Азиз Саид


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Книги


Азиз Саид ўзбек шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири. Шоирнинг шеърларида намоён бўлган дунё сеҳрли ва рангин. Бу дунё рангларида ҳам олис афсонанинг шивири, ҳам бугунги куннинг шиддатли овози бор.
Мурожаат учун:
@ib7xx

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Книги
Статистика
Фильтр публикаций


14 феврал — фалсафий ва ошиқона шеърлари билан қалбларни поклаб келаётган улкан шоиримиз Омон МАТЖОН таваллуди куни!


* * *
Бир қамар басдир фалакка, иккиси кўплик қилар,
Бир самар басдир тилакка, иккиси кўплик қилар.
Юрт учун бахш этгали минг бошли бўл, лек ишқ аро
Бир гуҳар басдир юракка, иккиси кўплик қилар.

* * *
Қайинзор қошида ўйлар йўлдошим,
Ётаман тўнкага қўйганча бошим.
Мен сукут ичраман, оқ қайин ҳам жим,
Гўё синамоқда менинг бардошим.

* * *
Оқ кўкрак қалдирғоч – кўкламдан нишон,
Вижир-вижир дея чарх урар кўкда.
Сен-чи, қалдирғочим, жавоб эт, тўхта,
Қайси қалбга баҳор элтасан шу он?!

ҚУЁШ ҚИЗАРИШЛАРИ

Нечун қуёш бир қизариб оладир,
Тонгда – ерга тушганида кезиши?!
Уни балки бу куйларга соладир
Тунда қилган баъзи гуноҳли иши?!

Нечун қуёш бир қизариб оладир –
Кечқурун-да, оловланиб яноқлар?!
Энди уни бу куйларга соладир
Бизнинг куппа-кундуздаги гуноҳлар...

🪶 Омон Матжон

https://t.me/vaqt_manzili


14 феврал — шоҳлигию меҳру адолати бир тараф, ошиқлигию ишқу рашки бир тараф — улуғ шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун!


РУБОИЙЛАР

➖ ➖ ➖
Эй ёр, жафо расми чиқормоқ не эди?!
Ё меҳр гиёҳини қўпормоқ не эди?
Бир меҳр, яна лутф, яна жавр недур?
Бир бордингу келдинг, яна бормоқ не эди?

➖ ➖ ➖
Эйким, ясабон юзунгни хуршид эттинг,
Фурқат аламини жонга жовид эттинг.
Мен сени дедим, сен ўзгани қилдинг ёд,
Навмид ўлғил, чун мени навмид эттинг.

➖ ➖ ➖
Кўнгли тилаган муродиға етса киши,
Ё барча муродларни тарк этса киши,
Бу икки муяссар ўлмаса оламда,
Бошини олиб бир сориға кетса киши.

➖ ➖ ➖
Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур!
Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур!
Яхши киши кўрмагай ёмонлиқ ҳаргиз,
Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидур!

➖ ➖ ➖
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Сондин сени кўп севармен, эй умри азиз,
Ҳар неники севмак андин ортиқ бўлмаз,
Андин сени кўп севармен, эй умри азиз.

➖ ➖ ➖
Эй ёр, ҳазин кўнглумни ёд айламадинг,
Меҳрингни кам айладинг – зиёд айламадинг.
Ё менда гунаҳ бордур, унуттунг ё сен,
Оё, не жиҳатдурурки, ёд айламадинг?

➖ ➖ ➖
Бедард ҳабиб билмади дардимни,
Туфроқча кўрмади руҳи зардимни.
Мендин неча кўнглида ғубори бўлғай,
Кеттим муна, эмди топмағай гардимни.

