#танқид
Ота аёли ва уч нафар фарзандини қолдириб, олис сафарга отланди. Фарзандлари отасини жуда қаттиқ яхши кўришар ва ҳурмат қилишар эди. Ота биринчи мактубини йўллади. Фарзандлар хатни юзларига суртдилар, ўпдилар, аммо уни очиб ўқимадилар, уни артиб-суртиб, эҳтиёт қилиб олиб қўйдилар. Баъзида улар мактубни олиб, устидаги чангларини артиб, яна авайлаб-асраб олиб қўяр эдилар. Ота юборган кейинги мактублар ҳам очилмай шу тарзда эҳтиёт қилинди.
Йиллар ўтди. Ота ўз оиласига қайтиб келди, аммо уйда биргина ўғилдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Ота: “Онанг қани?” – деб сўради. Ўғил: “Онам оғир касалга чалинди. Уларни даволатишга пулимиз йўқ эди, вафот этдилар!” – деди.
– Нега ундай бўлди? Биринчи хатимни очмадингларми? Мен сизларга маблағ юборган эдим-ку!
– Йўқ.
– Аканг қани?
– Акам ёмон болалар билан танишиб қолди, онам вафот этгани сабабли унга насиҳат қилиб, тўғри йўл кўрсатадиган ҳеч ким йўқ эди, акам ўша дўстларига қўшилиб бизни ташлаб кетди.
– Нега ундай бўлди?! Мен ахир унга ёмон шериклардан узоқ бўл, деб ёзган насиҳатларимни очиб ўқимадими? Мен унга ёнимга боргин, деб ёзиб юборган эдим-ку!”
– Йўқ, очиб ўқимадик!
– Опанг қани?
– Опам сиз айтиб кетган йигитга турмушга чиқди, аммо унинг турмуши яхши бўлмади.
Отанинг жаҳли чиқиб кетди:
– Ахир мактубларимни ўқидингларми?! Мен опангга у йигитга турмушга чиқмаслигини, у йигит ҳақида ёмон гап-сўзлар эшитганимни ёзиб юборган эдим-ку!
– Йўқ. Биз мактубларни мана бу чиройли қутига авайлаб-асраб солиб қўйган эдик, фақат баъзи-баъзида уларни олиб ўпиб, юзларимизга суртиб қўяр эдик, аммо бирор марта очиб ўқимабмиз! – деди.
Мен бу оила ҳақида фикрлаб кўрдим. Отанинг мактубларини ўқимай, улардан фойдаланмай қанчалар ночор аҳволга тушиб қолди бу оила. Улар мактубларни авайлаб-асраш билан кифояландилар, холос.
Шундан сўнг Мусҳафга қарадим... Уйимдаги китоб жавонимда чиройли муқованинг ичидаги Қуръони карим... Оҳ, мен нотавон!
Ахир, мен ҳам отанинг мактубларини ўқимай, эҳтиётлаб, олиб қўядиган ўғилларга ўхшаб Аллоҳнинг бандаларига юборган рисоласини ўқимай олиб қўйибман-ку!
Наҳот, мен уни ўқимасам, ундан фойдаланмасам! Ахир, у ҳаётимнинг дастури бўлса. Шу заҳоти Аллоҳга истиғфор айтиб, мусҳафни қўлимга олдим ва уни ҳеч қачон тарк этмасликка қарор қилдим!
Бошқаларга ҳам улашинг