✨Шаъбон ойида рўза тутиш
✨Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (баъзи ойларда) шундай рўза тутар эдиларки, ҳатто биз (энди бу ойда ҳеч) рўзасиз юрмасалар керак, деб айтар, аксинча, (баъзи бир ойларда кетма-кет) рўзасиз юрар, ҳатто биз (энди бу ойда) рўза тутмасалар керак, деб айтар эдик. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рамазондан бошқа бирон ойда тўлиқ рўза тутганларини, шунингдек, (рамазондан бошқа ойларда) шаъбон ойидагичалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим”
✨Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен дедим: “Эй Расулуллоҳ, мен бирон ойда шаъбон ойидагидек рўза тутганингизни кўрмадим”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бу ражаб билан рамазон ўртасидаги кўпчилик эътиборсиз қарайдиган ойдир. Бу ойда амаллар оламлар Раббисига кўтарилади. Шундай экан, рўзадор ҳолимда амалларим кўтарилишини яхши кўраман”
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойида кўп рўза тутиш ҳикматини қуйидагича баён қилдилар:
А) одамларнинг бу ойга эътиборсизликлари
Б) бу ойда амаллар Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилиши
❗️Эслатма:
Юқорида ўтган Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рамазондан бошқа бирон ойда тўлиқ рўза тутмаганлари айтилди. Мазкур ҳадис Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда келган “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбоннинг ҳаммасида рўза тутар эдилар”, деган ҳадисга зид келмайди. Негаки, бирон бир ойнинг аксар қисмида рўза тутилган бўлса, ойнинг ҳаммасида рўза тутилди, дейиш жоиздир.
Термизий Ибн Муборакдан нақл қилишича, араб тилида бир киши ойнинг аксар қисмида рўза тутган бўлсада, ойнинг ҳаммасида рўза тутди, дейиш жоиз.
✨Шаъбоннинг иккинчи ярмида нафл рўза тутиш ҳукми:
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар шаъбон ойи яримласа, то рамазон кирмагунча рўза тутмангиз”
✨Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзи уламоларнинг фикрича, ҳадисдан шаъбон ойининг аввалида рўза тутмаган, сўнг бу ой охирлаб қолгач, рамазонга тайёргарлик учун рўза тутган киши назарда тутилган”.
✨Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ айтади: “Яъни, бу ҳадисда “шаъбонни рамазонга улаб, шаъбон ойининг ҳаммасида рўза тутмангиз”, дейилмоқда, шаъбон яримласа батамом рўза тутишдан қайтарилаётгани йўқ”.
Хулоса, ҳадисда фақат шаъбон ойининг иккинчи ярмидагина рўза тутиш ёки шаъбонни рамазонга улашдан қайтарилмоқда. Аммо бир инсон шаъбоннинг бошида ҳам рўза тутса ёки фақат бу ойнинг охирида рўза тутиб, охирида тутилган рўзани рамазон рўзасига улаб юбормаса, у ҳолда бу ойнинг икинчи ярмида рўза тутишнинг зиёни йўқ, валлоҳу аълам.