УЙҚУЛИҚ БАХТНИНГ УЙҒОНИШИ
Саҳар чоғида бедор бўлиш – халқимизда энг маъқул кўриладиган одат. Тонгги ибодат, саҳарги дуо файз-барака манбаи деб қаралиши ҳам бунинг исботидир. Халқ мақоллари ва ҳадиси шарифларда шу боис бунга алоҳида урғу берилади. Асарларида миллий руҳиятни теран мазмун ва юксак бадиият уйғунлигида ифодалаган ҳазрат Алишер Навоий қирқ ҳадиснинг назмий шарҳига бағишланган “Арбаъин” асарида халқимиз маънавиятига бевосита дахлдор, миллатимиз дунёқарашининг негизи бўлган масалаларга алоҳида диққат қаратади.
Буюк мутафаккир “Навм ус-субайҳати ямнаъ ур-ризқа” – “Тонгги уйқу ризқни тўсар” мазмунидаги ҳадиси шарифни мана бундай шарҳлайди:
Субҳ уйқусин улки айлар тарк
Ризқу рўзин ўзига тўш кўргай.
Улки ғафлатдин этти навми сабуҳ,
Бу шарафни магарки туш кўргай.
Яъни тонгги уйқуни тарк этган киши ризқ нуридан баҳра олади. Аммо субҳ маҳали ғафлат босиб ухлаган киши бу шарафни тушида ҳам кўра олмайди. “Бу шарафни магарки туш кўргай” – бундай халқона, кўнгилга яқин ибора ўқувчи шуурига чақмоқдай таъсир этади. Муаллифнинг ижодий нияти ҳам айни шу бўлгани аён. Халқ руҳиятига яқин бўлгани учун ҳам ушбу ҳадиснинг шеърий шарҳи жуда таъсирли чиққан. Заҳириддин Бобурнинг: “На хуш бўлғайки бир кун уйқулиқ бахтимни уйғотсам”, деган сатрларидаги “уйқулиқ бахт”да ҳам шунга ишора бордек туюлади, назаримизда.
Энг муҳими, бу каби назм намуналари орқали улуғ Навоий бобомиз замонлар оша барчамизни Ҳақ ёдидан, халқ манфаати йўлидаги эзгу ишлардан ғафлатда қолмасликка, мудом огоҳ бўлишга даъват этиб келаётир.
Нурбой Жабборов