➖➖➖➖➖
✈️ Ғазаллар

✍️ Заҳириддин Муҳаммад Бобур

https://t.me/vaqt_manzili


Репост из: Darveshona
* * *

Эй саргардон руҳ 
Яна мағлубсан
Омонат матодан тикилган
Омонат либосинг титилган маҳал

Қанотинг йиғиштир, бу – куз девори
Ортга қайтолмайсан
Баҳор осмонида сенсиз бахтиёр
Қушга етолмайсан

Рангсиз ниналарин қирларга тўкиб
Ёмғирлар тўқиган яшил гиламда
Суратин хаёллар чизган қуш
Сеники эмас

Қанотлари силаган майсалар йиғлаб
Ойга айтиб берган сирли қиссалар
Сеники эмас

Шаббода тебратган ҳар бир лоладан
Тунлари косалаб тўкилган тушлар
Сеники эмас

Ана шомнинг қонли тиллари
Супуриб қўймоқда
Борар йўлингни

Ана фурсат чакиллаётир
Дарз кетган гумбаздан
Тутгил қўлингни

Эй шамол
Ҳайда аробангни
Туёғин дашт ювган отларингни қўш
Сувга чўкиб кетган мағлуб руҳни ҳам
Аробангга ол

Тез ҳайда
Қулоғи эшитмай қолсин
Кимнидир чорлаган қушнинг овозин

Тез ҳайда
Тез ҳайда
Тез ҳайда

Эй-й-й до-о-о-д

Аробанг бузуқми жилмас жойидан

Азиз Саид


Азиз Саид шеъри. Шоирнинг ўзи ўқиган.

https://t.me/vaqt_manzili


9 феврал — неча асрким руҳу жон овозини, ишқу ҳижрон овозини, меҳру вафо овозини эшитармикин деб қалбларимизга йўллаб келаётган буюк шоир Алишер НАВОИЙ ҳазратлари таваллуд топган кун!


* * *
Кўнглунг истар ёрлар бирла ҳамиша шод бўл,
Мендин-у кимдинки, кўнглинг истамас, озод бўл.

Гарчи сабрим уйи янглиғ, айладинг вайрон мени,
Доимо, ё Рабки, ҳуснинг мулкидек обод бўл.
 
Мен чекиб андуҳ ўлай, эл жони бўлсун ул Масиҳ,
Соврул, эй чархи нигун, в-эй даҳри дун, барбод бўл.

Бевафолар зулму бедодиға эрмассен ҳариф,
Эй синуқ кўнглум, агар худ шиша, гар пўлод бўл.

Туттум ўлмакдин тирилмак ҳажрида тенгдур манга,
Эмди гар бергил зилоли Хизр, агар жаллод бўл.

Чекма бошким, эмин эрмассен хазон яғмосидин,
Бу чаман ичра агар савсан, агар шамшод бўл.

Эй Навоий, олам аҳлиға чу йўқ эрмиш вафо,
Кел-у мундин нари, бекаслик била муътод бўл.

➖➖➖➖➖

* * *
Дўстлар, аҳли замондин меҳр умиди тутмангиз,
Меҳри гардун бўлсалар кўз нуридин ёрутмангиз.

Гар шоҳ ўлсун, гар гадоким, солмангиз юзига кўз,
Ёдини балким кўнгул атрофида ёвутмангиз.

Зулм ила юз чок қилғон танға гар марҳам ёқиб,
Буткарурбиз десалар ул захмларни бутмангиз.

Эл жафосининг малоли қилса ҳар дам қасди жон,
Кўнглунгизни ғайрибекаслик била овутмангиз.

Ўксуди эл майли мендин бир йўли, эй дарду ғам,
Гаҳ-гаҳи сиз бори бошимдин қадам ўксутмангиз.

Ҳажр ўтин жонимға ёқтим, кўрсангиз усрук мени,
Эмди, эй панд аҳли, дўзах ўтидин қўрқутмангиз.

Чун Навоий дашт тутти, эмди зинҳор, эй вуҳуш,
Ким башар жинсини ул Мажнун сари ёвутмангиз.

🪶📖 Алишер Навоий

https://t.me/vaqt_manzili


* * *
Биз кечикиб келдик, тақдирнинг
Карвони таланган, хуржуни бўм-бўш.
Қароқчилар эса, қароқчилар – биз,
Тикилдик, тикилдик, тилларимиз тош.

