БЕГОНАЛАШУВ ВА ЎЗЛИК ИНҚИРОЗИ
Одам ўзи яшаб турган жамиятдан бегоналашади баъзида. Бу бегоналашув аввал фикрда пайдо бўлади. Яъни ўзингиз яшаб турган жамиятдаги одатлар, ишончларни қабул қила олмаганингизда бошланади. Фикрий бегоналашув кучайиб борса, хулқий бегоналашувга ўтади. Бу ҳол узоқ давом этса, сўнгидан ёлғизлик келади — атрофинг тўла одам, аммо ёлғизсан.
Ана шу ерда яна бир муаммо юзага келади: ўзлик инқирози (identity crisis). Одам ўзининг кимлигини, дунёдаги ўрнини йўқотиб қўяди, чунки суяйдиган, маънан дастаклайдиган жамият йўқ. Одам ижтимоий жонзот, жамоасиз у қандайдир нонормал вазиятга тушиб қолади.
Баъзида жамият расво бўлиши, ўша бегоналашган одам эса аҳлоқан тўғри йўлда бўлиши ҳам мумкин, баъзан эса бунинг акси. Майли, бу қадриятлар ва аҳлоқ масаласи. Гап бегоналашув ҳақида эди.
Хуллас, илгари асосан нисбатан ўқимишли, мустақил ва саркаш фикрловчиларда бегоналашув кузатилар эди. Ҳозир эса… Ҳозир улар сони анча кўпайган.
Интернет ва ижтимоий тармоқлар қадриятлар плурализмини яратди. Уйингиздан чиқмай бутун дунё қадриятларидан бохабар бўлиш, турли пропагандалар таъсирига тушиш мумкин. Илгари замонларда кўп саёҳат қиладиганлар ахлоқий ва маданий жиҳатдан ўз туғилиб ўсган жамиятидан узоқлашарди. Ҳозир узоққа кетиш шарт эмас. Камига одамларнинг юзма-юз мулоқоти виртуалга кўчгач, жамиятнинг ахлоқий босими ва таъсири камаяди. Ана шунда жамиятда турфа ўзликлар тарқайди. Бу жараённинг, дейлик, ўсмирларга таъсири асорати бир умрлик бўлиши мумкин. Яъни биргина жамиятда ўзаро бегона авлод етишади. Жамият ўзаро бегоналашган одамларнинг тирикчилик учунгина ҳамкорлигидан иборат бўлиб қолади. Ўзлик инқирози ўткир тус олади, депрессияга чалинганлар сони ортади.
Хуллас, илгари оз сонли одамларнинг муаммоси бўлган масала анча кўпроқ одамлар бошоғриғига айланиши мумкин. Аввалги постимда социал медиани “буюк тенглаштирувчи” деган эдим. Ҳа, у ҳатто бегоналаштириш ва ўзлик инқирози масаласида ҳам ҳаммани тенглаштирмоқда.
Мен жамиятда фикрлар, эътиқодлар плурализми бўлиши тарафдориман. Аммо барча турфахилликлар асосида уларни бирлаштириб турувчи фундаментал қадриятлар бўлиши зарур. Масалан, ваъдага вафони ва ростликни ана шундай қадрият ҳисоблайман. Ўзганинг ўзгага зарар бермайдиган хулқига нисбатан толерантликни ҳам фундаментал қадрият деб биламан. Аммо ана шундай фундаментал қадриятлар йўқолса, бундай шароитдаги плурализм шунчаки ижтимоий парокандалик бўлади. Меъёр - ўта бирхиллаштириш ва ўта фрагменталлаштириш оралиғида, фақат уни аниқлаштириб олиш зарур.
Жонатан Ҳаидтнинг "Anxious Generation" китобида буни тасдиқловчи кўплаб тадқиқотлар келтирилган. Менимча, шу китобни ўзбекчага ўгириш керак. Китобда келтирилган ҳолатларга ўзимизда жуда кўп гувоҳ бўлаяпман.
Манбаа:
@khurshidyuldosh