Оҳанглар оғушида ўтган умр
Шеър – шоирнинг замонига, воқеликка фаол муносабати, самимияти боис ардоқланади, эъзозланади. Самимиятнинг даражаси унинг бадиийлик билан омухталанишига боғлиқ. Бунинг учун ижодкорда Худо берган иқтидор бўлиши лозим. Шоир, олим ва таржимон Тилак Жўра шеъриятига баҳо берганда ана шу мезонлардан келиб чиқиб, фикр юритиш керак.
Тилакни болалигидан яхши билардим. Қоракўлнинг Қуйи Жанапар қишлоғида у туғилган йилларда бор-йўғи 35-40 оила яшарди. Томлари бир-бирига туташ оилаларнинг ҳар бирида беш-олти фарзанд, оила бошлиқлари эса эрта тонгдан кечгача пахтазор деб аталмиш майдонда – қўлида кетмон, ўроқ, тугунчасида битта қотган нон, бир сиқим майиз.
Тилакнинг оиласида – отаси Рўзи бобо, онаси Ашур момо ва опалари яшарди. Тилаквой тўрт қиздан кейин туғилган ўғил бўлгани боис жуда шўх, ўйинқароқ ўсган. Рўзи бобо одми одам эди. суҳбати ширин, ҳазилкаш, кўнглида кири йўқ инсон. Бобо кенг бедапоя, беданаларнинг сайрашини хуш кўрарди. Тилакка отасининг ушбу фазилатлари сингиб, шеърларида бедазорни, беданани кўп тасвирлаган бўлса, ажаб эмас.
…1960-йилларнинг бошлари эди. Мен Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университет)нинг филология факультети журналистика бўлимида ўқирдим. Ёзги таътил пайтида, албатта, қишлоққа келардим. Эсимда, поезддан тушган куним эди. Тушдан кейин бир бола сўроқланаётганини айтишди. Ҳовлига чиқсам, бўйлари чўзилган, бўйни гавдасига нисбатан узунроқ, қўлида аллақандай китобча ушлаган Тилак турарди.
Салом-аликдан сўнг муддаога ўтиб, «Беҳбуд ака, менга университетда ўқиган дарсликларингизни, ёзган конспектларингизни беринг, шеъриятга қизиқаман», деди.
– Нечанчи синфни битирдинг, шеърлар ҳам ёзасанми? – сўрадим ундан.
– Бешинчини, шеър ёзмайман, шунчаки тўқийман, ўзи келаверади. Ахир, шоир ёзувчи эмас-ку, ёзаверса. Шоир шеър тўқийди-да, – деди у дабдурустдан.
– Йўқ, Тилаквой, шеър, аввало, ёзилади, қайта-қайта ёзилади, тузатилади. Оғзаки тўқиган билан шеър пайдо бўлавермайди, унинг заҳматлари кўп. Шеъриятга қизиққанинг жуда яхши! Шеърий китоблар ўқийсанми? Қайси шоирларнинг китобларини ўқидинг? – сўрадим ундан.
– Дарсликлардаги ҳамма шеърларни ёддан биламан. Мана, кеча Қоракўлдан Миртемир деган шоирнинг мана бу китобчасини сотиб олдим. Жуда зўр ёзар экан. Нега бизларнинг дарсликка киритилмаган? – деди ажабланиб Тилак ва қўлидаги китобчани менга узатди.
– Миртемир домла файласуф шоир. Жуда кўп китоблари чиққан. Лекин шеъриятга чин дилдан ошно бўлиш учун классик шоирлар, ёзувчилар асарларини ҳам ўқиш керак. Навоий, Фузулий, Рудакий, Бедил, Бобур каби шеърият даҳоларининг китобларини қунт билан мутолаа қилиш керак. Ғафур Ғулом, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Усмон Носир, Чўлпон шеъриятидан ҳам хабардор бўлмоқ албатта зарур, – дедим унга.
Тилак Жўра шоирлик ҳақиқий қисмат эканини ўрта мактабни тугатиб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга киргач, чуқур тушуна бошлади. Дўстларимиз Абдулла Шер, Эргаш Муҳаммад, Муҳаммадали Қўшмоқов, Отаёр, Рауф Парфи, Абдужалил Халиловлар билан даврадош бўлган кезлари, янги ёзган шеърларини ўқир, улардан маслаҳатлар олар, ўз устида тинмай ишларди. Аста-секинлик билан унинг Ватан, инсон туйғулари, ҳаёт ҳақидаги шеърлари тимсолларга, янги-янги ўхшатиш ва метафораларга бойиб борди.
Тилак Жўра 1977 йилда биринчи китоби «Райҳон»ни шеърият ихлосмандлари ҳукмига ҳавола қилди. У тақдирнинг чеҳрасидаги истеҳзоли табассумни пайқайдиган шоир эди.
Мен не-не бахтли болалар каби
Бешикда тебраниб, кўзмунчоқ санаганим йўқ.
Мен туғилганда бешиксоз уста
Урушдан қайтганди, қўлини қолдириб…
деб ёзганди бир шеърида.
Унинг шеъриятида самимият яққол сезилиб туради. Тилак Жўра фавқулодда сунъийликдан қочадиган шоир эди ва шунинг учун ҳам ҳамиша қалбидан вулқондек отилиб чиққан ҳис-туйғулар жиловини бутунлай бўшатиб қўярди. У инсон табиати ҳамда характерини, қишлоқ ҳаётини ҳаддан ташқари яхши ҳис қиларди. У оддий турмуш воқеаларидан умуммиллий ва умуминсоний хулосалар чиқаришга қодир эди.