Манзилдан адашган оч севгимизга
Едирдик таом деб куйган юракни.
Сўнг масъум дарахтга ёлвордик сўраб:
Вужудни берайлик, сенга керакми?

Ҳеч нарса қолмади, бизлар бегуноҳ,
Хазонлар, овозлар, нурлар ҳам ёлғон.
Бизлар бахт сўраган соҳибсеҳрнинг
Ўзи талангану руҳлари урён.

Қани кел, эй қора булут, қуй,
Пичоқлар қинини — кўзларни тўлдир.
Излар қолмасин, ерни юв, карвон
Кетаверсин, энди сен бизларни ўлдир.

🔴 Азиз САИД


КУЗ

дарахт энг баланд шохига илиб қўйди
ягона ёдгорлик —
бевафо баҳорнинг
сарғайган портретини.

🌺 Азиз САИД


* * *
Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Чаён еган бўлса юрагим нишлаб?
Жоним симиллатиб келди ҳуққабоз,
«Ё ишқдан» ирғитди кўзим тарашлаб.

Сева оладурман нурдан-да кечиб.

Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Мен илон изидан адашган бўлсам?
Томирим кесди ой — кулди чувалчанг,
Балиққа едирди фақат бир тишлам.

Сева оладурман тундан-да кечиб.

Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Алдаган бўлсам гар ҳатто эртакни?
Юлдуз хато ёнди, кемамиз чўкди,
Бари бир куйладик қирқта қароқчи.

Сева оладурман йўлдан-да кечиб.

Дединг: сева оласанми ўзингдан кечиб,
Мангуга тушдайин бўлсам гар ғойиб?
Тасаввур чархфалак косаларига
Ёдингни қуяркан умримни соғиб.

Сева оладурман сендан-да кечиб.

🔴 Азиз САИД


Репост из: Noyob kitoblar
Яқинда бу китобни биздан сотиб олишганди.
Китобни ўқиб фикрларини ёзиб юборибди: ўқиб кўринг.
Китоб бизда ва фақат book.uz да бор.


📚 «Вақт манзили»
© Азиз Саид
📓 Қалин муқова, 224 бет
📖 Янги
💵 65 000 сўм
☎️ @Nurmuhammad_Abduzoirov

Азиз Саид шеърларини ўқиш учун: @vaqt_manzili


Афсуски, шу вақтгача Азиз Саидни ўқимаган эканман. Қаранг, бир шоир 64 ёшга тўлаётган, ёнимизда яшаб ижод қилаётган, шеърини руслар, инглизлар, французлар, болгарлар, венгерлар, ҳиндлар, турклар, озарбайжонлар ўз тилида ўқиётган, ўзи ҳам Нозим Ҳикмат, Уолт Уитмен, Бертолд Брехт, Муин Бсису, Мигел де Астируас каби ижодкорларни ўз тилимизда ўқитаётган бўлса-ю... Шоирнинг китобларига, газета-журналлардаги ижод маҳсулига, “Алкимёгар”нинг таржимасига кўп дуч келганман. Аммо ўтказиб юборганман. Сабаби ожиз банданинг баландпарвозлигидан бошқа нарса эмас. Чунки мен шеърларини хушламайдиган бир гуруҳ ижодкорлар Азиз Саид шеъриятини боз-боз тарғиб қиларди. Шу. Бу шоир ҳам уларга ўхшаган бўлса-чи, деган ўй билан юраверганман.

Дўстим Отабек Исроилов “Вақт манзили” китобини совға қилмаганида балки яна узоқ вақт бу назм денгизидан бебаҳра қолган бўлардим, эҳтимол. Совға қилинган китобни ўқиб чиқиш одатим бор.

“Вақт манзили” китоби 2021 йилда “Академнашр” томонидан икки минг нусхада чоп этилган экан. Икки қисмдан иборат. Биринчиси достон ва шеърлар, иккинчиси ноодатий услубдаги адабий мақолалардан иборат. Ҳозир назмий дурдоналарни ўқиб тугатдим.

