмиз...

✍🏽@qoraa_qalam


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Республика Маънавият ва маърифат маркази намойиш этади!
«Uy» анимацион фильми.

✍🏽@qoraa_qalam


КЕНГУРУ ВА БЕЛМЕС
Ўн саккизинчи асрда яшаган, ер юзини уч бор айланиб чиққан, талай оролу кўрфазу бўғозларни кашф этган машҳур инглиз сайёҳи Жеймс Кукни албатта биласиз. Унинг аянчли қисматидан ҳабардорсиз. Гавай оролларида ёввойи қабилалар уни тутиб еб юборганлар.
Ўша Кук Австралияга келганда қорин халтасида боласини кўтариб икки оёқда сакраб юрган ажабтовур ҳайвонни кўрибди ва ерли одамлардан, бу нима, деб сўрабди. Улар албатта инглиз тилини билмаган ва бир-бирларига қараб, тушунмадим, деган. Бу сўз маҳаллий халқ тилида кенгуру экан. Сайёҳ дафтарига ўша ҳайвонни кенгуру деб ёзибди ва бу ном дунёга тарқалибди.
Шоҳ Иван Грозний замонида руслар Қозон хонлигини забт этиб, маҳаллий халқ билан мулоқот қилганларида татарлар русча тушунмаганлар, тил билмасликларини айтганлар. Орадан уч юз йил ўтиб руслар Марказий Осиёда ҳам билмасам деган сўзга кўп дуч келдилар. Русчани тушунмаган белмес бўлди. Бора-бора ҳамма гап уқмас, ғалча одамлар белмесга айландилар, балбес бўлдилар.
Зобит халқнинг тилини билмаган, хатини ўқимаганнинг шўри қуриди экан. Полвонларимиз балван, паҳлавонларимиз ахламон бўлдилар. Олиму уламолари, фозилу фузалолари беҳисоб бўлган навоийхон, бедилхон халқимизнинг саводхонлиги икки фойиз ҳисобланди...
Бир вақтлар Москва телевидениесининг «Ералаш» деган ҳажвий кўрсатуви бўларди. Мен бир рус шоиридан ералашнинг маъносини сўрадим. У, ералаш дегани кавардак бўлади, деб тушунтирди. Қозон ковлагандек қўлини айлантирди. Шундан сўнг мен ўзбекча аралаш, қовурдоқ сўзларининг маъносини айтдим. Қовурдоқ қозонда аралаштирилади. Демак сизлар бу сўзни қозондан топгансизлар, дедим. Ҳам ўчоқдаги қозондан, ҳам татар юртидаги Қозондан.
Ералаш сўзини кавардак деб таржима қилингани менга бошқа бир тилмочнинг сўзини эслатди. Ундан амбар нима деб сўраганимда – сарай деб жавоб берган эди.
Ўша оқшом рус тилига кирган туркий-ўзбек сўзлари устида узоқ баҳс бўлди. Пост ҳам, караул ва есаул ҳам, калпак ҳам, штаны ҳам қолмади. Қозоқ дўстим Олжас териб чиққан минг бир сўзнинг ҳаммаси бўлмаса-да, юзга яқини саналди. Москва-река яқинидаги «Балъчуга» меҳмонхонаси номини дўстим ўзича жемчуг сўзига қиёслаб, марварид маъносида деб юрар экан. Дарёнинг балчиқли қирғоғида тикланган бу мусофирхона исми мазмунини эшитгач, ҳафсаласи пир бўлди. Билмаган эканман, деди. Гап келганда белмес сўзининг тарихи устида ҳам суҳбатлашдик.
Дўстим деди:
– Москваликнинг илдизини очсанг, ҳар биридан битта татар топасан, – дейдилар, – рост экан. Тилимизда туркий сўзлар тўлиб-тошиб ётибди. Биз уларнинг кўпини билмаймиз. Аслида белмес деб бизни айтса бўлар экан.

