Яна бир муҳим интервью: бу сафар иқтисодчи Стивен Дурлоф биланЎтган йили дунёнинг бир қатор етакчи университетлари профессорлари билан суҳбатлашиш имконияти бўлганди. Шулардан бири — Чикаго университети профессори Стивен Дурлоф.
Бу суҳбат эълон қилиниши анча кечикканига қарамай унда биз учун анчадан буён актуал бўлган ва ҳали бери актуал бўлиб қоладиган мавзуларда сўз борган. Мени Дурлофнинг айниқса қуйидаги фикрлари ўйлантирди:
Камбағалликка қарши курашда энг муҳим восита инсонларнинг ҳаётидаги танловларга чуқур таъсир қилувчи таълим сифатини яхшилаш ҳисобланади. Шунингдек, тенгсизликка қарши курашишнинг ҳам энг самарали усулларидан бири юқори сифатли таълимни ривожлантиришдир.
Таълимни ривожлантириш беш ёшдан кичик болалар масаласида, айниқса, муҳим. Илм-фанда бу бўйича жуда кучли далиллар мавжуд. Болаликнинг илк даврларидаги таълим жуда самарали ҳисобланади. Турли хил контекстларда, ривожланиш даражаси жуда хилма-хил бўлган мамлакатлар мисолида бу даврдаги инвестициялар индивидуал даражада келажакдаги даромадлар нуқтаи назаридан жуда юқори қайтимга эга экани ҳақида жуда кучли эмпирик далиллар мавжуд.
Лекин шунга қарамай, инсон капитали ривожланиш учун зарур, лекин етарли шарт эмас. Бунга энг ёрқин мисол жуда юқори инсон капитали ва жуда самарасиз иқтисодиётга эга бўлган Совет Иттифоқи ҳисобланади.
Таълимдаги тенгсизлик ҳаёт сифатида катта фарқларни келтириб чиқаради.
Мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий барқарорлиги ижтимоий шартноманинг қай даражада бажарилишига боғлиқ.
Даромадлар тенгсизлиги даражаси юқорироқ экани уни қайта тақсимлаш усули камбағалликни келтириб чиқараётганидан бўлиши мумкин.
Яхши жамиятда болалар келиб чиқишидан қатъи назар, турли хил ҳаёт йўлларидан кета олиши керак. Улар қайси йўлни танлаши ўзига боғлиқ, лекин асосий нуқта шуки, уларда танлаш имконияти бўлиши лозим.
Ҳар бир жамиятда ўзига хос бир тор йўлак мавжуд бўлиб, шу нуқтадан ўтиб олган инсоннинг ҳаётида кўп яхши нарсалар содир бўлади. Ва мана шу йўлакни кенгайтиришга уриниш тенгсизликни камайтиришнинг фундаменталь усули ҳисобланади.
Аҳолининг бир қисми бошқалардан узилиб қолса ва бир хил имкониятларга эга бўлмаса, бу жуда узоқ давом этувчи тенгсизликларни келтириб чиқаради.
Оналар таълимининг болага таъсири оталар таълимидан кўра кўпроқ.
ХХI асрда ғалаба қозонган давлатлар аҳолининг каттароқ қисми ўз салоҳиятини рўёбга чиқараётган давлатлар ҳисобланади. Аҳоли потенциалининг ярмидан воз кечган давлатлар, дейлик аёллар таълимда дискриминацияга учраётган мамлакатлар ютқазади. Ҳар бир инсоннинг потенциалини рўёбга чиқара олганларгина ғолиб бўлади.
Хитой камбағалликни камайтириш йўлида сиёсий эмас, иқтисодий ислоҳот қилди. Улар аста-секин бозорни юзага келтиришга рухсат беришди. Бу эса ҳукумат назоратидан ташқаридаги иқтисодий фаолият учун макон яратди. Лекин муҳим жиҳати шуки, ҳукумат бу имкониятни берди. Бу ҳолатда ҳукумат халқни «кишандан озод қилди», дейиш мумкин. Лекин буни тўғридан-тўғри ҳукуматнинг ўзи бошқаргани йўқ — гап шунда.
Ëш иқтисодчиларга маслаҳатларЯхши иқтисодчи кўникмаларини ривожлантириш учун иложи борича эртароқ иқтисодиётдан ташқари нарсаларга сармоя киритинг. Улардан бири — оддий математика, чунки иқтисодиётда тушунчалар одатда математика тили орқали формаллаштирилади. Шундай қилиб, одамнинг математик қобилиятлари қанчалик яхши бўлса, у шунчалик тезроқ муҳим илғор тадқиқотлар ўтказа олади.
Иккинчи нарса: иқтисодиётдан ташқари ижтимоий фанларни тушунишга сармоя киритишдир. Бошқача қилиб айтганда, яхши иқтисодчи бўлиш учун психология, социология, антропология ва сиёсатшуносликни чуқур ўқиш керак. Биз сўз юритаётган ҳодисалар: тенгсизлик, камбағаллик, барқарор ўсишнинг нафат иқтисодий, балки ҳокимият томони ҳам бор.
Суҳбатни тўлиқ
мана бу ҳавола орқали ўқиш мумкин. Қуйидаги ҳавола орқали эса тинглаш ва томоша қилиш мумкин:
https://youtu.be/21G6rxN5le0