Аруз ва бармоқдан ташқаридаги шеърларни кўпда қабул қилолмайман. Бу сафар дард, маъно ва серқирра тафаккур маҳсули олдида шаклни ҳам унутибман.

“Вақт манзили” шеърининг ҳар бир сатри “ва” боғловчиси билан бошланади. Унда инсоният тарихи хронологик тартибда қисқа ва сермазмун сатрларда ифода этилади. Умумий мавзуда бошланиб Ватан тарихига уланиб кетади. Ўтмишнинг қонли ва шонли воқеалари ибрат тўнини кийиб чиқади ўқувчи олдига. Ва ниҳоят хотимада мустақил Ўзбекистон ва халқининг тарих ҳамда аждодлар руҳи олдидаги муқаддас бурчлари алоҳида қаламга олинади.

Шеър бошдан-охир вақт манзилини излаётган, унинг ортга ё олдинга ҳаракат қилаётганини аниқлашга уринаётган қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинади. Якунда эса бу нарсани ҳамон била олмагани тан олинади ва уч нуқта қўйилади. Фалсафа ва интеллектга тўйинган асар ўқувчига билим беради ва фикрлашга ундайди.

“Минг тўққиз юз ўттиз еттинчи” шеъри эса машъум қатағон давридан сўзлайди. Қаттол тузумнинг манфур зотлари қиёфаси, миллатнинг аянч тақдири кескир сўзлар билан ўйиб ёзилади. Шеърий санъатларга ортиқча ўрин берилмайди. Яқинидан айрилган одамнинг жўн, бироқ юракнинг тубидан тошиб келаётган йўқлови каби таъсирли чиққан. Биргина парча келтираман:

“...Саводсизларни ҳам тугатамиз,
(Саводсизликни деб эшитди у.)
Саводлилар тугайверсин-чи”.

Ўзбек халқининг олтин бошларини лойга қорган тузум юзига мазлумлар авлодининг дадил тарсакиси.

Навбатдаги асар эса “Турғунлик болалари” достони бўлиб, унда Шўролар давлатининг бир оила ва бола психологиясидаги фожиаси тасвирланади. Мурғак кўнгилнинг мислсиз жафоларга гувоҳ бўлгани ва ёшига нисбатан эрта улғайишга мажбурлангани акс этади. Одамни йиғлатган манзаралар:

...ўн икки ўқувчи қизни оқшомда, пахта теримдан қайтаётганда мошин янчиб кетади, гулбаданлар парча-парча бўлиб, хор этилади...
В
...пахта тергани чиққан онанинг йўргакдаги чақалоғини трактор босиб кетади, она ўзини тандирга ташлайди, қотил эса болани кўрмай қолган отаси эди...

...ҳалоллиги учун мудом йўқчиликда яшовчи отасига ёрдам бўлсин, онаси билан жанжаллашмасин деб тинимсиз пахта терган, на тушликка, на танаффусга чиққан боланинг этагини ҳар турли баҳоналар билан чой чақага баҳолаган тарозибон...

Буни асл ҳолида ўқиганда тош юраклар ҳам зирқираб, симиллаб, эриб, кўз ёшга айланиб кетса керак. Бугун ҳам СССРни алқаётганларга ўқитиш керак экан ўзи.

“Паганинининг сўнгги концерти” шеъри эса... Уни ҳар ким ўзи ўқиб ўзича тушунади.

Барчасида вақт мавзуси ўқ илдиз вазифасини бажаради.
Бетакрор ижод намуналари учун шоирга, уни тақдим этгани учун ноширларга раҳмат айтаман.

Сизга ўқиб кўришни тавсия қиламан. Ўзим ҳам бошқа шеърларини топиб ўқимоқчиман.

