#Мақола
Ўсиб келаётган жамият бизнинг келажагимиз
Муқаддас Ислом динимиз барча инсонларни ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, сулҳи-салоҳда, тинчлик-омонликда яшашга тарғиб қилади. Самовий китобларда ҳам, тинчликни, омонлик ва сулҳни талаб қилган. Қуръони карим уруш чиқариш йўлидаги фитнани энг ёмон одат туси деб ҳисоблаган. Динларнинг бирортаси зулмни қотилликни, хунрезликни, одам ўлдиришни ёқламаган, аксинча, меҳр-оқибатли, инсонпарвар, раҳм-шавқатли бўлишга чорлаган. Тинчликка раҳна солиш, жамият равнақи ва халқ фаровонлигига зиён етказиш, тоифаларга бўлиниб, ўзаро низолашишнинг қораланиши ҳам Исломнинг тинчлик ҳақидаги таълимотининг асосини ташкил этади. Хусусан, Қуръони каримнинг "Ҳужурот" сурасининг 9-оятидаги ўзаро низоларни яшариш, келишиш йўли билан ҳал этиш, жамиятдаги тинчликка тахдид қилишда, тажовузкорлик ва зўровонликда давом этадиганларга нисбатан қатъий ва тезкор чоралар кўриш зарурлиги қайд қилинганини таъкидлаш зарур. Ҳадиси шарифда Анас ибн Молик(розияллоҳу анҳу) дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (саллалоҳи алайҳи васаллам): " Эй Анас! Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинчлик ва омонда бўлишни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлиш берилса, нажот топибсан"деб марҳамат қилганлар. Чунки тинч юртда хотирхотиржамлик қарор топади. Фарзандлар эмин-эркин камолга етади. Жамият эса ҳар томонлама юксалади. Шунинг учун ҳам биз доимо тинчлик, меҳр-оқибатни ўзида мужассам этган муқаддас Ислом динимизни пок сақлаш, уни турли ҳил ғаразли хуружлардан, туҳмат ва бўҳтонлардан ҳимоя қилиш, унинг асл моҳиятини униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга тўғри тушунтириш, Ислом маданиятининг эзгу ғояларини кенг тарғиб этишни долзарб вазифа сифатида биламиз. Шунингдек Ислом динини ниқоб қилиб, ўзларининг ғаразли мақсадларига эришишга уринаётган ҳаракат ва кучларга қарши доимо сергак ва ҳушёр туриш зарурлигини яна бир бор таъкидлаймиз. Фарзандларимизга маънавий ҳимояни кучайтиришимиз, динимизнинг тинчлик ва меҳр-оқибат дини эканлигини уларнинг онгига чуқур сингдиришимиз керак.
Учқўрғон туман отинойиси Қурбанова Ақилахон манбалар асосида тайёрлади.
t.me/ziyoislom