#шеърият
МАДИНАМВисолинг қумсайди кўнгиллар такрор,
Ҳаёлдан ўтасан, кўзлар бўлар нам
Дeрларки: "Бир эмас, икки қуёш бор",
Ҳабибим дуосин олган Мадинам...
Зарра тупроғинг ҳам бахтли нақадар,
Набийнинг муборак изи мужассам
Бағрингдан энг хушбўй ифор таралар,
Ҳар жой сакинатга тўлган Мадинам...
Дунёлар ичра гўзалсан, кўркам,
Эсган шамолинг дилларга малҳам
Ҳазрат Абу Бакр сиддиқлигию,
Умар адолатин кўрган Мадинам...
Бақиъдек не улуғ бир қабристоннинг,
Қанийди мен ҳам бағрида бўлсам
Ҳаёсига гувоҳ шаҳид Усмоннинг,
Али заковатин билган Мадинам...
Кунлар ўтган сайин ўртайди фироқ,
Қалблар яқин-у, лек, манзил йироқ,
Биз унга, у бизга маҳбуб ўлароқ,
Устида Уҳуди бўлган Мадинам...
Саҳобалар содиқ бўлдилар ҳар дам,
Шаҳидлар Жаннатда бўлажаклар жам,
Ўлик дейилмаслар, жон берсалар ҳам,
Ҳамза жанозаси ўтган Мадинам...
Холид олган эди "Сайфуллоҳ" номин,
Ислом-чун хатарга қўйишган жонин,
Билолнинг азони янграган замин,
Неча улуғ шахслар ётган Мадинам..
"Саҳийлик денгизи", ул ибн Жаъфар,
Айтай Ҳофизларни, Қуръонда маҳкам,
Убай ибн Каъб-у, ибн Масъудлар,
Солимдек қорилар ўтган Мадинам...
Ҳузайфа бўлганди Набийга сирдош,
Нури Ислом билан ёришди олам
Сенда масрур эрур, ҳатто тоғ-у тош,
Саодат лаззатин тотган Мадинам...
Хуллас, таърифингни тугатолмам ҳеч,
Лек, ортиқ ёзмоққа ожиздир қалам
Қумсар сени диллар эрта бирла кеч,
Ансорлар Ҳабибин кутган Мадинам,
"Марҳабо" деб йўлин тутган Мадинам...
👉
@usmat_ota