Отабек Бакиров


* * *
Неки тутсам қўлимда бир сароб бўлди,
Неки десам ул сароб бир жавоб бўлди,
Неки кўрсам кўзимга бир азоб бўлди,

Эй Худоё, бу ўйиндан не нашъу намо бўлди?

Дил берганим дили мандан қочаро,
Қўл берганим тишлаб узиб отаро,
Йўл берганим йўлда мени сотаро,

Эй Худоё, бу ўйиндан не нашъу намо бўлди?

Либос кийдим, таним урён қолаверди,
Сукут қилдим, дилим бийрон қолаверди,
Сенга юрдим, йўлим гирён қолаверди,

Эй Худоё, бу ўйиндан не нашъу намо бўлди?

🔴 Азиз САИД

885 0 11 2 20

Бугун шеъриятимизнинг дарғаларидан бири, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид ДАВРОН таваллуд топган кун!



✍️ Хуршид Даврон
➖➖➖➖➖


ТАБАССУМИНГ ЁДИМДА ҲАМОН…

Табассуминг ёдимда ҳамон,
Ёдимдадир хандон кўзларинг.
Кулгуларинг эслайман, бу он
Унутилган ёлғон сўзларинг.

Атиргулнинг баргидай қизил,
Алвон эди табассуминг ҳам —
Эй кўзлари хандон урган қиз,
Наҳот сендан қолди фақат ғам?!

Мен биламан, энг сўнгги палла
Жонсиз қолиб,сирғалса қўлим,
Сенинг… сенинг табассуминг-ла
Кўзларимга боқади ўлим.

* * *
Сизга ишонардим,
Сизни севардим,
Севардим севгандек бутун оламни.
Сиз-чи, алдадингиз…
Тошдек совидим –
Бугун эса урдим мен ўз боламни.
Қуралай кўзларни жовдиратганча,
Боламов, йиғладинг,
Гуноҳинг билмай.
Мен ҳушсиз ётардим –
Теграмда кеча…
Дунёдан кетганча ётардим, ўлмай…
Юрагим ўрнида музлаб ётган тош,
Йиғладим, кўзларим оқиб кетмади.
Мажолим йўқ эди,
Йўқ эди бардош…
Кучим унга етди – сизга етмади…

* * *
        📰Мен сени ҳеч қачон
         кўрмайман энди...

         (Андрей Вознесенский)

Мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди,
энди кўзларимда акс этмас юзинг.
Юрагим томирин титратмас сўзинг,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.

Энди баҳор – баҳор,
куз ҳам энди куз,
сокин гўшаларда тўкилар хазон.
Тўкилган хазонлар ёшламайди кўз,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.

Ёмғир томчилари товланган, хушбўй
сочларинг кўксимга сочилар эди.
Энди бу – хотира,
энди булар – ўй,
мен сени ҳеч қачон кўрмайман энди.

Қоғозга қарайман,
тунга қарайман,
юлдузга қарайман, ойга қарайман,
энди юпатолмас улар ҳам мени,
мен энди ҳеч қачон кўрмайман сени.

УНУТАЙИН ДЕГАНДИМ СЕНИ

Унутайин дегандим сени,
Унутолмай қийналдим сени.
Шеърларимга очдим сирларим,
Кетолмади дилдан шеърларим.

Мен қушларга айтдим уларни,
Қушлар севиб қолди гулларни.
Мен гулларга айтдим сирларим,
Сени ёдга солди ислари.

Учаётган булутга айтдим,
Ёмғир бўлиб ёнимга қайтди.
Остонамга келиб чечаклар
Исминг айтди узун кечалар.

Унутайин дегандим сени,
Унутолмай қийналдим сени…

https://t.me/vaqt_manzili


* * *
...Ҳайратланарлиси шундаки, уларнинг ҳаммаси тоза ўзбек тилида гаплашарди.

* * *
...Дарвоқе, қўрқув! Бу қўрқувмиди, ожизликми ё мутеликмиди?!

* * *
...Миллатни ғурурсиз, орсиз, ўз аждодлари ва ўтмишини лаънатлайдиган манқурт ва зомбиларга айлантириш мактабдан бошланарди.

