Баъзи ижодкорлар жимгина ижод қилади. Уларга мухлислар эътирофи, унвону мукофотлар, қутловлар ва мақтовлар керак эмас. Сокин ижод қилаверади. Лекин ёзганлари ҳаммани даҳшатга туширади. Ёзганлари ўқувчини фикрлашга, ўйлашга ва... йиғлашга мажбур қилади.
Одил Оға ана шундай ШОИР! Жимгина ижод қилади. Аммо ёзганлари камида ўқувчини йиғлатади.
Ўқиб кўринг!
ШЕЪРНИ ОХИРИГАЧА ЎҚИНГЛАР!!!
“Очиқ хат”.
Нега сиз бўлмайсиз сира ҳижолат?
(Ш. Раҳмон)
Қаричига боболар жон тиккан ер
Қўлдан кетар букун фарсаҳ, таноблаб.
Халқмас, етти пуштингизнинг ғамин еб,
Наҳот, буни сезмаяпсиз, жаноблар?
Юздан ошиб кетсин, майли, ёшингиз,
Қайдан келди еганингиз – кабоблар?
Етим ҳаққи балки ичган ошингиз, -
Ичингизга тушяптими, жаноблар?
Сизга амал керак, бойлик, мулк – муҳим,
Гуноҳдан пок, балки, қилиб тавофлар?
Яхши қаранг, қўлларингиз – қон юқи –
Қайси сувда кетар, ювса, жаноблар?
Ис газидан ўлар қишда қанчаси,
Мингдан ўтар йилда, аниқ, саноқлар!
Сизнинг, сизнинг бўйнингизга барчаси,
Тунда қандай тинч ухлайсиз, жаноблар?
Четда сарсон минглаб, миллион фуқаро,
Сизнинг нафс деб шунча зулм, азоблар.
Дейсиз: Тинчмиз, осмонимиз – мусаффо,
Яна бошқа таскин борми, жаноблар?
Бир автобус ўзбек ёнди Қозоқда,
Нега, деган саволга йўқ жавоблар.
Сиз-чи, жазман қучоғида ётоқда
Айшингизда бардавомсиз, жаноблар!..
“Кичиги”да қўш – қўш сарой, маркаблар,
“Каттаси”да четда вилла, “ҳисоблар”.
Афсус, олиб кетолмайсиз орқалаб,
Қоляпди – ку, кўряпсиз – ку, жаноблар?!
Ўлдирдингиз “қурут ўғриси” – болани,
Кимга айтсин арзин ҳоли хароблар?
Шундан сўнг ҳам сизга мансаб ҳалолми,
Ҳамма ўлар, сиз ўлмайсиз, жаноблар!
Ўн саккизта гўдак ўлди “Док 1” дан,
Ҳамкорингиз – қаллоблару жаллодлар
Ўттиз йилни қорайтириб кўмирдай,
Келажакдан лоф урасиз, жаноблар!
Ёруғ, иссиқ, шинам сизнинг кошона
Қора халқ-чи, ўлмай ҳоки туроблар.
Одил подшо битмаган шўр пешона
Сизни зарра қизиқтирмас, жаноблар!
Бу шеър чиқса, бошим кетар муқаррар,
Мен осийга керак, ахир, савоблар.
Фақат “ўлим машинангиз” мукаммал,
Қолганлари – “тош асри”да, жаноблар!
2022 йил декабр, Одил ОҒА!