Кетиши аниқдир келган ҳар меҳмон,
Сенинг кетишингдан дилгинам вайрон.
Сенга жоним қурбон, сенга жон қурбон,
Хайр, ойлар султони Моҳи Рамазон!
Минг ойдан афзалроқ Рамазон ойим,
Ризқ ва насибага, иймонга бойим.
Сени соғинаман ўйласам доим,
Хайр, ойлар султони Моҳи Рамазон!
Кўзимдан ёшларим ўрмалаб бир-бир,
Ҳали кетмасингдан куяди бағир.
Сен-мен хайрлашиш оғирдан оғир,
Хайр, ойлар султони Моҳи Рамазон!
Қанча-қанча дилга солдингку ором,
Кўрсатиб бизларга эъзоз, эҳтиром.
Яхшилик, тоатга қилган эдинг ром,
Хайр, ойлар султони Моҳи Рамазон!
Бир йилда бир бора йўқлаган ойим,
Қоринмас, кўнглимни тўқлаган ойим.
Кўриш насиб этсин яна, илойим,
Хайр, ойлар султони Моҳи Рамазон!
P.S.: Келгуси Рамазон ойига соғлик ва омонликда етишиш барчамизга насиб этсин!
@Amina_Aisha