“Газ ўрнига электр” бу янги ижтимоий келишув эмас, навбатдаги қопқонАлишер Қодир оғзи билан илгари сурилаётган газ ўрнига электр энергияси ишлатиш нарративи газ таъминоти ёмонлашишдан тўхтамаётган бугунги реалликларда гўёки қанақадир муросадек, таъбир жоиз бўлса, таклиф этилаётган “янги ижтимоий келишувдек” кўринади. Лекин бу қопқон, агар алдов бўлмаса.
Бу нарратив қопқон ва алдов эканини англашингиз учун айрим мулоҳазалар:
Биринчидан, аҳолига газ етказишни камайтириш (экспортни тўхтатиш эмас!) масаласини, афсуски, аллақачон ёпиқ кабинетларда муҳокама қилиш бошланган. Аҳолидан юлиб олинган газ қандай тақсимланади ва кимнинг чўнтагини бойитади, деган саволга очиқ жавоб йўқ, лекин газ экспорти тўхтамаётганидан, газга оид янги шиширилган лойиҳаларни ясаш авж олаётганидан ишора топсангиз бўлади.
Иккинчидан, 2 йил аввал қабул қилинган
стратегияга кўра,
газ қазиб олиш 2030 йилгача 62 млрд.кубга етказилиши керак. Бунинг учун давлатнинг, бюджетнинг триллионлаб сўми, миллиардлаб доллари ўзлаштирилмоқда. Агар стратегия вазифаси кучда экан, яқин 4 йилда газ қазиб олиш 20 млрд.кубга ошса, аҳолига газ беришни қисқартириш нима учун?
62 млрд.куб газ қазиб олиш вазифаси бажарилмаса, унда жавобгарлик кимда бўлиши керак? Аҳолидами ё энергорассомларда?
Учинчидан, энди тўққиз қайтганлар яна бир думалаб, пластинкани тескари айлантириб, 2030 йилгача газ қазиб олиш 30 млрд.кубгача, 2035 йилгача 20 млрд.кубгача қисқаради деган навбатдаги ёлғон картина чизишмоқда. Шу пайтгача, 8 йил давомида қазишни оширамиз, дея миллиард ва триллионларни ўзлаштирганлар энди импортни оширамиз, янги магистрал газ қувурларини қурамиз ва таъмирлаймиз, дея навбатдаги миллиардларни совуришга ўтишмоқчи (соусига мазасини пудрат қироллари эмадиган навбатдаги қимматлаштирилган энергетик лойиҳалар). Қизиғи, 8 йил давомида қазишни оширамиз дея ёлғон ваъдалар бериб келган тўда ҳам ўшалар, энди қазиш 2 карра пасайиб кетади, импортни 5 карра кўтаришга тўғри келади деётган ҳам ўша тўда. Ҳеч қандай жазосиз. Нима учун миллиардларни ўзлаштириш учун қайта ва қайта тўқилаётган ёлғонларга аҳоли балогардон бўлиши керак? Энергокасофатлар эмас?
Тўртинчидан, шонли энергетикларга оид қайси сўз ва ваъда бажарилгандики, бу таклиф ваъдасида туришса. Узоққа бормайлик,
газлашмаган уй хўжаликлари учун электр энергиясига 50 фоизлик чегирма ваъдаси амалга ошдими? Газ ўрнига электр энергияси таклифини қабул қилишингиз мумкиндир, лекин билингки, катта эҳтимол билан, газ аниқ бўлмайди, лекин эвазига электр ҳам барқарор бўлмайди. Нархини-ку гапирмай қўя қолай.
Сиз шунга розимисиз?