Wildlife of Uzbekistan | Ўзбекистоннинг ёввойи табиати


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Природа


Ўзбекистоннинг ёввойи табиати ҳақидаги канал
🔸 facebook.com/wildlifeuzb
🔸 facebook.com/groups/293848307338903
🔸 instagram.com/wildlifeuzb

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Природа
Статистика
Фильтр публикаций


Мана 2024 йил ҳам жадаллик билан ортда қолмоқда, янги йилнинг кириб келишига эса саноқли кун ва соатлар қолмоқда. Биз барчангизга 2025 йилда бахт-саодат, янги мувафаққиятлар, шу юилан бирга агар йўлингизда тўсиқлар ёки қийинчиликлар дуч келса, уларни худди ушбу митти кулранг олахуржун қандай тарзда тақирликни босиб ўтаётганлиги каби зафарли тарзда бартараф этиб, олға юришингизни ва мақсадингизга эришишингизни тилаб қоламиз.

Кул ранг олахуржун | Grey Hamster | Cricetulus migratorius

🇺🇿 Устюрт платоси
📷 Мария Грицина
📅 14 май 2023 йил

Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🎄
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Болтаютарларнинг бош қисми, кўкраги ва оёқлари тўқ қизил-жигарранг тусдаги патлар билан қопланган бўлади. Ушбу «модапараст» қушлар патларини мунтазам равишда нам қизил лойга ишқалаб ўзларига жило бериб юришади. Олимлар болтаютарларнинг бундай ҳатти-ҳаракати сабабини аниқлай олишган. Илгари сурилган қарашлардан бири бўйича қизил тупроқ таркибидаги темир оксиди қушнинг патларидаги микробларни нобуд қилар экан. Болтаютарлар баъзан кўкракларидаги патларини ўзларининг тухумларига ишқалаб туришлари ҳам қайд этилган, шу тарзда тухум сиртида жойлашиб олган микробларнинг зарарсизлантирилиши тахмин қилинади.

Болтаютар | Бородач | Lammergeier | Gypaetus barbatus

📕 Ўзбекистон Республикаси Қизил Китоби
🇺🇿 Жиззах вилояти, Пешағар дараси
📷 Тимур Абдураупов
📅 23 февраль 2024 йил
➡️
Батафсил

#qushlar #qizilkitob

Рус тилида 🦅
Telegram Birds.uz
Facebook Birds.uz
Instagram Birds.uz


Тушки қумсичқонлар қиш мавсумида анчагина мураккаб тузилишдаги ва узунлиги 3 метргача етадиган ин ковлашади. Бундай инларда 10-15 та қумсичқон қишловни ўтказиши мумкин. Ушбу уяларда албатта шувоқ, шўра, янтоқ ва бошқа чўл ўсимликларининг уруғлари захира қилинган алоҳида «омборхона» ҳам бўлади. Тушки қумсичқонлар одатда қишки уйқуга кетишмайди, ноқулай совуқ кунларда улар «омборхоналаридаги» захирага асралган овқатларни ейишади ва жон сақлашади.

Тушки қумсичқон | Midday Jird | Meriones meridianus

🇺🇿 Бухоро вилояти, Қоракўл ҳудуди
📷 Тимур Абдураупов
📅 25 сентябрь 2023 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🐹
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Бўз эчкемарлар одатда ўзларининг яшаш ҳудудларини бошқа турдошларидан ҳимоя қилишмайди, лекин ҳудудда огоҳлантириш белгиларини қолдиришади. Эчкемар белги «ўрнатаётган» пайтда оёқ панжаларига қаттиқ таянган ҳолда клоакаси, яъни чиқариш тешигини ерга қаттиқ босиб маълум бир масофагача судралиб боришади, қумни гуёки «дазмол» қилишади ва энсиз жипсланган йўлакча (затир) қолдиришади. Кўпчилик ҳолларда йўлакчада эчкемар думининг қумга чуқурроқ ботган изини ҳам кўриш мумкин. Бу эчкемарнинг ғазабланганлиги ёки безовта эканлигидан далолат беради. Эркак эчкемарлар бундай изларни бошқа эчкемарлар қолдирган излар устида ёки ҳали из қолдирилмаган жойларда, шунингдек, у учун аҳамият касб этадиган жойлар, яъни қумсичқонлар колонияси атрофида ёки тунни ўтказиш жойларида қолдиришади. Катта ёшдаги урғочи эчкемарлар бундай огоҳлантириш белгиларини камдан-кам ҳолларда, шунда ҳам бошқа урғочи жинсдошининг излари устида қолдиришади.

