Абдулла Орипов
НАСИҲАТ
Ёшлик ортда қолди, турдинг оёққа,
Азму шижоатни унутма, болам.
Насиҳат ёқмайди энди қулоққа,
Ақлу фаросатни унутма, болам.
Бу дунё аслида алдамчи бозор,
Унда лўттибозу нокаслар бисёр.
Сен мардлар қошида мард бўлгил, зинҳор
Хайру саховатни унутма, болам.
Балки дастурхонинг доим мўл бўлмас,
Омад ҳам ҳамиша чарақлаб кулмас.
Ким айтар, суянган падаринг ўлмас,
Сабру қаноатни унутма, болам.
Ёвуз кимсалардан айлагил ҳазар,
Уларнинг қалби пуч, тиллари заҳар.
Ахтара-ахтара дўст топсанг агар,
Меҳру садоқатни унутма, болам.
Оғам деб кимлардир силар бошингни,
Укам деб еб кетар биров ошингни.
Минг бир тарозига солар тошингни,
Макру хиёнатни унутма, болам.
Каслар бор, қадрингни гоҳо билмаслар,
Гоҳо билсалар ҳам кўзга илмаслар.
Гарчанд улар сенга парво қилмаслар,
Фазлу диёнатни унутма, болам.
Турфа синовларга дуч келгай инсон,
Гоҳида шодондир, гоҳида нолон.
Чорасиз қолсанг ҳам, лекин ҳеч қачон
Адлу адолатни унутма, болам.
Қадамда учрагай азизлар хоки,
Йўлингни ёритгай ақлу идроки.
Илоё, руҳлари шод бўлсин, токи
Зикру зиёратни унутма, болам.
Нодонлик белгиси – ҳавойи ғурур,
Оллоҳ душманидир кимки такаббур.
Мағзи тўқ бошоқнинг эгилишин кўр,
Сирру синоатни унутма, болам.
Айтурман мен сенга ушбу гапни ҳам:
Билиб қўй, ғоятда гўзалдир олам.
Бироқ пайти келса, тепамда бир дам
Сидқу тиловатни унутма, болам.
✍ 2004 йил март