Эркин Воҳидовнинг
«Сўз латофати» китобидан (2014 йилги нашр)

✍🏽@qoraa_qalam


✍🏽@qoraa_qalam


#taqriz
«СЎЗ ЛАТОФАТИ»
Миллатнинг миллатлигини таъминловчи энг биринчи омил бу унинг она тилисидир. Улуғ аллома Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ҳам тилнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бундай деган эдилар:
«Агар биз тил адабиётимизни кенгайтириб, унинг қадр-қимматини ошириб, бошқа маданий тиллар даражасига етқизур эканмиз, мана бу чоғда миллатимиз, миллий ҳиссиётларимиз доимий равишда ўсиб сақлангусидир. Агар бундай бўлмай балки, аксинча, ўз она тили қадрига етмасдан унга аҳамият бермас эканлар, у чоғда кўп узоқламаёқ алвидо айтиб, ўз тилларидан абадий ажраган бўладилар. Шундоқ бўлиб, ўз она тилидан ажрамоқлик, миллий ҳиссиётларини йўқотиш натижасидир. Бу иш эса инсоният олами олдида улуғ хиёнат, кечирилмас жиноят ҳисобланади».
Қалбида озгина бўлса ҳам миллатига, ўз она тилига муҳаббати бор киши беназир ижодкор Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» номли китобини ўқиб чиқиши керак экан. Шунчаки керак эмас, шарт, десак ҳам муболаға бўлмайди.
«Маҳорат мактаби» доирасида ташкил этилган машғулотларда устозларимиздан Баҳодир Карим ҳам, Зуҳриддин Исомиддинов ҳам бу китобни тавсия этишганига қарамай, ҳеч ҳафсала қилмаган эдим. Қолаверса, Озод Шарафиддиновнинг «Адабий этюдлари»дан кейин бу йўналишдаги китобларни ўқишга иккаланиб ҳам тургандим. Лекин «Сўз латофати» ўқишни бошлаганимда чексиз уммон бағрида сузаётган балиқ мисоли сўз оламида маза қилиб «суздим». Айниқса, Навоий ғазалларининг таҳлилига оид мақолалар сўз султони – ҳазрат Навоийни қайтадан кашф қилиш имконини берди.
Шунингдек, адиб муомаладаги сўз, матал, ибораларнинг келиб чиқиши, уларнинг бошқа тилдаги қиёсий таҳлилини жуда маҳорат билан очиб беради. Тўғри, бу фикр-мулоҳазаларнинг аксарияти нисбий характерга эга. Ҳатто Эркин Воҳидов бир жойда бунга алоҳида урғу бериб, «Бу гаплар тилшунос олимнинг ҳукми эмас, бир қаламкашнинг ўйлари холос», деб ўтади.
Китоб аудиторияси чекланмаган. Илмий атамалар, маълум бир соҳа оид тушунчалардан йироқ, ҳар қандай ўқувчи ўқиса, енгил ҳазм қиладиган тилда ёзилган. Мен бу китобнинг 2014 йилдаги нашрини ўқиб чиқдим. 2018 йилдаги нашрида яна муаллифнинг она тилимиз борасида турли йилларда ёзилган рисолалари, матбуотдаги чиқишлари ҳам қўшилиб, салмоғи ошган экан.

✍🏽@qoraa_qalam


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
#ўйларим
Ҳар кимнинг ҳаётида қайсидир маънода ўзига хос кун бўлади. Йиллик байрамлар, ким учундир туғилган куни, тўйи бўлган куни, биринчи бор оталик ёки оналикка эришган куни ва ҳоказо... Лекин ҳаётингиз давомида яна шундай кунлар бўладики, беихтиёр ўша кунни ёдга олганингизда ҳисларингиз жўш уради, ўзингиз билмаган ҳолда бир энтикиб қўясиз. Хаёлингиздан «Қара-я, бир пастда шунча йил ўтиб кетибди» деган ўй ўтади. 26 январь мен учун нечоғли аҳамиятга эга эканини ҳаёт сўқмоқларида мен билан ҳамнафас бўлган, вақти келганда қоқиниб-суринган, озгина умидсизлик учқунлари кўринганда, «Ҳали ҳаммаси олдинда!» дея далда берган қадрдонларим, азиз инсонларим, қалбимнинг бир парчалари, жигарларим, ёрим, ва албатта, жаннатларим – ота-онам яхши билишади. Ҳар қанча шукрона келтирсам ҳам оз!
Озодликнинг ўзига хос ҳиди, таъми бўлади, десам ишонмассиз балки. Буни етти йил олдин ҳис қилиб кўрганман.