Бўз эчкемар | Серый варан | Desert Monitor | Varanus griseus

📕 Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби
🇺🇿 Қизилқум чўли
📷 Мария Грицина
📅 14 май 2016 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🦎
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Тақабурунлар оиласига мансуб кўршапалакларнинг кўзлари жуда кичкина бўлади, шу билан бирга уларнинг кўриш майдони жониворнинг тумшуғидаги катта бурни ҳисобига янада қисқаради. Кўршапалаклар айнан шу беухшов бурни ёрдамида эхолокация, товуш орқали мўлжал олиш учун овоз чиқаради. Олимларнинг фикрича, кўршапалак бурнидаги кўп сонли бўрмачалар ёрдамида жисмдан қайтган товуш тўлқинини атрофдаги тўсиқлар ва ҳалақит берувчи омилларни камайтирган ҳолда қабул қилади.

Тақабурунларнинг скелет тизими ўзига хос хусусиятга эга бўлган ҳолда шаклланган. Мисол учун, уларнинг тос суяклари бир мунча редукцияланган ҳолатда бўлади. Шу сабабли кўршапалак текис жойда юриши ва ҳаракатланиши қийин. Одатда тақабурун парвоз қилиб келгач бошпанасининг юқори қисмига оёқлари билан ёпишиб олишади 🤸🏻, зарур пайтда бошларини пастга қилиб осилиб туришади. Мабодо кўршапалак бошпана шифтидан тушиб кетишса, улар ерда ноқулайликка дуч келишади. 😢

Ҳинд тақабуруни | Индийский подковонос | Indian Horseshoe Bat | Rhinolophus affinis

🇺🇿 Молгузар тоғлари
📷 Мария Грицина
📅 9 декабрь, 2023 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🦇
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Ушбу 1995 йилда олинган фотосуратга разм солсак, тасвирда яққол кўриниб турган отдан ташқари узун ва эгилган тумшуқли қушни ҳам кўриш мумкин. Ушбу фототасвир ингичка тумшуқли балчиқчи тўғрисидаги сўнгги фотогувоҳлик ҳисобланади. Ўтган асрнинг бошларида ушбу тур вакиллари учиб ўтиш даврида Оролбўйи минтақасида мунтазам учратилган, лекин, уларнинг учраши тўғрисида маълумотлар ХХ асрнинг иккинчи ярмида табора камайиб борди. Афсуски, мазкур йилда ингичка тумшуқли балчиқчи қирилиб кетган тур сифатида тан олинди.

Ингичка тумшуқли балчиқчи | Тонкоклювый кроншнеп | Slender-billed Curlew | Numenius tenuirostris

📍 Марокаш, Гарб-Шрарда-Бени-Хсен
📷 Карл Оверман
📅 13 январь 1995 йил
➡️
Батафсил

#qushlar

Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🪶
Telegram Birds.uz
Facebook Birds.uz
Instagram Birds.uz


Сибирь тоғ эчкиси асосан денгиз сатҳидан 1000 метрдан баланд бўлган қояли тоғларда ҳаёт кечиради. Тоғ эчкилари тик ва яланғоч қояларга чаққон тирмашиб чиқади, ҳавф туғилганда қоядаги унгир ёки чиқиқ жойларга жойлашиб олиб жон сақлашади ёки чарчаган пайтда дам олишади.

