Усмон Азим ижоди


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


Ўзбекистон ҳалқ шоири Усмон Азим ижодидан баҳраманд бўламиз

Связанные каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


* * *
Неча кун яшайсан,
Айтгил, неча кун?
Кўп гўзал очилдинг,
Жоним атиргул...

Ғамимни – тушунтир!
Айтайин десам,
Беш кунлик умрингда
Ўйнайсан – шўхсан.

Келгин, бир ҳидлайин
Лабларим қўйиб...
Сен гуллаб ўтасан,
Мен эса куйиб...

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *

Дунёга киради – бамайлихотир –
Одамлар кўрмаган нотаниш ҳоллар.
Дилларга тушади ногоҳ хавотир,
Мияга чекинар қўрқинч хаёллар.

Аммо топилади бир журъаткор мард –
Қаддини эгмасдан,
Рўйи рост,
Тикка,
Ўзин ўйламасдан,
Қўзғолару шахт –
Юзма-юз чиқади нотанишликка.

Тошли туманларда ноаён ҳоллар
Чексиз синовларга солади уни.
Нотаниш гулханда –
Тириклай –
Ёнар,
Одамнинг бурқсимай чиқар тутуни.

Фожеа зўриқиб мияга ўтар,
Жонсарак юракка узатади қўл.
У одам йиқилар,
У одам ўтар...
У одам бор-йўғи энди йўлдир, йўл.

Жангларда елкадош бўлмаган оғам,
Боравер!
Ана, йўл – текис, беташвиш.
Энди ўлдирмайди – синашта олам,
Энди олам таниш,
Нақадар таниш...

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


МАСЛАҲАТ

Сеҳргар!
Сеҳрларинг – мўъжиза.
Шабнамга айландинг гул узра.

Бир қалқиб, осмонга айландинг,
Юлдузли хазонга айландинг.

Бир “оҳ”инг лаҳзада тош бўлди.
Шу тош ҳам кўзингда ёш бўлди.

Чарх урдинг – фироққа айландинг,
Чорладинг – чироққа айландинг.

Сеҳргар!
Сеҳрингнинг – қадри йўқ,
Воҳ дариғ, не учун дарди йўқ?
................
Сеҳргар!
Сеҳрларинг овора!
Сен мендан йироқсан тобора!
Минг жоду айлама сен мени,
Кўнгилга айлангин бир бора!

Кўнгилга айлангин бир бора!..

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


***

Шимол тоғларида совуқ ел эсди,
Қировлар тўкилди ўту ўланга.
Менинг юрагимни соғинчинг эзди,
Боғларни тутаркан кузги аланга.

Кузакка юрагим келолмайди тенг-
Совуган руҳимни тутаман кунга.
Оҳ, мени ҳеч кимга ишонмадинг сен-
Фақат ёлғизликка...
Бошқа ҳеч кимга...

Усмон Азим


https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Ёмғирга чўмилган
Шабода келди.
Бўйнимга осилди – нақадар хушли.
Озода танидан
Жон руҳи инди –
Тушлар диёрига етказди ҳушни.

Дунёда дарахтдай турдим –
Суяниб,
Шаффоф шаббоданинг тиниқ кифтига:
Юракка айланди ҳатто суягим,
Ҳатто кўйлакларим –
Ҳарир йиғига.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *

Одамлар айтганига юрмадим,
Тақдирда турмоқни уқтирдим ўзимга:
Дарахт ўстирмадим, уй қурмадим,
Шеър қурдим,
дарахтлар ўстирдим сўзимдан.

Даврлар тўфони теграмда бешафқат,
Қанча тошларини бошимга урди.
“Мен ҳам одамман”, деб, такрорладим фақат –
Сўздан тақдир қурдим.

Оламга қарадим:
дунё қават-қават –
Ана, юрак дунё, ана, қорин дун…
Мен оёқ тирадим:
ор-номус ҳам бир давлат –
Шаън талашдим инсонлар учун.

Тупроққа чўктирдим ҳар бир сўзимни,
Ҳар сатримни азобга таратдим…
“Биз ҳам одаммиз”, деб,
тўрт тараф урдим ўзимни –
Дунёда кўнгил яратдим.