* * *
...наҳотки дўстлик ниқоби остидаги ҳар сўзида собиқ СССРни эслатиб имо-ишоралардан очиқ таҳдидга ўтаётганларнинг...

* * *
... ўзбек тилини, миллатимизни камситувчилар...


〰️〰️〰️〰️〰️
«Ватан» журналининг 4-сонида Азиз САИДнинг «Оламни ўзгартирмоқчи бўлсанг...» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди.

🖥 Тўлиқ ўқиш
〰️〰️〰️〰️〰️

https://t.me/vaqt_manzili


* * *
Севиб бўлди юрак ҳам, жим-жит
Кўзингдаги барча сўқмоқлар.
Тунларингни қонатади ғам —
Ёстиқдаги рангсиз қуроқлар.

Кўзгуга ҳам қарамай қўйдинг,
Сен чарчадинг гўзал бўлишдан.
Ичиб бўлди нурларин кундуз,
Маъно йўқдир ҳатто ўлишдан.

Алдадилар, сен ҳам алдадинг,
Кутавердинг кимнидир лекин.
Юрагимга игналар санчиб
Тикавердинг эртани секин.

Эртанинг палаги битмади,
Ва уйғондинг қоқ ярим тунда.
Чорласанг ҳам келмайман энди,
Сен қайтасан кечаги кунга.

➖➖ Азиз САИД ➖➖


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
«Ялдо кечасида...»

✍️ Азиз Саид
🎤 Муҳайё Рустам ўқиган

https://t.me/vaqt_manzili


🖌 Алишер НАВОИЙ

* * *
Ўзгалар боғиндадур наврас ниҳолим бу кеча,
Тонгға тегру ўзгадур ҳар лаҳза ҳолим бу кеча.

Ҳажр даштида юз ўтлуқ водию ҳар дам мени
Ўзга водийға солур, ваҳким, хаёлим бу кеча.

Сўрма кўнглум ҳолини, бедод ила ўлтургуси,
Ўзин ул девонаи беэътидолим бу кеча.

Барча бир-бирдин совурмоқ биймидур, неким ўтар,
Анжуму афлок бирла қийлу қолим бу кеча.

Юз қуёш қилса тулуъ, эрмас ёруғлуқ еткудек,
Андоқ этмиш тийра оламни малолим бу кеча.

Буйлаким, ҳар дам урармен жонға юз тиғи ҳалок,
Тонгғача, ваҳ, то қаён еткай маолим бу кеча.

Эй ажал, жоним фидонг ўлсунки, ботроқ эт халос.
Чун кўрунмайдур тирилмак эҳтимолим бу кеча.

То қиёмат субҳ толиъ бўлмасун эмдики, бор
Ҳашр субҳи сари майли интиқолим бу кеча.

Эй Навоий, ҳар не зулмиким қилиб эрди хаёл,
Барчани жонимға қилди чархи золим бу кеча.

https://t.me/vaqt_manzili


* * *
Шивирладинг: «гаплашмаймиз, энди бўлди, бас,
Ишонмайман ўзимга ҳам, сизга ҳам, ёлғон
Кўзлар билан боқиб келдик кўзларимизни,
Йўлимизда манзил ҳам йўқ, қоп-қора тумон».

О, адашган сайёралар ибодатгоҳи
Шамларини бир-бир ёқиб юрган роҳиба —
Ой, мен яна ҳузурингда, юрагим қилган
Гуноҳларчун худойимга этурман тавба.

Тавба, менда қўл йўқ, овозим билан
Пайпаслаб боряпман дил деворларин.
Мана бу — баҳордан қолган нақшлар,
Бу майса — жавзолар еган тилларин.
Мана бу лаҳмдир — куз ковлаб кирган,
Бу тешик — заҳарли илоннинг ини.
Мана бу сурат — мен, буниси менга
Муҳаббат тутмаган қўлларнинг изи.