Сибирь тоғ эчкилари учун кузнинг охири ва декабрь ойининг бошлари жуфтлашиш даври ҳисобланади. Бу вақтларда тоғ эчкиларининг эркаклари, яъни такалар тажовузкор бўлиб қолишади, шу билан бирга улар урғочи гуруҳларига қўшилади ҳамда ўз атрофида урғочи эчкиларни тўплаб «ҳарам» ҳосил қилади. Урчиш даври декабрь ойининг ўрталаригача давом этади, шундан кейин такалар урғочи гуруҳларни тарк этишади ҳамда алоҳида гуруҳларга тўпланишади.

Сибирь тоғ эчкиси | Сибирский козерог | Siberian Ibex | Capra sibirica

🇺🇿 Тошкент вилояти, Чаткал дарёси водийси
📷 Тимур Абдураупов
📅 11 сентябрь, 2024 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🐐
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Катта қумсичқон чўлларда ҳаёт кечиради. Чўлнинг кескин ва оғир иқлим шароитида катта қумсичқон учун тупроқ етарли даражада юмшоқ бўлиши, шунингдек, қиш фаслида маълум чуқурликдаги заминнинг музламаслиги муҳим аҳамиятга эга. Қумсичқон ана шундай жойларни ўзига макон сифатида танлайди.

Катта қумсичқонлар асосан кундузги ҳаёт тарзини мақбул кўради. Қишда улар уйқуга кетмайди, кўпроқ вақтни инларида ўтказади, лекин қуёшли ва илиқ кунларда фаол бўлади.

Катта қумсичқон | Большая песчанка | Great Gerbil | Rhombomys opimus

🇺🇿 Бухоро вилояти, Денгизкўл кўли
📷 Тимур Абдураупов
📅 7 октябрь, 2024 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🐭
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Тоғ деҳқончумчуғи Ўзбекистон ҳудуди учун уяловчи, қишловчи ва учиб ўтувчи қуш тури ҳисобланади. Ушбу қуш тури вакиллари тоғларнинг денгиз сатҳидан 2800-3000 метр баландликдаги ҳудудларигача кўтарилишади, бу ерларда асосан сийрак бутазорлар ва қоялардаги арчазорларда учрайди. Миграция, яъни кўчиш даврида деҳқончумчуқлар водийларга тушишади ҳамда йирик гуруҳлар ҳосил қилишади, уялаш жойларида эса улар жуфт-жуфт ҳолда учратилади. Жуфтлашиш ва уя қуриш даврида нар (эркак) деҳқончумчуқлар дарахт ва буталарнинг тепасига ёки қоянинг чиқиб турган жойларига қўниб олган ҳолда баланд овозда сайраб куйлашади.

Тоғ деҳқончумчуғи | Горная овсянка | Rock Bunting | Emberiza cia

🇺🇿 Ҳисор тоғи
📷 Релиса Грановская
📅 9 сентябрь 2021 йил
➡️
Кўпроқ билиш учун

#qushlar

Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🏔
Telegram Birds.uz
Facebook Birds.uz
Instagram Birds.uz


Мева танаси бир неча соатдан бир қанча кунгача яшайдиган замбуруғлар орасида трутовиклар ёки пўкак замбуруғлар энг узоқ яшайдиган вакиллар ҳисобланади. Уларнинг мева танаси ўзига хос қаттиқ тўқимали тузилмага эга бўлиб, дарахт танасида ёки ёғочда ёпишган ҳолда пайдо бўлади. Улар дарахт танасида йиллик ҳалқалар ҳосил қилган ҳолда бир неча йиллар давомида ўсади.

Фототасвирдаги ясси трутовик ёки ясси пўкак замбуруғи инглиз тилида рассом замбуруғи маъносида аталади. У бу номни бекорга олмаган. Замбуруғ қалпоғининг пастки қисми, яъни гименофори оқ тусда бўлиб, агар унинг бу қисми сиқилса тўқ жигарранг тусга киради. Таёқчани олиб замбуруғга ҳоҳлаган тасвирни чизиш мумкин, замбуруғ қалпоғини қуритиб ижод маҳсулингизни сақлаб қўйсангиз ҳам бўлади.

