20-25 ёшларда мусофир юртга кетиш ҳудди ўлишдек гап. Сен бошқа бир мамлакатга кетасан, маҳалла-кўй, синфдошлар, танишлар сени нари борса бир ҳафта сўрашади ёки эслашади.
Шу бир ҳафта давомида сени четга кетганингни ҳамма билади, фалончи четга кетибди деб гапиришади, ундан кейин эса ҳеч ким эсламайди. Ҳамма ўз ташвиши билан ўзи овора бўлади…
Сен эса, ўзга юртда ҳотираларинг билан яшайверасан. 5 балким 10 йилдан кейин Ватанга қайтасан. Бу орада сендан 5 ё 10 ёш кичик болалар етилган, энди уларни даври бошланган бўлади.
Сен 10 йил олдинги шижоатинг билан қолиб кетгансан, кўчаларни тўлдириб юргинг, ёшлик даврини, давронини сургинг келади, чунки айни шу даврон суриш вақтида “сургансан”, лекин энди сени даврингни бошқалар эгаллаган. Сен кетишингдан олдинги ёш-ёш “чурвақалар” забт этган.
Сени тенгқурларинг, синфдошларинг ҳаммаси уйлик-жойлик, оилалик, энди сен уларга ҳам қўшила олмайсан, энди уларни ўз муҳити, қўрғони бор…
Сен энди на у дунёдасан, на бу дунёдасан…
Қайсидир орзу ҳаваслар деб, ёшлигингни йўқотдинг.
Сени, шу ерда қолганлар ҳавас қиладиган ҳамма нарсанг бор, лекин улар совуриб юборган, ёшлик, завқ-шавқ сенда йўқ…
Энди сен улғайганингни ҳис қиласан, ҳаётга бошқа кўз билан қарайсан. Ўткинчи ошна-оғайнигарчилик, бир кўришда ёқтириш каби туйғулар шунчаки қуруқ сафсата, аслида ҳаёт сен кўриб турганингдан кўра шафқатсизроқ, сен англаганингдан кўра теранроқ эканини тушунасан…
Shoxruh Mirzo |
@YaasinUz