МИЛЛИЙЛИКНИ ҚАДРЛАШ ВА УЛУҒЛАШ УЧУН НАҲОТ РАСМИЙ БУЙРУҚ КЕРАК БЎЛСА?!✅Бугун ижтимоий тармоқ саҳифаларида
“Пойтахт ҳокимининг миллийликни тарғиб қилиш ҳақидаги қарори ортидан мактабларда ўқитувчилар ҳамда ўқувчиларни миллий либос кийишга мажбурлаш бошланди” мазмунидаги хабарни ўқиб, рости на кулишни ва на йиғлашни билмадим.
Маълумот учун айтиш керакки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 326 та умумтаълим мактаби ҳамда 499 та давлат, 431 та нодавлат, 10 та давлат-хусусий шериклик асосидаги, 107 та оилавий жами 1047 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият олиб бормоқда.
Либослар – ҳар бир халқ тарихи билан узвий боғлиқ бўлиб, у миллий ўзига хосликни акс эттиради. Либослар турли этник белгилари билан ҳам ажралиб туради. Минтақамиздаги иқлим, шарт-шароит ва кўп йиллик тарихга эга эътиқодимиз асосида ўзига хос миллий либосларимиз шаклланиб келган. Миллий либосларимиз нафақат миллатимиз кўркини, балки маънавий мафкураларимизни ва дунё тамаддунида тутган ўрнимизни ҳам намоён этади.
Тошкент — мамлакатимиз пойтахти. Бугун юртимиз дунё эътиборига тушаётганлиги, ер юзининг турли бурчакларидан ташриф буюраётган минглаб сайёҳлар ва меҳмонлар диққат марказида эканлиги сир эмас. Қолаверса, пойтахт шаҳар — ҳар бир мамлакатнинг "ташриф қоғози" саналади. Шундай экан, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, ўзбек халқининг миллий бой маданий меросини тарғиб қилиш, пойтахт аҳолисининг миллий либосларга эътиборини қаратиш орқали эстетик дидини ошириш, туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшиш фақат расмий идоралар эмас, бутун халқимиз, жумладан, ҳар бир инсоннинг бурчи деб биламан.
Ана шундай эзгу мақсад йўлида бошқарма томонидан кеча ёки бугун эмас, бир неча йилдан буён мактабгача ва мактаб таълим ташкилотларида ҳафтанинг ҳар жумаси “Маънавият куни” деб эълон қилинган ва мазкур лойиҳа доирасида нафақат тарбияланувчилар, ўқувчилар, балки педагоглар ҳам миллий либосларда машғулотларда қатнашиб келмоқда. Шунингдек, “Миллий либослар куни” лойиҳаси доирасида “Маънавият соат”лари, турли маданий-маърифий тадбирлар, фестиваллар уюштирилаётганлиги кўпчилик томонидан илиқ қарши олинаётганлиги қувонарлидир.
Бу каби лойиҳалар ўз юртини, миллатини, Ватанини севган ҳар бир фуқаро томонидан ихтиёрий амалга оширилмоқда. Зеро, Ватанни, миллатни, миллийлигимизни, қадриятларни севиш ва ардоқлаш расмий идоралар буйруғи билан амалга оширилмайди.
🔰
Юқоридаги каби қадриятларимиз ва миллийлигимизни улуғловчи тадбирлар қайси ота-онага ёқмаётганлиги кўпчилик қатори менга ҳам қизиқ, албатта. Ўз навбатида бу лойиҳани Тошкент шаҳар ҳокими Қарорига боғлашлари жуда ҳам кулгули эмасми?! Биз қачон ўз Ватанимиз, миллатимиз, миллийлигимиз ва қадриятларимиз билан фахрланишни ўрганамиз!?🖌
Эркин ХОЛБОБОЕВ.
👉👉👉Каналимизга уланинг ва дўстларингизга улашинг: https://t.me/tmaktabtalimi