Ясси пўкак замбуруғ | Трутовик плоский | Artist's Conk | Ganoderma applanatum

🇺🇿 Тошкент
📷 Динара Адилова
📅 27 октябрь 2024 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 👨‍🎨
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Ўзбекистонда халқ табобати соҳасида тегишли рухсатномаси бўлмаган фуқаролар инсонларга тиббий ташҳис қўйиш ва даволаш ишларини амалга оширган ҳолатларга доир маъмурий жавобгарлик белгиланди lex.uz, бундан ташқари халқ табобатида рухсат этилмаган услубларда хизмат кўрсатиш бўйича рекламалар бериш ҳам таъқиқланди.

Биз муқаддам сохта табиблар томонидан саратон ва жигар циррозига чалинган беморларга эчкемар гўштини истеъмол қилиш даво эканлиги, уларнинг буғма илонлар, чумчуқ ва типратиканларнинг гўштларидан тайёрланган овқатлар эса барча касалликларга даво бўлиши ҳақида кўрсаводларча кўрсатмалар берилаётганлигига доир бир неча бор маълумотлар тақдим этган эдик. Сохта табиблар томонидан беморларни даволаш ниқоби остида ҳануз кўплаб заҳарли илонларни рухсатсиз овлаш ҳолатлар амалга ошириб келинмоқда ва она табиатга катта зарар келтирилмоқда.

Бу тарздаги «даволаш» амалиёти фақатгина табиатга зарар келтирмайди ёки табиат қонунчилигининг бузилишигагина сабаб бўлиб қолиш билан бир қаторда беморлар «муъжизакор» даволаниш умидида тиббиёт ходимларининг малакали ва тўғри муолажаларга доир кўрсатмаларига амал қилмаслиги натижасида ўзларининг ҳаётини ҳавф остида қолдиришади.

Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида ⚖️
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Гўнг замбуруғлари гўнгхўр қўнғизларга фақат номланиши жиҳатидан ухшаш бўлиб, улар шампиньонлар оиласига мансуб замбуруғ авлоди ҳисобланади. Гўнг замбуруғи деб аталишига сабаб уларнинг чириндиларга бой жойларда кўпроқ учратилиши холос. Гўнг замбуруғларининг айрим турларини шаҳарларда ҳам учратиш мумкин, шу билан бирга уларни заҳарли поганка замбуруғи билан адаштиришади (😊 поганка номи қушларнинг бир турига нисбатан ҳам айтилади). Гўнг замбуруғини поганка деб аташтириш хато, чунки оқ гўнг замбуруғинни ҳали унинг қалпоқчаси ёрилмаган ва пластинкалари оқиш тусда бўлган ёш даврида бемалол истъемол қилса бўлади. Замбуруғ етук ёшга етган даврда унинг пластинкалари қора тусга киради, ҳатто утмишда улардан сиёҳ тайёрлашда фойдаланилган.

P.S. Замбуруғлар бўйича мутахассислар томонидан тури аниқланмаган замбуруғларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди, чунки соғлигингиз учун бу ҳавф туғдиради.

🇺🇿 Тошкент шаҳри
📷 Динара Адилова
📅 10 октябрь 2024 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🍄
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Қарағай дарахтида шохларнинг бу зич тўпланиши нима? Бу кимнингдир уясими? Еҳтимол, у ерда баъзи қушлар яшайди, лекин улар уни «қурмаган». Жодугар супурги деб аталадиган нарса (нопок кучларнинг ҳам бунга алоқаси йўқ 😊) ўсимликка турли хил паразитар организмлар — замбуруғлар, вируслар, бактерияларнинг айрим турлари, шунингдек соматик мутациялар туфайли зарар етказиши натижасида юзага келади. Қизиғи шундаки, паразитлар иштирокисиз мутациялар натижасида ҳосил бўлган жодугарнинг супургиси баъзи игнабаргли дарахтларнинг митти шаклларини олиш учун ишлатилиши мумкин: мутацияга учраган куртаклар оддий ўсимликка пайванд қилинади.