Тангрига интилдим такрору такрор –
Ҳар илҳомда янгича танишув.
Сўздан тақдир қурдим,
кечир, парвардигор,
Қўлимдан келгани шу,
қўлимдан келгани шу…

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Ваъда бер! Ваъда бер,
Дунёга қарашга –
Ҳатто ўлмасам ҳам,
Бемалол яшашга.

Ваъда бер! Ваъда бер,
Ёнишга, ёнишга!..
Мабодо ўлсам ҳам,
Яшашда қолишга.

Ваъда бер! Ваъда бер,
Армонни кўмишга,
Менсиз ҳам, менсиз ҳам
Ҳаётга кўнишга.

Кетишнинг қайтиши
Борми, билмадим...
Йиғла! – Қайтмаслигим
Тилаб йиғлагин.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


БАХТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ.
Ўрдада ногаҳон келган рўбарў.
Қиш куни. Палтога олган ўраниб,
Бесас бир ҳайратда қотганман: – Вой-бў!..

Йўлкалар четида баланд чинорлар,
Қатор тизилишган. Беҳаракат. Жим.
Донг қотган бекатлар, қорлар, шиорлар...
Аммо бахт эканин билмаган – ҳеч ким.

Бахт жуда чиройли эди! Чиройли!
Чиройли! – совуқда юзин яшнаши.
Ҳатто қор пойида ғирчиллар эди,
Танини эзса ҳам ўткир пошнаси.

Юзи теграсида рўмоли – туман.
Бир учи кифтига ташланган эди.
Лолликдан бошқа ҳол бўлган эди манъ –
Уни кўриб бу иш бошланган эди.

Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ.
Ҳатто кўзларимиз учрашган бир зум.
Ўртада бўлмаган салому алик,
Фақат лабларига қўнган табассум.

Шу тарз ўтиб кетган ёнимдан. Ташхис:
Жоним чиқмасликка у дам яраган.
Ўгрилиб қарасам, ортимга илкис,
Ишонинг-ишонманг, бахт ҳам қараган!

Шундан буён менга бу дунё бир пул!
Номард ғалвалари беролмас озор.
Юрагим эрта-кеч шеър билан машғул –
Бахтни учратганман! Нима ғамим бор!

Ёниб кириб келсам (юришим – сарбаст!) –
Фасод давраларга – ғийбат тинади,
Ахир, менга ҳеч ким келолмайди бас –
Бахтга дуч келганим барча билади.

Мардлигим билишар (дўсту ёв огоҳ!):
Нечун “юр” деб бахтни қистамаганман,
Бахтни этмаганман не учун ҳамроҳ?..
Бебахт бўлишини истамаганман.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi

2.1k 0 69 17 97

***
Мен дунёга боқмадим,
Дил тарафга сурдим от.
Моли деб жон ёқмадим,
Оҳим ёнди – чақнадим,
Кўнглим битмас ҳаробот.

Дилда унди мангу гул –
Ҳақнинг ўжар ғояси
(о! Эҳтимол сояси! –
Бир мастона таваккал
Бу ҳолнинг риояси).

Юрак кирди кучимга –
Қандай эшикни очдим?
Жон “оҳ”ланди ичимда
Ва руҳ деган бурчимга,
Умримни эзиб сочдим.

Воҳ, зўриқдим!
Қон ютдим!
Қафас ичида қафас!
Яшашга етмас нафас...
Мен дунёни унутдим,
Дунё мени унитмас!
Усмон Азим
“Коллаж” китобидан

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *
Юрагимни қандай
Яратдинг, Эгам?

Ўзга дард сиғмайди
Соғинчдан бошқа.

Фақат шеър ёзсаму,
Сени ўйласам...

Айланиб боряпман
Бир томчи ёшга.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
"Уйғонишдан қўрқма, Юрак... "

Усмон Азим

📺 "Қақнус" кўрсатувидан

https://t.me/UsmonAzimijodi


Кетаётган нимагаки ачинсанг,
ўша йўқотишдир. 

