Бухоро тиббиётида трансплантация йўналиши ривожланмоқдаХабарингиз бор, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси мамлакатимиздаги барча тиббиёт марказлари билан келгусидаги амaлий жараёнларни мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорлик меморандумлари имзолаган эди. Мана, бугунги кунда ушбу ташаббус ўз натижасини бермоқда.
Бухоро вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида навбатдаги буйрак трансплантацияси амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Мазкур жарроҳлик амалиёти Республика Миллий тиббиёт маркази трансплантологи Собиров Жасур Ғайбуллаевич бошчилигида амалга оширилди.
Бемор – Т. Бозоров 3 йилдан буён буйрак етишмовчилиги билан азият чекиб, гемодиализ муолажаларини олиб келаётган эди. Унинг турмуш ўртоғи донорликка мос келмагани сабабли, опаси – Ш. Бозорова укасининг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз буйрагини беришга қарор қилди.
Оилани фидойилиги ва шифокорларнинг маҳоратли амалиёти натижасида жарроҳлик муваффақиятли ўтди, Ҳозирда бемор ва донорнинг ҳолати яхши.
Таъкидлаш жоизки, мазкур буйрак трансплантацияси 2024 йил ноябрь ойида имзоланган Республика Миллий тиббиёт маркази билан
ҳамкорлик меморандуми доирасида амалга оширилди.
Шунингдек, йил охирига қадар илк бор 5 нафар беморда жигар, 20 нафарига эса буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ҳам режалаштирилган. Бу эса орган трансплантацияси соҳасидаги хизматларни Бухоро вилоятида кенгайтиришга, беморларни узоқ ҳудудларга боришсиз даволаш имконини яратади.
Шифокорларнинг фидойилиги ва тиббий тараққиёт сабабли эндиликда оғир касалликларга чалинган беморлар Бухоронинг ўзида замонавий ва самарали жарроҳлик амалиётларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмоқда.
➡️
Бухоро тиббиёти