🇺🇿 Тошкент
📷 Динара Адылова
📅 25 октябр 2024


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🧙‍♀️
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Шоқол дарё водийларининг тўқай ўсимликларида ва ут чакалакзорларида яшайди. Уларни ичида у ўз уясини қуради. Агар шоқол таъқиб қилинмаса, у катта аҳоли пунктлари яқинида жойлашади ва кўпинча ахлатхоналарда юради. Шоқол деярли хамма турдаги усимлик ва хайвон овқатлари билан озиқланадиган ҳайвондир.

Шоқолнинг ўзига хос номи — Canis aureus — сўзма-сўз «олтин ит» деб таржима қилинади ва у мўйнанинг ёзги рангини тасвирлайди. Қишда қора рангнинг кўпроқ аралашмасига ега.

Шоқол ёки чиябўри | Шакал | Golden or Indian Jackal | Canis aureus

🇺🇿 Зарафшон Миллий Боғи
📷 Наталья Мармазинская
📅 27 феврал, 2024 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🐺
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Катта узунбурун балчиқчи узининг анчагина узун тумшуғи билан ажралиб турадиган йирик балчиқчи қуш ҳисобланади. Балчиқчи ушбу тумшуғи ёрдамида ер юзасидан ва саёз сув ҳавзаларида ўлжа қидиради, тупроқ ва қум тагидан уларни топиб ейди. Катта узунбурун балчиқчи йирикроқ гуруҳлар ҳосил қилган ҳолда миграция қилади, яъни кучиб ўтади. Қушни бошқa қушлардан унинг ўзига хос бўлган «куу-ли, куу-лии» оҳангидаги сайроғи овозидан таниб олиш мумкин.

Катта узунбурн балчиқчи | Большой кроншнеп | Eurasian Curlew | Numenius arquata

🇺🇿 Тошкент вилояти, Туябўғиз сув омбори
📷 Андрей Ожегов
📅 30 сентябрь, 2023 йил
➡️
Батафсил

#qushlar

Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🦅
Telegram Birds.uz
Facebook Birds.uz
Instagram Birds.uz


Таниқли рус ҳайвонотшунос тадқиқотчиси Алексей Юрьевич Целлариус бундан 30 йиллар муқаддам эчкемарларни уч тоифага, яъни «ўтроқ», «кўчманчи» ва «дайди» эчкемарларга ажратган эди.

Эчкемарларнинг аксарият қисми маълум бир ҳудудда, асосан 40 гектардан 150 гектаргача бўлган майдонда ўтроқ ҳаёт кечиради ва улар «ўтроқ» тоифасидаги жониворлар ҳисобланади. Уларнинг турли ёш тоифасидаги, кўпроқ 4-8 ёшдаги эркак ҳамда урғочи вакиллари маълум бир чегараланган ҳудудда ўтроқ ҳолда яшаши мумкин. Барча ўтроқ ҳаёт кечирувчи эчкемарлар баъзан қисқа муддатга ёки бир неча кунгача ўзлари яшайдиган ҳудуд сарҳадларини тарк этиши кузатилади. Шу билан бирга, агар бошқа ҳудуд эчкемарга қулайроқ шароитга эга бўлса шу ҳудудга кўчиб жойлашиши ҳам мумкин.

«Кўчманчи» эчкемарларни ўтроқларидан асосан йирик ва 10 ёшдан каттта ёшдаги эркак эчкемарлар ташкил этиши билан фарқ қилади. Кўчманчи эчкемарнинг яшаш ҳудуди бир нечта участкалардан иборат бўлиб, ушбу участкалар орасидаги масофа 10 километргача бўлиши мумкин. Эчкемарнинг бир участкадан бошқасига бир кун мабойнида кўчиб ўтади. «Кўчманчи» эчкемарлар кўчиш учун сафарга чиққанда ўзига тегишли участкадан бошқа ҳудудда тунаб қолмайди, йўл давомида ов қилмайди ҳамда бошқа турдошларининг изларига эътибор ҳам қаратишмайди.

