1.
Мани ёзғирма, эй қисмат,
ўзимдан ўзга келганман.
Чаманлар кулгуси ўчган,
Ёмғирваш кузда келганман.
Ким атлас, ким кимхоб учун,
Мен эса бўзга келганман,
Таъмсиз, эски дунёсига –
Бир ҳовуч тузга келганман.
Кўнглимни титмаки ғаним,
Санга кўз-кўзга келганман,
Дедилар: ишқ-касалманддир,
Ишқи қақнусга келганман
Адаштирди мани ранглар,
Ғамангиз тусга келганман.
Ёнар гулхан аро жоним,
Ўйлама, музга келганман.
Умримни кашта қилсин деб
Чевар-гулдўзга келганман.
Ким бўлсанг ҳам йўлимдан қоч,
Мардона сўзга келганман,
Афсона сўзга келганман.
2.
Мен созман,
Қўлингда созлангувчи соз,
Томирларим чертар ишқнинг нохуни,
Барглар шивирлашин
Соласан менга,
Сен менга соласан саргардон кунни
Чайқалиб боради умрим сояси, –
Куз ғазабин еган гулдай бемажол,
Куйларинг қаърида нимадир пинҳон,
Куйларинг қаърига тўлдим эҳтимол
Ҳар куни созлайсан янги оҳангга
Куйлар оқиб келар дард чорбоғидан.
Сесканиб кетади бечора ҳаёт
Чарчаган юрагим қалтироғидан
Мен созман.
Чаласан жилмаяди ғам,
Чаласан бадтарроқ куяди саҳро.
Айт, ахир, бормидим ўзимдан аввал,
Бормидим, куйингда бўлмагунча жо.
Мен созман, қўлингда
Эскирган бир соз,
Шимаман борлиқнинг маҳзун ўйини.
Илоҳий созандам,
номини айтгин,
Менда чаладиган сўнгги куйингни.
Мен созман қўлингда
Созлангувчи соз…
3.
Бу қайсар ғул ғула жонимдан келур,
Умрим ларзалардан ҳеч олмади тин.
Нени қораладим, нени куйладим
Мен ҳам шоирманми ўзингиз айтинг?
Қачон ўз ғамимдан ортиб,
оғринмай –
Ўзгалар дардига бўлолдим шерик
Ахир, қочмадимми,
бемор ҳақиқат –
Наъра тортганида шердай:
Мен тирик!
Ойнинг ёғдусига ғарқ
бўлиб, танҳо,
Лоф урдим ишқимнинг
гулистонида
Ғализ эди манда, қувонч ҳам
бахт ҳам
Нимани ахтардим зулмат қонидан
Нега мен яширдим ўзимни тунга,
Тонглар жарангига қилмадим парво
Нега ер қаъридан манзил ахтардим,
Йўқлаб келганида гоҳида само
Шоирлик бахтмиди ёки бахтсизлик.
Мен қайси тарафдан келдим сўз томон.
Ичимда инграйди миллион йиллик дард:
Сенинг шоирлигинг ёлғондан, ёлғон…
Ахир халқ кўнглига боргувчи йўлни
Қайғулар синдириб ташлади чил-чил.
@halima_ahmad