АБДУЛЛА ОРИПОВ ФЕНОМЕНИ
уни англаш ва англатишга янгича ёндашув
Учинчи мақола
Абдусаид Кўчимовнинг “Мен шоирман, истасангиз шу...” китобида Абдулла Орипов давримизнинг мутафаккир сиймоси сифатида тасвирланган. Улуғ шоир ўзи яшаган долғали замоннинг долзарб ижтимоий-сиёсий муаммолари ҳақида гапирадими, бадиий ижод сирлари тўғрисида сўзлайдими, ўзбек ва жаҳон адабиётининг тараққиёт тенденцияларига баҳо берадими, турли авлодга мансуб шоиру адиблар ижодига муносабат билдирадими, атоқли дин олими Анвар қори билан Қуръони карим ва муборак ҳадислар асрори хусусида мубоҳаса қиладими – ҳар қандай ҳолатда теран фалсафий мушоҳада юритган. Билими нечоғлиқ чуқур ва кенг қамровли, тафаккур кўлами нақадар чўнг, интеллектуал даражаси қанчалар юксак эканини намоён этган. Жумладан, мутафаккир шоир истибдод боис миллат руҳиятида пайдо бўлган ва бир неча аср давомида унинг тараққиётдан ортда қолишида, барча соҳаларда инқирозга юз тутишида асосий омил вазифасини ўтаган қуллик психологияси ҳақида мана бундай ёзади: “Қул, биринчидан – сотқин бўлади. Қулнинг қорни тўймайди – косадаги овқатни бутининг орасига қўйиб ичади; қул ҳасадгўй бўлади ¬– ақча берса кетади – ёлланма. Унда шажара бўлмайди. Кейин бир жойда раҳбар бўп қолса, қулдор хўжайинини эслайди. Хўжайиннинг қўлида албатта қилич, қамчи бўлгани ёдига тушади. Менга ҳам қилич керак, дейди. Ўз-ўзидан хўжайинини такрорлайди. Одамларни ё қамчилайди, ё қилич билан жазолайди. Эртанги кун ҳақида тирноқча ҳам тасаввури бўлмайди. Дарахт экмайди, ариқ қазимайди. Шунинг учун гоҳида 850 йиллик қулликдан қутулиб қолганимизга шукр қиламан”.
Бу сўзларни Абдулла Орипов юраги ўртаниб-ўртаниб айтган. Истиқлол учун шукронасини такрор-такрор изҳор этишдан чарчамаган. Жондан азиз севгани – она Ватанни равнақ топтириш, миллат қалбидаги мудроқ ҳолга келган озод руҳни уйғотиб юбориш, уни нурли истиқбол йўлида бирлаштириш – улуғ шоир ана шу муқаддас ишга бутун салоҳиятини, бор иқтидорини бахшида этганини ҳар бир инсофли одам эътироф этади. Шу боис “кўлмак давра” кўрса юраги эзилган, миллатни иллатлардан холи кўрмоқ истаган. Ана шу истак самараси ўлароқ тараққиётга тушов бўлаётган қусурларни аёвсиз фош этган. Миллатнинг номдор зиёлилари ўртасида бирлик ўрнида адоват кўрганда шоир қалби ларзага тушган, изтироб чеккан. Машҳур бир рассом иккинчисининг жасадини Чиғатойга кўмиб қўйишмасин деб югуриб бориб, Минордан қабр ковлатиши, унинг ҳасаддан қорайган кўнглидаги қўрққан ўйи рўёбга чиқиб, ҳукумат қарори билан марҳумнинг Чиғатойга дафн этилиши, орадан бир қанча йиллар ўтиб, вафот этганда, ўзи қаздирган гўрга ўзи қўйилиши ҳақидаги воқеани ҳикоя қилар экан, шоир ана шундай қабоҳат бандаси билан бир заминда яшаганидан ўкинади. Ватан равнақини эмас, ўз ҳавои нафсини, жиғилдонини ўйлаган кимсаларга бўлган нафратини яширмайди. Таниш-билишчилик, кўролмовчилик, маҳаллийчилик, маҳдудлик сингари миллатнинг руҳини сўндирувчи, унинг қанотини қайирувчи иллатларни муолажа этиш осон эмаслигидан қалби ўксийди. Ўз халқини дунёнинг тараққий этган миллатлари сафида кўришни орзу қилади. Ана шу муқаддас ишга жонини-жаҳонини бағишлайди. Бадиада шоирнинг ана шу сифатлари ҳаётий мисоллар орқали таъсирли ифодаланган. Муаллифнинг маҳорати шундаки, ўқувчи гўё ўша гурунгларда бевосита иштирок этади. Ўзини бамисоли ўзга оламга тушиб қолгандек ҳис этади. Донишманд шоирнинг ҳаётбахш ҳикматларидан баҳра олади. У билан биргаликда суйинади, биргаликда куйинади... Давоми...
Нурбой Жабборов