ЯПОН ВА ЎЗБЕК АЁЛИНИНГ ТОЗАЛИККА МУНОСАБАТИ!
Ассалому алайкум, хурматли ўқирманлар. Япониядаги саргузаштларимиз давом этади.
Бугун бир Ўзбек опамиз аудио хабар жўнатибдилар. Хабарнинг мазмунини ўзимни услубимда тушунтиришга ҳаракат қиламан) "Услубинг қурсин! 1,5 километр қилиб узуууунн қилиб ёзасанда бошқа нима ҳам қилардинг?" деб урушиб берманг тағин) Китоб ўқимай қўйганларга ҳеч бўлмаса пост ўқитиб, кўзларини узунроқ матнларга ўргатиб турайлик. Ажабмас, узун постдан китоб ўтиб кетишса))
Хуллас, у опамиз Япониянинг бир чекка вилоятида магистратурада ўқибдилар. Кейин, докторантурада ўқиш учун Токиога келишга мажбур бўлганлар. Токиога келганлар, янги уй олиш керак, ижара тўловлари дегандек. Бир сум пул қолмаган. Ўзбекистондагилардан сўрай деса, кимсан Японияда юриб яна қарз сўраб бўладими? Яқинларини наздида Японияда пул дарахтда ўсиб ётибди) Овқатланишга ҳам пул қолмаган. Сиқилиб осмонга қараб, "Доктор бўлишга бало бормиди менга, дугонам Шарапатга ўхшаб эрга тегиб, эримни топганини мазза қилиб еб ётмайманми?" деб хўрсиниб турса, телефонига тинг-тинг деган хабар келибди. Очиб қараса, олдинги ижара уйининг эгасидан:
МЕН 35 ЙИЛДАН БЕРИ УЙИМНИ ИЖАРАГА БЕРАМАН. ЛЕКИН, СЕНДЕК ТОЗА-ОЗОДА ЯШАГАНИНИ КЎРМАДИМ. СЕНИ МИЛЛАТИНГ ДУНЁДАГИ ЭНГ ОЗОДА МИЛЛАТ ЭКАН. КАРТАНГА ОХИРГИ 3 ОЙЛИК КВАРПЛАТАНГНИ ҚАЙТАРИБ ТАШЛАБ ҚЎЙДИМ. РАҲМАТ СЕНГА деган хат эмиш. Опамизни хурсандлигини тасаввур қилаверинг.
Энди бяғини мендан эшитинг. Анча йиллар олдин, оиламни Ўзбекистонга жўнатиб юборган эдим. Ўша пайт мен билан ишлайдиган бир МИЯЗАВА деган Япон уйга келди. Уйни тозалигини кўриб томи кетиб қолганди. Аслида, аёлим тозалайдигандек тоза эмасди. Лекин, кўпчилик Японларни уйини олдида тозамисан тоза эди-да. Бизни аёллар "Вой бу ҳамма жой ивирсиб кетибди-ку" дейдиган уй Японларни уйини олдида чинни-чироқдек сарой) Айтганча, расмдаги уйни расмини бир Япон қиз, "Сизларда ҳам шунақами, эй компанияда ишлайдиганлар?" деб ўз сахифасига қўйибди. Уни тарафдорлари "Ҳа" дегандек қилиб лайкни босиб ташлашган!
Шунақа гаплар азизлар. Биз кўча куйни қандай озода тутишни Японлардан ўрганишимиз керак. Японлар уйни қандай саранжом-саришта тутишни биздан ўрганиши керак. Бизни тозалик-озодаликка ўргатган онахон, момоларимизга гулдурос қарсаклар! Қадриятларимиздан айланай, динимиздан айланай, миллатимиздан айланай.
Айтганча, мен кўрганимни бор гапни ёзаябман. Мени дилимни оғритиб, калла қўювчилар бўлмасин. Мен жуда бошқача одамман. Айтишларича мен туғилган пайтимда роддомда чироқ ўчиб қолган экан. Бечора доя энди киндикни қандай кесаман қоронғуда кўзимни зренияси паст деб хавотир ола бошлаганда, минг йилда бир бўладиган ходиса юз берибди. Осмонда қаттиқ момоқалдироқ бўлиб, КАТТА АЙИҚ туркумидаги юлдузлар ерга яқин кела бошлабди. Ой ҳам бошқача чиқиб, Зухро юлдузи бутун бошли роддомни ёритиб юбориб, анави зренияси паст доя ҳам мени чиройимни кўриб кўзойнаксиз ҳам яхши кўрадиган бўлиб кетибди. Кейин... Бўлди, бўлди эртак бўлиб кетди а? 😁 Ҳеч нарса бўлмаган. Худди сизлардек вариллаб йиғлаб туғилганман)) Барчангизга яхши кайфият тилайман!
https://t.me/BahodirIskandarov