“Бир соатда 100 доллар топишни истайсизми?”, “Кўп пул топиш учун ажойиб имконият”, “Осонгина, ҳеч қандай меҳнатсиз, уйда ўтириб, кунига 1 000 доллар топинг”... Афсуски ўзига оҳанрабодек жалб этаётган бундай сўзлар ижтимоий тармоқларда рекламалар орқали турли канал ва гуруҳларга аъзо бўлишни таклиф қилиб, ёшларни тотализатор ўйинлар домига тортмоқда.Дунёда одамзодни тубсиз жарликка етакловчи, унинг умрини завол қилиб, боридан маҳрум қилувчи иллатлар кўп. Уларнинг энг ашаддийси ана шу “қимор” ўйинидир.
Кейинги пайтларда онлайн қимор балоси авжига чиқиб, интернет орқали пул тикиладиган турли ўйинларда иштирок этиш оқибатида катта маблағини ютқазиш туфайли хонавайрон бўлган, ҳатто, ўз жонига қасд қилганлар ҳақидаги хабарларга тез-тез кўзимиз тушмоқда.
Энг ачинарлиси, турли тотализаторлар орқали пул топишга уринаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этаётгани. Улар аллақандай мўъжиза сабаб бир лаҳзада катта ютуқларга эришиш мумкин, деб ўйлашади. Эришганда ҳам кейинги сафар бундан ҳам кўпига ютқазади, оқибати эса маълум.
“Дангасанинг иши битмас, ёз келса ҳам, қиши битмас”, деганларидек, бугун кўплаб ёшларимиз осон пул топиш, тезда бойиб кетиш орзусида. Бунинг сабаби, уларнинг қўлида айтарли касб-ҳунар йўқлиги, ёки бўлса ҳам дангасалик туфайли қонунга хилоф ишларни қилишга ҳам тайёр бўлмоқда. Шуни унутмаслик керакки, муваффақиятга эришиш учун йиллаб меҳнат қилиш зарур.
Фарзандларимизни яхши-ёмонни ажрата оладиган қилиб тарбиялашда биз катталарнинг ҳам хатоларимиз бор, албатта.
Қиморнинг хумори ёмон деганларидек, баъзи мамлакатларда қимор ўйинларига қарамлик ўзининг зарарли оқибатлари туфайли соғлиқни сақлаш соҳасининг муҳим муаммоларидан бирига айланган. Бунинг натижасида турли мамлакатларда жуда кўп одамлар бир неча йил ичида глобал миқёсда тотализаторларда ўйнаш туфайли соғлиғини йўқотиб, даволанишга муҳтожлигини маълум қилган.
Таъкидлаш лозим, қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш, ноқонуний қимор ўйинларини ташкил этишга ҳамда уларга ўсмирлар ва ёшларни жалб этишга кўмаклашувчи шароитларга барҳам бериш, қимор бизнесининг ривожланиши салбий оқибатларини олдини олиш бугунги кунда долзарб масала ҳисобланади.
Бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этишга жазо қайд этилган.
Президентимизнинг 2007 йил 28 мартдаги “Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 16 августдаги “Қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қимор ўйинларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ноқонуний фаолиятларга чек қўйиш ҳамда жавобгарликни кучайтириш белгиланган.
Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман суди томонидан айни шу масалалар юзасидан суд мажлиси ўтказилди. Унда МЖтКнинг тегишли моддалари билан айбланган А. А., Р. Н., А. Ю. ва М. Т.га оид маъмурий иш кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, 2024 йил 29 декабрь куни соат 17:00 ларда жамоат жойи ҳисобланган Оққўрғон тумани, Олимкент қўрғони “Наврўз” МФЙ ҳудудида жойлашган “Ҳусан” номли чойхонада А. А., А. Ю. ва М. Т. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан ўзаро бақир-чақир қилиб, уятли сўзлар билан сўкиниб, фуқароларнинг осойишталигини бузган. Улар майда безорилик содир қилишган, шундан сўнг чақирувга асосан етиб келган ИИБ ходимлари томонидан ўрганиш давомида ушбу фуқаролар бу ерда қимор ўйнаётгани ҳам аниқланган. Бунинг учун тикилган нақд пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Суд мажлисида маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради. Уларга қонунда белгиланган тартибида жазоланиши таъминланди.
Алижон Қаҳрамонов,
жиноят ишлари бўйича
Оққўрғон туман суди тергов судьясиСайт I
Telegram I
Facebook I
YouTube I
Instagram