«Дайди» тоифасига мансуб эчкемарлар эса ўларининг доимий яшаш ҳудудларига эга бўлмайди ҳамда уларнинг орасида катта ёшдаги эркак ва урғочи эчкемарлар кўпчилик эмас, шу билан бирга «дайдилар» сафида урғочилар жуда кам учрайди ҳамда улар учун бу ҳолат вақтинчалик ҳисобланади. «Дайди» эчкемарларнинг аксариятини уч-тўрт ёшдаги ёш эчкемарлар ташкил этади. Бундан ташқари, эчкемарларнинг бошқа ҳудудларга кўчиб ўтишида уларнинг озуқа базаси ҳолатига боғлиқлигини ҳам эътиборга олиш лозим.

Бўз эчкемар | Серый варан | Desert Monitor | Varanus griseus

📕 Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби
🇺🇿 Қизилқум чўли
📷 Тимур Абдураупов
📅 13 апрель 2015 йил


#qizilkitob

Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🦎
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Куз фасли кўпчилик туёқли ҳайвонларнинг урчиш даври ва мазкур даврдаги никоҳ ўйинлари кечадиган мавсум ҳисобланади. Табиат улар учун ушбу даврни бежиз танламаган, чунки урчиш даври кузда бўлиб ўтганлиги сабабли уларнинг болалари баҳорда, яъни ҳайвонларнинг асосий озуқа манбаи бўлган яшил майсалар авж олиб ўсаётган даврда дунёга келишади.

Айни дамларда Зарафшон миллий табиат боғида яшовчи бухоро буғулари – хонгуллар урчиш даврини ўтказишмоқда. Бу даврда нар буғуларнинг баланд овозларини бир неча чақиримдан эшитиш мумкин. Улар бундай пайтда кучли асабий тарзда безовталанишади, атрофидаги дарахт ва буталарнинг шохларини ўзларининг бақувват мугузлари билан сузиб, синдириб ташлашади, дарахтларнинг пўстлоқларини қўпоришади. Агар шундай пайтда иккита эркак буғу учрашиб қолишса, албатта улар ўртасида яккама-якка жанг бошланади ҳамда улар бир-бири билан аёвсиз тарзда шохлашишади.

Хонгул, бухоро буғуси | Бухарский олень | Bukhara Red Deer | Bactrianus Lydekker

📕 Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби
🇺🇿 Зарафшон миллий табиат боғи
📷 Наталья Мармазинская


#qizilkitob

Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🦌
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Қулоқдор япалоққушлар қалин чакалакзор ва бутазорларда дам олишни яхши кўришади ва ушбу жойларни ин қуриш учун танлайдилар, лекин очиқ жойларда ов қилишади.

Мазкур япалоққушларнинг қулоқ тешиги анчагина катта бўлади ва кўпчилик япалоққушларда бўлгани каби бошининг ён томонида ассиметрик тарзда, хусусан қушнинг чап қулоғи ўнг томондагига нисбатан юқорироқда жойлашган бўлади. Япалоққушнинг узунлиги 38 мм атрофида бўладиган қулоқ тешиги қуш бош суягининг деярли бутун баландлигини эгаллайди. Қулоқларнинг бундай тузилиши япалоққушга инсон қулоғи эшитиши мумкин бўлган даражага нисбатан ўн марта ортиқ даражадаги юқори ва ўрта товушларни эшита олишига имкон беради. Ўзига хос бўлган эшитиш аъзоси туфайли япалоққушлар ўлжасининг қаерда жойлашганлигини бехато аниқлай олади ҳамда шу қобилияти орқали қоронғи тунда ҳам муваффақиятли ов қила олишади.

Қулокдор япалоққуш | Ушастая сова | Long-eared Owl | Asio otus

🇺🇿 Тошкент
📷 Марина Алмазова
📅 07 июль 2024 йил
➡️
Кўпроқ билиш

#qushlar

Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🦉
Telegram Birds.uz
Facebook Birds.uz
Instagram Birds.uz


Нима учун бўз эчкемарларнинг яшаш ҳудудлари қисқариб, уларнинг бош сони камайиб бормоқда? Кўп йиллардан бери кузатилаётган бундай салбий ҳолатнинг бир нечта асосий сабаблари бор.

