ИСКАНДАР ДЕВОРИНИНГ СИРИ
“Хамса”нинг сўнгги бешинчи достони “Садди Искандарий”ни ёзишга киришишдан аввал ҳазрат Алишер Навоий буюк жаҳонгир тарихини қунт билан ўрганган. Бундан буюк мутафаккирнинг “Тарихи анбиё ва ҳукамо”ни “Хамса”дан кейин ёзган бўлса ҳам, бу тарихий асар учун зарур бўлган материалларни анча аввал тўплай бошлагани аён бўлади. Ушбу асарда “Искандар Зулқарнайн Ёфаснинг тўртинчи ўғлидур”, деган хабар берилади. Искандар ўзигача ва ундан кейинги барча ҳукмдорлардан афзал экани, ҳаким ва валий бўлгани, баъзилар уни пайғамбар деб ҳисоблагани айтилади. Тўрт юз ҳаким унинг хизматида бўлгани, Арасту унга вазирлик қилгани, яъжуж-маъжужларга қарши садд – девор қургани, Марв, Ҳирот, Самарқанд ва Исфаҳон шаҳарларини Искандар бунёд этгани васф этилади. Буюк шоир бу материаллардан унумли фойдаланган бўлса ҳам, Искандар образини Қуръони каримнинг “Каҳф” сурасидаги Зулқарнайн қиссаси асосига қуради. Барча тарихий-илмий ва бадиий-тарихий асарларда Искандар Зулқарнайннинг инсоният учун энг аҳамиятли хизмати яъжуж-маъжужларга қарши девор қурдиргани экани таъкидланади. “Садди Искандарий” достонининг номланишидан асар сюжети ва композициясигача ана шу тарихий воқеа асос қилиб олинган. Алишер Навоий достони бу жиҳатдан буюк салафлари Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий асарларидан фарқ қилади.
“Каҳф” сурасида, жумладан, қуйидагича хабар берилади: “Сўнгра, у яна йўл олди. То (кетаётиб) икки тоғ орасига етиб келгач, (у тоғлар ортида) бирор гапни англай олмайдиган қавмни учратди. Улар: “Эй Зулқарнайн, шак-шубҳасиз, (шу тоғлар ортидаги) Яъжуж ва Маъжуж (қабилалари) Ер юзида бузғунчилик қилгувчилардир. Бизлар сенга бир (миқдор) тўлов тўласак, биз билан уларнинг ўртасига бир сад чекиб (бир тўғон қуриб) берурмисан?” дедилар. У (Зулқарнайн) айтди: “Парвардигорим менга ато этган (салтанат) сизлар берадиган(мол-дунёдан) яхшироқдир. Бас, сизлар менга (мол-дунё билан эмас, балки) куч-қувват билан ёрдам беринглар, мен сизлар билан уларнинг ўртасига бир девор бино қилай. Сизлар менга темир парчаларини келтиринглар”. То темир парчалари иккала тоғ билан баробар бўлгач, (Зулқарнайн: “Босқонлар билан”) дам уринглар”, деди. Бас, қачон у (темир-терсакларни қиздириб) ўт қилгач (эритгач), деди: “Менга эритилган мис ҳам келтиринглар, у (темир парчаларининг) устидан қуюрман. Энди улар у (тўсиқ) устига чиқишга ҳам, уни тешиб ўтишга қодир эмаслар”. “Бу Парвардигорим томонидан бўлган бир марҳаматдир”. Ана шу воқеанинг бадиий тасвири Алишер Навоий достонининг асосини ташкил этади. Искандар Ғарб ерларини эгаллагач, Шимолга йўл олиши; Рум йўлида Рус ва Фаранг ҳудудларидан ўтиши; ҳаётдан умидини узган, тушкун бир қавмга дуч келиши; уларнинг Искандарга қўрқинчли қиёфадаги яъжуж-маъжужлар ҳужум қилиб мол-жонини талон қилаётгани ҳақида шикоят қилиши; Искандарнинг яъжуж-маъжужлар ўта олмайдиган мустаҳкам девор қурдириши. Достондаги бошқа барча тасвир ва талқинлар ана шу қуръоний воқеа негизига қурилади. Бу эса Алишер Навоийнинг эътиқоди буюк адиб сифатидаги фаолияти билан нечоғлиқ уйғун эканини кўрсатади.
Достоннинг бешинчи бобида “Хамса” беш вақт намозга қиёсланади. Буюк мутафаккир уни тўлиқ адо этмоқни бурч деб билади. Маълум бўладики, “Хамса” туркий халқлар бадиий-эстетик тафаккурининг юксак намунаси бўлиши баробарида ислом маърифати акс этган беназир ахлоқий-таълимий манба ҳамдир.
Нурбой Жабборов