Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш масалаларини адвокатура ЎЗИ ҳал қилиши керак, суд эмас!
Маъмурий судлар томонидан 2024 йилда биринчи инстанцияда адвокатлик лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳамда тугатишга оид
95 та иш кўрилиб,
50 та адвокатлик лицензиясини тўхтатиб туриш ва
13 та адвокатлик лицензиясини тугатиш ҳақида қарорлар
чиқарилибди.
95-50-13=32. Демак, адлия органи орқали судга киритилган адвокатларнинг лицензиясини тўхтатиб туриш ёки тугатишга оид 32 та мурожаат қаноатлантирилмаган. 32 та интизомий иш бўйича малака комиссияларининг қарорлари ҳавога учибди. Шу 32 танинг орасида 6 ойлик муддат ўтиб кетгани муносабати билан ножўя хатти-ҳаракат содир этган адвокатга интизомий жазо қўллаш рад қилинган ҳолатлар ҳам бўлса керак, албатта.
Яна ўша гап: интизомий жазо чораси сифатида адвокатлик лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш масалаларини адвокатуранинг ўзига қайтариш керак! Бу ваколатнинг судларга ўтказилиши катта хато бўлган.
Чунки:
биринчидан, бу адвокатура мустақиллигига зид, қонун бўйича ўзини ўзи бошқарувчи ташкилот бунақа масалаларни ҳам ўзи ҳал этиши керак;
иккинчидан, маъмурий судлар самарали ечим бўла олмаяпти: малака комиссиясининг адвокатлик лицензиясини тўхтатиб туриш ёки тугатишни сўраб қилган мурожаати, судлардаги иш юкламаси ва бюрократия сабаб ойлаб кўрилмаслиги мумкин, натижада эса ножўя хатти-ҳаракат содир этган (масалан, ишонч билдирувчини алдаган) адвокатнинг қинғир ишларини давом эттиришига йўл қўйилмоқда. Қолаверса, судьялар кўп ҳолларда малака комиссияси сўраган муддатни бермаяпти, яъни комиссия хулосасида 4, 5 ёки 6 ойга тўхтатиб туриш сўралган бўлса 1-2 ой билан чекланяпти...
Муаммоларимизни ўзимиздан яхшироқ ҳеч ким билмайди.
Интизомий иш натижаларига кўра лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатишни ҳал қилиш Олий малака комиссияси ва ҳудудий малака комиссиялари тимсолида адвокатура ҳамжамиятининг мутлақ ҳуқуқи бўлиши шарт!
Жуда бўлмаганда, суд комиссиянинг тугатиш қарори устидан шикоят қилинадиган апеллятив орган бўлиб қолсин.