Мактабни битириш арафасида эдим. Устозларимиз кунда кун ора синфимизга кириб ким бўлишимиз, қайси касбни танлашимиз, битириб қайси коллежга ҳужжат топширишимиз ҳақида сўрашарди.Синфдошларимнинг аксарияти ҳуқуқшунослик, бухгалтерия ва шунга ўхшаш мутахассисликларни танлашини айтишарди. Мен эса орзум амалга ошиши учун ҳаракат қилмаган бўлсам-да, болаликдаги фикримдан қайтмас эдим. Уйдагиларим эса йўналтиришни исташмас эди. Шунда бобомнинг касбини танлайман, деб туриб олганим эсимда.
Мактабни тамомлаб, ўжарлик қилиб ўзимиздаги коллежда нефть газ бўйича ўқидим. Аммо... Иккинчи босқичга ўтганимда қизиқишларим тубдан ўзгариб кетди. Ҳар бир инсоннинг нимагадир эришишига кимдир сабабчи бўлади дегандек ота-онам тушунмаса-да, бобом ва раҳматли бувимга айтганимда фақат уларгина мени қўллаб-қувватлашди.
Ота-онам коллежни битирмасимдан Россияга ишлаш учун юбормоқчи бўлганида ҳам, журналист бўлишимга қаршилик кўрсатишганида ҳам уларнинг қўллаб-қувватлови ва кўмаги, дуолари билан мен энг қийин вазиятларда ҳам ўзимда куч тополдим, интилдим, изландим. Бу муқаддас инсонларнинг олдида қарзимиз кўп. Қанча хизматларини қилсак ҳам узолмаслигим аниқ.
Эсимда, ҳафтанинг ҳар пайшанба куни эрталаб катта эшикка кириб шаҳарга бориб келиш учун бобомдан пул олардим. Ота-онамга ўқишга кетдим, дердим. Ўша пайтларда газеталарда материалларим чиқишини шу икки инсон интиқлик билан кутарди. Чиққанида эса мендан ҳам кўпроқ қувонувчи ҳам шу инсонлар эди.
Аллоҳнинг иродаси билан бувим бизларни эрта тарк этдилар. Минг афсус, бугунги ютуқларимни кўриш муштипарим, меҳрибонимга насиб қилмади. Лекин алҳамдулиллоҳ бугун бобом олдимдалар.
У кишининг қўллаб-қувватлашлари, дуолари, маслаҳатлари туфайли бугун мен Умиджон Мамарасулов бўлиб юрибман.
Ҳаётдаги қаҳрамонинг ким деб сўрашса ҳеч ўйланмай оппоқдадам дейман. Ҳа, ҳақиқатан ҳам юзларидан нур таралиб турувчи, уйимизнинг фариштаси, меҳрибонлик ришталарини ушлаб турувчи бу инсон бизларнинг чинакам қаҳрамонимиз.
Бугун қарилик гаштини сураётган оппоқдадамнинг таваллуд куни. Нақд 85 ёшга тўлди. Бобожон, бугун олдингизда бўлмасам-да, туғилган кунингиз билан табриклайман. Илоҳим сизни сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик ҳеч қачон тарк этмасин. Бизга 100 га кирганингизда ҳам бош бўлинг.
@Jurnalist_kotib