Тавба, менда оёқ йўқ, кўзларим билан
Юриб бораяпман умрим ортига.
Мана бу шишанинг синиқлари — йил,
Буниси — тошлардир отилмай қолган.
Мана бу чуқурлик — энг гўзал қабр
Ётибди бир пайтлар худо бўлганлар.
Бу сўқмоқ — болалик, ўтсам ҳар сафар
Кўзимга санчилар қизил тиканлар.

Тавба, менда тил йўқ, юрагим билан
Айтиб бораяпман тақдир эртагин.
Мен бахтга кечикиб етган шаҳзода,
Ёлғизлик ўқидан йиртиқ елканим.
Патларин муҳаббат ювган йиллардан
Мен сени сўрадим: қани бандаргоҳ?
«Малика кутмади, ана из қолган,
Шаҳзода сен бўлма иккинчи сайёҳ».

О, кечиккан шаҳзодалар ибодатгоҳи
Шамларини бир-бир ёқиб юрган роҳиба —
Ой, сўраб кўр ишқни берган парвардигордан,
Нечун оташ тилар мендан ўчган гулханга?

Шивирладим: «гаплашмаймиз, майли ишонма,
Мен тонгларин қушлар еган кунларга етдим.
Йўлим сендан бошланганди, сенда тугади,
Кўзимга боқ, алдамадим, энди мен кетдим».

➖➖ Азиз САИД ➖➖


* * *
Ўтиб кетди энди ҳаммаси,
Лаҳзалар ҳам жаранглаб тинди.
Юраклардан учган оққушлар
Қайтиб келди, тақдирга кўнди.

Узоқ кутдик биз ўзимизни,
Салом дея келмади ҳеч ким.
Ўртадаги интизорлик ҳам
Хайрлашмай тугайди балким.

Ўғирланди бизлардан нигоҳ,
Ўғирланди юрак зарблари.
Ўғирланди томирлардаги
Муҳаббатнинг ширин дардлари.

Новдаларда қолмади япроқ,
Баҳордан ҳам умид узилган.
Чор атрофга совуқ ҳарф билан
Ёлғизликнинг номи ёзилган.

Эй-й — бақириб кўзимиздаги
Алангани сепайлик дилга.
Токи унга тегиб кетганлар
Куйиб-куйиб айлансин гулга.

➖➖ Азиз САИД ➖➖


ТОНГДА

Кузда куз билан тунаган дарахт
Баҳор кўйлагини кияркан шошиб,
Тўзғиган сочига шамол тароқчи,
Тун ойна тутқазар сандиғин очиб.

Куз қол деб ёлворар ойни кўрсатиб –
Биз чиқиб кетамиз ўша туйнукдан.
Ёлғончи баҳорнинг нурин кўрдингми
Қуйилиб келмоқда эски чойнакдан.

Зангори денгиз бор осмон буржида,
Уйимиз бўлади сузиб юргувчи.
Шарқираб оқаркан момогулдирак
Чархпалак қурамиз терс айлангувчи.

Яшинга минамиз – мангу оқ отим,
Борамиз тушларнинг қароргоҳига.
Юлдузлар тақаркан феруза узук...
Бизларни кўмишар ишқ даргоҳига.

Кузнинг зорларини тингладию маст,
Баҳор кўйлагини кийди у дарахт...

✍️ Азиз САИД


8 декабр — шеъриятимизга баҳорий янги насимлар, янги найсонлар олиб кирган, ўн етти ёшимдан то ҳануз дўсту дилдошим, бетакрор шоир Абдували Қутбиддин хотираси куни!


ДУР

Сен яна алдадинг,
Иккиланмасдан,
Завқ туйдинг шекилли, туйғуларимдан.
Мен эса хўрлигим эшиб бирма-бир,
Ҳукм ўқияпман қайғуларимга...

Чиғаноқ ичида қамалган дурдай
Севгим товланади кулбачасида.
У шундай гўзалки, сабуҳий нурдай,
У шундай дилбарки, соф ва расида.