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


УМР ЙЎЛИ
Ҳамма нарса олисда:
орзу ҳам, армон ҳам, севги ҳам,
меҳр ҳам...
Ўзим ҳам олисдаман.

Нон қаерда?
Шеър қаерда?
Машаққат. Ҳаракат.
Уринаман –
олисларнинг ўзи қайдадир?

Тоққа етсам,
яна тоғлар бор улардан нарида,
яна чўққилар…

Бир япроқ топгандим –
боғлардан улкан –
адашиб кетдим
унинг ўрмон жисмида.
Бу баргнинг сўнгига қачон етаман?

Саҳродан ўтмоқ истаб,
йиллаб суҳбат қурдим
қумнинг бир зарраси билан.
Шу суҳбат ичинда
ҳозир ҳам Мажнунман.

Қушнинг
майсага йиқилган сайрашини
томоша қилдим -
гулдай кўкаргунича.

Дарвоқе, гуллар!..
О, қандай гуллар!..
О, қандай гулларнинг бўйлари димоғимда!
О, қандай гуллар қовжираб кетди!

Булар йўлдаги саргузаштлар.

Аждарҳолар ҳақида эса гапирмай.
Девлар, ялмоғизлар, ёсуманлар,
Тезликни оширганим учун жарималар -
йўллардаги оддий ҳодисалардир, ахир...

Хуллас, соғиндим.
Кўришайлик.

“Сени соғиндим”, демоқ учун
Бир умр келяпман.

Сени топдимми?

Сен ҳам олисдан келганмисан?
Қанча йўл қолди орамизда?

Келдим, десанг-чи!
Нега эшитмайсан?
Нега кўрмаяпсан мени?
Сен, ахир, ўзимсан!

Ўртамиз эса – бир қадамгина йўл.

Бир қадам йўлни
дунё тугагунича
юриш лозимми?

Ўзимни топиш –
бор-йўғи
йўлларда иззиллаб йўл юришми ё?

Зўриқишдан
юрак томирлари
узилиб –
югуришми?

Биз кўришсак,
ҳаракатдан тўхтамаймизми?

Ахир,
беҳаракат ўзимни нима қиламан?

Соғинчсиз ўзимнинг
кимга
кераги бор?

Ўзимни тополмасдан ўлиш
насиб этадими менга ҳам?

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


МАНГУ МУҲАББАТ ҲАҚИДА
БАЛЛАДА

Тулпорлар елади йўлларда –
Сен томон елади, сен томон.

Ошиқлар жон берар чўлларда –
Сен - армон, барчага сен - армон.

Рубоб ҳам, қонун ҳам сеники,
Соғинчни куйлашдан толмайсан.

Олсанг-чи! Бу жоним сеники...
Олмайсан ҳеч қачон, олмайсан.

Усмон Азим
13.01.2015

https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Собир Ядиковга!

Деразанинг пардасин суриб,
Тонгда боқдим уфққа бекор...
Мен билмабман бепарво юриб,
Тоғ бошига қор тушибди, қор.

Деразадан тоғларга қадар,
Узунлиги ҳаётимча йўл.
Бир даранинг устида каптар,
Чарх уради – қанотлари ҳўл.

Ярақлайди қишли, қуёшли,
Нур ва қорга беланган олам –
Унда мени жим соғиинади
Кўзёшлари тугаган онам.

Деразадан бери – тўрт девор,
Тўртови ҳам доно, файласуф:
“Курашавер! Фақат олға бор!..”
Улар менга таълим берар... уф!

“Тўғри” дейман... аммо бир ларза
Қалбда портлар – кўздан оқар ёш...
Юрагимда соғинч ҳар лаҳза –
Улканлашиб боргучи қуёш.

...Хайр, тоғлар, иш вақти етди,
Иш!.. бормасам тўхтайди замон.
Бағрингизда кўримсиз, митти
Тепа бўлиб қоламан қачон?

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


ВАТАН ҲАҚИДА
БАЙТЛАР
Ботирларнинг юраклари зиёд бўлар,
Юраклардан элу Ватан бунёд бўлар.

Мардларнинг мард ишларида зиё бўлар,
Мард ишлардан Ватан деган дунё бўлар.

