“ТИЛИ ПОКУ СЎЗИ ПОКУ ЎЗИ ПОК...”
Биринчи мақола
Илм йўлига илк қадамим
Кўҳна Шарқ тарихида устознинг мартабаси мудом баланд келган. Ота-она инсоннинг ер юзига келишига сабаб бўлса, устоз илм-маърифат бериб, кўкларга олиб чиқади, деган қараш ҳам бунинг тасдиғидир. Шу маънода, ҳар бир шахс ҳаётида устози ким экани муҳим ўрин тутади.
Устозлар борасида тақдирнинг сийловига мушарраф бўлган бахтиёр одамман десам, асло муболаға эмас. Ҳаётимда замонамизнинг улуғ олими, барча илмсеварлар мураббийси, устозим Азиз Қаюмовнинг ўрни алоҳида. Ёруғ орзу-умидлар, шунинг баробарида, минг бир андиша билан илм остонасига қадам қўяётган кезларимда маърифатнинг нурафшон даргоҳига қўлларимдан етаклаб олиб кирган, тенгсиз ўгитлари билан тўғри йўл кўрсатган бу беназир сиймодан бир умр миннатдорман.
Ҳозирги Миллий университет Ўзбек филологияси факультетининг учинчи курсида ўқир эдим. Қайси бир устознинг этагидан тутишни билмай иккиланиб юрган кезларим... Иттифоқо, факультетимизда Азизхон домла раҳбарлигидаги Ўзбекистон Фанлар академияси Қўлёзмалар институти олимлари билан илмий-ижодий мулоқот ташкил этилди. Учрашув менда шунчалик катта таассурот қолдирдики, мен Азизхон ака сиймосида ўзим орзу қилган устозни кўрдим. Орадан кўп ўтмай, Қўлёзмалар институтига – домланинг ҳузурига бордим. Қўлёзма манбалар бўйича илмий изланиш олиб боришга қизиқишимни айтиб, диплом ишимга раҳбарлик қилишларини илтимос қилдим.
“Бу соҳада илмий иш олиб бориш осон эмас, – деди устоз, – Бунинг учун илм йўлидаги машаққатларга сабр қилиш, заҳматдан ҳам лаззат ола билиш керак. Имтиҳон қилиб кўраман, менинг талабимга жавоб берсангиз, сизга илмий раҳбарлик қиламан”.
Синов куни тайинланди. Устознинг ҳузурига минг бор истиҳола билан келдим. Домла туркий тилдаги қадимий бир қўлёзма мутолааси билан банд экан. Қачон хотирласам, нимагадир Азизхон ака тасаввуримда ўша қиёфада – қўлёзма мутолаа қилаётган суратда намоён бўлади. Кейинчалик ҳам қачон ҳузурига борсам, ҳеч қачон у кишини дам олиб ўтирган, чой ичаётган ёки телевизор томоша қилаётган ҳолатда кўрмаганман. Балки мен фақат шундай кезларда учрагандирман, ҳар ҳолда қачон борсам, устоз ҳамиша китоб ўқиётган бўлар эди. Дарвоқе, устознинг синовидан қандай ўтганим ҳақида сўзлаётган эдим. Азизхон ака қўлидаги қўлёзмани узатиб, кўрсатилган саҳифадан ўқиб беришимни сўради – равон ўқидим. Кейин столдан форс тилидаги бошқа бир қўлёзмани – гўзал хат билан кўчирилган ғазални кўрсатди, бир оз хатолар билан бўлса-да, ўқиб бердим.
– Таржима қилинг-чи.
Устознинг салобатиданми, таржимага қийналганимданми, пешонамни тер босди. Домланинг ёрдами билан таржимани ҳам амалладим.
– Араб тилини биласизми? Манбашунос албатта бу тилдан ҳам хабардор бўлиши зарур.
Университетнинг шарқ тиллари факультетида очилган кечки курсларда араб тилини ўрганаётганимни айтдим. Устоз бир варақчага: “Аълимун било амал, касаҳобун било матор” деган ҳикматни ёзди. Атиги бир неча кунгина муқаддам араб тили дарсида бу ҳикматни ўрганганимиз учун осон ўқиб, енгил таржима қилиб бердим. Мақол: “Илмига амал қилмаган олим бамисоли ёмғирсиз булутдир”, деган маънони билдиради. Кейинчалик ўйласам, устоз бу ҳикматни фақат шунчаки синов учунгина эмас, илм остонасига илк қадамларини босаётган талабага олим қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўгит бериш учун ҳам тавсия этган экан. Ёш шогирдига: “Олимлик истасанг, илминга амал қиладиган олим бўлгин!” – деган талабни қўйган эканлар. Давоми...
Нурбой Жабборов