Кўрки афтодадир, хилвати маъно,
Жуда ҳам бокира, у обод ҳадсиз.
Не ҳамду санолар, не-не тасанно
Бари мурувватсиз, бари ҳимматсиз.

Сен яна алдадинг,
Қўрқмай, беғараз,
Манзират этгандай юмдинг кўзларинг.
Маънисиз русумга қўшилдинг шу тарз,
Самовий боғларда ўчди изларинг.


БЕШ ПОРА

I
Хайрлашдик,
Теракларнинг жовдирашида,
Мис тирноқлар чириётган пайти
Хайрлашдик.
Йирингли таъналар ниқталганида,
Зардобли нолалар товуши ости.
Хайрлашдик.
Дилгир нигоҳингиз мени қийнайди,
Кўнглим остонада йиртиқ пойандоз.
Борлиғим кўмирдай кул бўлар пайти,
Хайрингиз бўлмади, эсиз хокандоз.
Хайрлашдик.

II
Мен сизга бадбинми,?
Ё ёвуз нодон,
Чалкаш келбатлардан оққан мусибат –
Менманми, ҳеч мени қўймайсиз омон.
Ҳайҳот, йўқ бўлсаму, қутулсангиз сиз!
Сен кечгин, айтасиз, ишқ ўткинчидир,
Йўлинг бўлинса ҳам, бошинг бутун, бас.
Топасан янгисин чақмоқтош янглиғ,
Чақнаб пайдо бўлар гўзал янги кас.
О, йўқ!
Хайрлашдик,
Қақшаган андуҳнинг илтижосида...

III
Умидим алдаган йўллардан ўтдим,
Таниш тополмадим пул дўконида.
Ўзимни саждага эга олмадим,
Сизни ром айлаган рақиб ёнида.
Қилтиллаб саросар илинждай инжиқ,
Надомат сиёҳи билан қопландим.
Танбурнинг торидай узун ва чўзиқ,
Бевазн вазнга чапландим.

IV
Хириллар яхлардан сумалак осмон,
Ямайди ёрилган чилдирмасини.
Энг ҳазин нидога тайёрланади,
Тинглаб мезонларнинг шўх нағмасини.
Ишқ сўлар дарахтлар, боғлар, қирларда,
Ишқ сўлар кўчалар, чошгоҳ, кунларда,
Ишқ сўлар қаҳкашон торайишида,
Ишқ сўлар ёвузлик зўрайишида.
Ишқ сўлар, ишқ сўлар, ишқ сўлар...

V
Мен сизга ваъда берувдим оқ ва қизил гул,
Эшигингизни тақиллатдим, сиз очмадингиз –
Қаттиқ инонгандим сизга,
Минг афсус,
Хайрлашдик...

https://t.me/vaqt_manzili


* * *
Абдували, руҳимни ярми
Тур ўрнингдан
Ургут тоғларини қўпориб тургил
Гулдираб келгил
Ҳайқириб келгил
Уввос тортиб кел

Дўстинг ишқ жанггоҳида бир ўзи қолди,
Қўлида қиличи ярмиси синган.
Ёлғону хиёнат лашкари лак лак,
Дўстингда мадор йўқ, кўзлари тинган.

Турибман бўлиниб минг бир бўлакка,
Овозим йўқолган, соям йўқолган.
Фақат юрагимни суғуриб ўзим
Бош узра кўтардим, қўлларим толган.

Сен билан, муҳаббат келсайди, девдик,
Кишану занжирин солсайди, девдик,
Маккаю Мадина элтсайди, девдик,
Қонимиз йўл узра тўксайди, девдик.

Мана бу Макка, мана Мадина,
Карвоним дилўғри ағёр қуршаган.
Етиб бормаслигим аниқ энди, дўст,
Энди тушларимга олов тўшалган...

Абдували, руҳимнинг ярми
Тур ўрнингдан
Мададга келгил
Ҳасратга келгил
Йиғлашга келгил

Азиз САИД

Показано 20 последних публикаций.