Бир шаҳарда Аллоҳга ишонмайдиган даҳрийлардан бири ўша юртнинг мусулмон уламолари билан тортишмоқчи бўлди. Уламолар ораларидаги энг кучли олимни у билан тортишиш учун танладилар. Тортишув куни ҳам белгиланди. Белгиланган кун етиб келгач, ҳамма уламолар ҳалиги олимнинг келишини кута бошлашди. Лекин у айтилган вақтдан кеч қолди. Шунда ҳалиги мулҳид (Худога ишонмайдиган) ҳозир бўлганларга қарата: “Олимларингиз қўрқиб, қочиб кетди. Чунки, мен ғолиб чиқишимни ва бу коинотнинг илоҳи йўқлиги исбот қилишимни билди” деб керилди. У шундай деб гапириб турган пайтда бояги олим киши кириб келди. Кеч қолгани учун барчадан узр сўради ва кеч қолишининг сабабини қуйидагича изоҳлади: “Мен бу ерга келаётганимида йўлда дарё бор экан. Ундан сузиб ўтгани қайиқ тополмадим. Қирғоқда бироз кутиб турдим. Шунда тўсатдан дарёда бир нечта тахталар пайдо бўлди. Қараб турсам, ҳалиги тахталар бир-бири билан тартибли тарзда бирикиб, қайиқ ҳолига келди. Кейин ўша қайиқ мен томонга сузиб келди. Мен унга миндим ва дарёдан ўтиб, сизларнинг олдингизга келдим. Шунинг учун бироз кеч қолдим”. Бу гапларни эшитган мулҳид: “Бу одам жинни экан. Қандай қилиб ҳеч бир дурадгор устасиз оддий, жонсиз тахта бирлашиб, қайиққа айланади?! Оддий тахта ҳеч кимсасиз бир ўзи қандай қилиб ҳаракатланади?!” деб масхара қилди. Шунда олим киши табассум қилиб: “Ахир ўзинг “Бу улкан коинот ҳеч бир яратувчисиз ўз-ўзидан пайдо бўлган” демаганмидинг?! Битта қайиқнинг ўз-ўзидан пайдо бўлганига ишонмаяпсан-ку!” деди.
———
Bayyina.uz | Taqviym.uz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!
Telegram | Instagram | YouTube
———
Bayyina.uz | Taqviym.uz
Ижтимоий тармоқларда бизни кузатинг!
Telegram | Instagram | YouTube