Фидокорнинг кўз ёшлари пинҳон бўлар,
Бу пинҳонлик ичра Ватан осмон бўлар.

Шеър – кўнгилдир! Кўнгли бор юрт улуғ бўлар,
Ҳатто кўнгли ярим эрса, тўлиқ бўлар.

Номардлардан ёруғ дунё носоз бўлар,
Мард инсондан гулдай Ватан мерос бўлар.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi

Ватан химоячилари куни муборак.
Ватанни севиш, уни асраш барчамизнинг бурчимиз.
Ватан обод, ҳалқ фаровон бўлсин.


Сўрама, нима учун
Шеърларимда нолиш бор?
Бу кенг дунё ичида
Ёлғизгина қолиш бор...

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


***
Чавандоз улоқдан қайтди пиёда,
- Рангларингиз бир ол, айтинг, не бўлди?
- Онаси, дардимни қилма зиёда,
Онаси, отгинам...
отгинам ўлди,

Учиб борар эдим мисоли шамол,
Отгинам қоқилди.
Ўтмасдан бирпас...
Жасади устида туриб қолдим, лол,
Онаси, отимдан ажралдим, хуллас...

Чавандоз хўрсинди, «уҳ» тортди оғир -
Бир четга жимгина бурди юзини.
Балки у - эркак-да! - истамагандир,
Хотини кўришин ёшли кўзини.

Оламни тарк этди офтобу кундуз,
Чавандоз хўрсинар, ўйлар отини.
Эрига боққанча майину маъюс,
Гапирмас, ўлтирар сассиз хотини.

Чавандоз хўрсинар... От қайда энди,
Энди қайдан бўлсин у роҳат - лаззат?
Хотини ҳам жим-жит ўлтираверди,
На тасалли берди ва на насиҳат.

Чавандоз хўрсинар...
Тонг отар эди,
Энг сўнгги юлдузлар борарди ботиб,
Хотини шивирлар: «Ҳеч хафа бўлманг,
Сизга от оламиз уй-жойни сотиб...»

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi


* * *

Тез кет.
Бу тоғлар қўйиб юбормайди сени.
Эртаклар ўқийди сенга,
Мол боқтиради, сомон ташитади,
Ўроқ ўрдиради саратоннинг жаримасида,
Лой қоритади, ғишт қуйдиради,
Уй қурдиради пахса девордан,
Уйлантиради сени,
Исён қилишингга йўл бермайди.

Ҳамма қатори кўз юмиб ароқ ичасан,
Ҳамма қатори намоз ўқийсан бош эгиб,
Ишга узоқ мамлакатларга қатнайсан,
Тўй қиласан топган пулингга.

Қўшиғингни фақат тошлар эшитиши мумкин,
Дардларингни фақат арчалар...
Кўз ёшларингни эса шамоллар артади.

Тез кет!
Бу тоғларда бахтли бўлишинг мумкин...
Тез кет.

Усмон АЗИМ

https://t.me/UsmonAzimijodi


Нима ҳам берардим мен сенга, дунё,
Сенинг бозорларинг —
Бойвучча келин.
Дунё бозорларин одамлари-ҳо,
Олинг, юрагимни сотгани келдим!

Сиз — қимматбаҳосиз,
Мен — арзон, арзон.
Сизга балки фақат юрагим арзир.
Сиздан сўрамайман ҳақига осмон,
Фақат осмон каби юксалинг, ахир!

Сиз менинг қўлимга тутасиз ханжар:
— Кес!—дейсиз.— Парчала! Ташла қиймалаб!
Ўрганиб қолгансиз нега, одамлар,
Олмоққа юракни майда-майдалаб?

Бозорни тўлдириб оғрийди жоним...
Барибир ташаккур,
Барибир раҳмат!
Дунё бозорига келган инсоним,
Менинг юрагимни аяма фақат.

Юракни сўйсалар — топилмас гувоҳ,
Ҳар ким бу юракдан
Олар керагин.
Мен сизни кечирдим...
Сизда не гуноҳ?
Ўзи улкан бўлса менинг юрагим.

Усмон Азим

https://t.me/UsmonAzimijodi

Показано 20 последних публикаций.