Ўтган асрнинг 30-40-йилларида эчкемарнинг териси чарм-саноат соҳасида хом-ашё сифатида фойдаланилган, уларнинг терисидан оёқ кийим, сумкачалар ишлаб чиқарилган ва оқибатда жонивор баъзи жойларда деярли бутунлай йўқ бўлиб кетган.

Аҳоли сонининг кўпайиши, аҳоли манзилгоҳларининг кенгайиши, фойдали қазилма конларининг кўплаб очилиши, саноат, деҳқончилик ва чорва молларини боқиш мақсадларида ҳамда яйловлардан нооқилона фойдаланиш билан боғлиқ ер майдонларининг катта ҳажмларда ўзлаштирилиши натижасида ушбу йирик калтакесакнинг табиий яшаш жойлари кескин қисқарди.

Одамлар томонидан улар тўғрисидаги нотўғри тушунчалар, шу жумладан эчкемарлар эчкини эмади, шунинг учун эчки касалланиб ўлиб қолади ёки уни динимизда ўлдириш керак, дейилган каби ҳурофий эътиқод ва қарашлар сабабли калтаесакни ўлдиришади. Бундан ташқари, эчкемарлар айниқса баҳор фаслида йўлларда автотранспорт воситалари томонидан тасодифий ёки қасддан босиб кетилишидан ҳам кўплаб сонда нобуд қилинади.

Кейинги йилларда эчкемарлар сонининг камайишига сабаб бўлган яна бир таҳдид пайдо бўлди. Бу таҳдид жониворнинг гўшти саратон, яъни рак касаллигига ва бошқа касалликларга даво бўлади, деган нотўғри миш-мишлар сабабли кўплаб сонда овланиши ҳсиобланади. Ваҳоланки, бу уйдирмалар ҳақиқатдан анчагина узоқ.

Эчкемарлар табииий ва биологик хусусиятларига боғлиқ равишда юқорида қайд этилган таҳдид ҳамда салбий омилларга қарши туриши мушкул, чунки мазкур ноёб турдаги калтакесакларнинг яшаш ҳудудлари кенгроқ майдонларни эгаллаши талаб қилади ва ҳар уч йилда бир мартагина кўпаяди холос. Оқибатда эчкемарлар Ўзбекистон ҳудудидан йўқолиб бормоқда.

Бўз эчкемар | Серый варан | Desert Monitor | Varanus griseus

📕 Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби
🇺🇿 Қизилқум чўли
📷 Мария Грицина
📅 14 май 2016 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🦎
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan


Ингичка бармоқли юмронқoзиқ ташқи куриниши жиҳатидан олмахонга ухшайди, шу сабабли уни Ўрта Осиё ер олмахони деб ҳам номлашади. Юмронқозиқлар колония ҳосил қилиб яшашсада, уларнинг вакиллари жуфт-жуфт бўлиб, баъзи ҳолларда якка тарзда ҳаёт кечиришади. Уларнинг инлари 5 метр чуқурликкача тушиб боради ҳaмда кўп тармоқли бўлади. Юмронқозиқлар асосан ўсимликларнинг ер ости ва устки қисмлари билан овқaтланадилар, баъзан эса ҳашоратларни ҳам тановвул қилиб турадилар.

Ингичка бармоқли юмронқозиқ | Тонкопалый суслик | Long-clawed Ground Squirrel | Spermophilopsis Leptodactylus

🇺🇿 Бухоро вилояти, Қоракўл тумани
📷 Тимур Абдураупов
📅 25 сентябрь 2023 йил


Обуна бўлинг 👉 Wildlife of Uzbekistan

Рус тилида 🐿
Facebook Wildlife of Uzbekistan
Instagram Wildlife of Uzbekistan

Показано 20 последних публикаций.