Негадир «Шерюрак» фильмининг Уильям Уолсс «Озодлииииик!» деб хайқирган шу жойи роса ёқади.

✍🏽@qoraa_qalam


Ҳар бир ижодкорнинг ўз принциплари бўлиши табиий. Улар менда ҳам бор. Ҳамиша ўзим қаттиқ ишонган, Ҳақиқат деб билган нарсани ёзишга ҳаракат қилдим. Ўқувчи анойи эмас. Жиндай ёлғонни дарҳол сезади. Китобхон назаридан қолиш эса қаламкаш учун фожиа. Ҳақиқий ижодкор қалби буюрганини ёзиши керак.
Китобхон меҳрини ялиниб ҳам, зўравонлик қилиб ҳам, сотиб олиб бўлмайди.


Ўткир Ҳошимов

✍🏽@qoraa_qalam


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Анча аввал «Аёл китоб ўқиса» номли бир мақола ёзган эдим. Мақоланинг ёзилишига muslimaat.uz каналининг «Аёлларнинг китоб ўқишига қандай қарайсиз?» деб берган саволлар сабабчи бўлган эди. Куни кеча шу мақоланинг хулосаси асосида муслиматчилар ажойиб видеоролик тайёрлашибди. Шуни сиз азизларимизга ҳам илиндим.

✍🏽@qoraa_qalam


Video oldindan ko‘rish uchun mavjud emas
Telegram'da ko‘rish
Сиз-чи? Сиз ҳали ҳам китоб дўконига бормадингизми? Қийналиб юрманг деб бир сирни очаман; «Hilol Nashr» бу борада сизга катта ёрдам беради.

✍🏽@qoraa_qalam


#tarix
Ҳофиз Шамсуддин Саховий айтади: «Машҳур муҳаддис, имом Абу Айюб Сулаймон ибн Довуд Шозкуний вафот этганидан кейин бир киши у зотни тушида кўрди ва «Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?» деб сўради. «Аллоҳ мени мағфират қилди», деб жавоб берди имом. «Бунга қайси амалингиз сабаб бўлди?» сўради бояги киши. «Бир куни Исфахонга кетаётган эдим. Йўлда қаттиқ жала қуя бошлади. Ёнимда бир неча китобларим бор эди. Бутун фикрим шу китобларда бўлиб қолди. Агар булар нобуд бўлса, бутун борлиғимдан айриладиган даражага тушдим. Йўлим очиқ чўлдан ўтаётгани учун ён-атрофимда бирорта соябон ёки пана жой йўқ эди. Шунда мен китобларни бағримга босганча имкон қадар ёмғирдан сақлаб қолиш учун рукуъ қилаётган каби букчайиб эгилиб олдим. Ёмғир тинмай қуяр, мен эса букчайганча китобларимни пана қилиш билан овора эдим. Жала тонгга қадар давом этди. Мен бутун тунни шу ҳолатда ўтказдим. Тонг отганда ёмғир тинди ва шундагина мен қаддимни ростладим. Аллоҳ таолога менинг шу ишим севимли бўлиб, шу амалим туфайли У мени мағфират қилди».

✍🏽@qoraa_qalam


Яхши китоб ўз сир-асрорини бир ўқишда фош қилмайди. Уни такрор ўқиганинг сайин тушуниб борасан.


Стефан Кинг

✍🏽@qoraa_qalam

20 ta oxirgi post ko‘rsatilgan.