Қўшнининг косаси (Ибратли ҳикоя)
– Қизалоғим, бориб бувингга қараш. Бугун эҳсон беришаётган экан. Мен ишдан қайтгач бораман. Ҳеч йўқ, ул-бул обкеб бериб турарсан.
Кичкина эдим. Онамнинг бу сўзларини эшитиб, бормайман, деб хархаша қила бошладим. Шунда онам мен рад этолмайдиган сабабни кўрсатди:
– Қизим, эҳсонда хизмат қилиш савоб. Борақол!
Бордим. Анча-мунча ярим-ёрти ишларга қарашдим. Хизмат қилаётган келинойиларнинг болаларига қараб турдим. Келганимдаёқ бувимга: «Савоб топиш учун келдим. Менга кўпгина иш буюринг», дегандим. Шунинг учун бўлса керак, хизмат қилишга шай турганлар кўплигига қарамай бувим имлаб чақириб қолдилар. Учиб бордим.
– Қизалоғим, каттароқ косага совуқ чойдан тўлдириб қуйиб кел. Анорхон бувинг кўп чанқайди.
Югургилаб кетдим. Идишлар орасидан энг катта косани танлаб чой қуйиб келдим. Бувим идишни олдилар-да, унга синчиклаб қарадилар:
– Бу қўшнининг косаси-ку. Жойига олиб боргин-да, бошқасига қўйиб кел.
– Чойни ичиб олсинлар, кейин...
– Бўлмайди, қизим, ҳозироқ обор. Мени қарздор қилиб қўйма!
Бувимнинг буйруқларини бажардим. Аммо уларнинг сўзларини тушунолмай роса қийналдим. Кўп идиш синдирганим учун шунақа қилдилар, деб бола кўнглим бир оз ранжиб ҳам олди. Аммо меҳмонлар кетгач, бувим шубҳаларимни тарқатдилар ва галдаги унутилмас сабоқни дилимга жойладилар:
– Болажоним, бояги гапимдан ранжиган кўринасан? Сен олиб келган бояги косада кеча қўшни овқат чиқарган экан. Ундаги таомни ейишга ҳақимиз бор, аммо косани ишлатишга асло ҳақимиз йўқ. Чунки қўшни уни бизга ишлатиш учун бермаган. Агар ишлатсак, қўшни ҳақига хиёнат қилган бўламиз. Арзимасдек туюлган бу нарса бўйнимизга бировнинг ҳақи деган улкан қарзни илади. Бировнинг ҳақини бу дунёда ўтамасанг, қиёматда, тўлов учун савобдан бўлак ҳеч вақойинг бўлмаган, ҳар бир савоб ўзинг учун керак бўлган пайтда тўлайсан. Шунинг учун бу борада эҳтиёткор бўлиш керак. Қўшнига косасини олиб кириб, унга рухсатингизсиз чой қуйиб қўйдик, рози бўлинг, деб сўраб чиққин!..
Бугун ушбу воқеани ёдга оларканман, дилимда қўрқув пайдо бўлди. Эҳ-ҳе, мен қанчадан-қанча идишларга эгаларининг рухсатисиз «чой қуйиб» қўйганман. Ёру биродарлар, қўни-қўшнилар, сизларнинг қанча «идишлар»ингиздан рухсатсиз «фойдаландим», қанча ҳақларни бўйнимга илдим. Уларнинг тўлови қиёмат кунида гарданимга тушмаслиги учун ҳаммангиздан розилик сўрайман.