Шерзод Комил Халил ижоди


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Книги


Бу ўзбек ёзувчиси Шерзод Комил Халилнинг муаллифлик канали

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Книги
Статистика
Фильтр публикаций


Шерзод Комил Халил

Тонггача

Ёрқин нур сочади кечаларда ой,
Шохлар қисирлайди, жунжикар одам.
Дунё ўтиб борар, дунё ҳойнаҳой,
Мавзун меҳварида айланар олам.

Ёлғиз далаларда чайқалар шамол,
Енгил, совуқ қишнинг нутфаси дилгир.
Ўзи яшамоқдан не эди аъмол?
Фикр хаёлингни яралар кескир.

Кофе, лампа нури кутубхонанинг
Берар юрагингга бироз илиқлик;
Руҳни тарк этиши - ўлим, тананинг
Инжа навозиши эрур тириклик!

Ўйлайсан, дунёнинг ҳасонати шу,
Даврлар ўтади, алмашар фасл.
Қандайин яшадим: ўтган умр-ку,
Бугунги кунлардан кўринар асл.

Сукунат чалади ғамгин бир куйни,
Шундай ўйлар қамрар туйқусдан онгни;
Тарқатиб юборар ва бирдан ўйни,
Бостириб келиши оппоқ бир тонгни...
11.02.2025.
Тошкент.

@Sherzodkomilkhalil


«Кундалик-2025» дан:          9.02.2025.
                                                  Тошкент.

      Эрталаб ёмғирнинг шовқинидан уйғониб кетдим. Онам нонушта олдидан ёмғир ёғибдими деразадан қараётганида мен тасдиқладим. Кўчага чиққанимда ҳаво жуда ёқимли эди. Ёғингарчалик пайтлари Тошкентда енгиллик сезаман. Жейн Остеннинг аёллар яхши кўрадиган «Мағрурлик ва хурофот» романини ўқиб тугатдим. Китоб номи бизда «Андиша ва ғурур» номи билан машҳур. Эртакнамо, енгил ўқилади, бошланғич китобхон қизларга ёқар эҳтимол бу китоб.
        Москвага, Пўлатовга юборилган китоблар почтаси йўлга чиқибди. «El Press»дан код беришди, агар хоҳласангиз ўзингиз ҳам юборган китобларингизни қаерга етиб борганини онлайн кузатиб боришингиз мумкин, дейишди. Менга етиб борса бўлди, дедим. Кузатиш учун менда вақт йўқ, лекин почта хизматининг бу каби имкониятлари борлиги барибир яхши. Шундан хурсанд бўлдим.
    Сиёсатчи Камолиддин Раббимов билан «Сукут инқилоби» китобига сўзбоши борасида яна гаплашдим.

@Sherzodkomilkhalil


Москвага, Темур Пўлатовга қуйидаги ишларни юбораяпман:

1. «Ўлим лабиринти» (муаллифлик китобим, ҳикояларга сўзбошини Темур Пўлатов ёзган);
2. «Мен қўрқаман»(жаҳон адабиётининг энг сара эсселари, таржималарим. Тўпламда Темур Пўлатовнинг «Ислом ва денгиз» эссесини ҳам таржимаси киритилган);
3. «Шарқ юлдузи» журналининг 2024 йил, 12-сони( Журналда Темур Пўлатов билан ҳаммуаллифликда «Одам Атонинг сўнги авлоди» қиссамиз босилган).

@Sherzodkomilkhalil


«Шарқ юлдузи» журналининг 2024 йил 12-сонида чоп этилган Темур Пўлатов билан ҳаммуаллифликда ёзилган «Одам Атонинг сўнги авлоди» қиссамизни ўқиш ҳақида журналист Тўлқин Ҳайит тавсиялари...

@Sherzodkomilkhalil




Репост из: BOOK.UZ
✍️Taqriz

“Ўлим лабиринти” ечимини излаб: Ҳисор ўрмонзорларида кезаётган Фолкнер

Шаҳнозахон Назарова,
филология фанлари доктори, доцент

🚚 @bookuzbot  / +998712300050

📚 @bookuzbekistan


Шерзод Комил Халил

Фалсафа магистрининг эсдаликлари

***
Тарихнинг циклик назариясини Освальд Шпенглер «Оврўпа қуёшининг ботиши» асарида ишлаб чиққан. Шпенглер Ибн Халдунни ўқиганми-йўқми, билмайман, аммо бундай назария ўрта аср шарқ олимининг «Муқаддима» асарида анча олдин бор эди. Ибн Халдунга кўра, давлатлар ва империялар маълум босқичларни босиб ўтади: юксалиш, гуллаб-яшнаш ва таназзул. Бу назария тарихий жараёнларни тушуниш учун муҳим аҳамиятга эга. Ҳатто Монтескьега нисбат бериладиган географик дитерминизм назарияси, яъни иқлим ва географиянинг инсонларнинг ҳаётига, уларнинг хулқ-атворига ва жамиятнинг ривожланишига таъсири ҳақида ҳам Халдун биринчилардан бўлиб фикр юритган. У «Муқаддима»да иқлим шароитининг қишлоқ хўжалиги, савдо ва шаҳарларнинг ривожланишига таъсирини кўрсатиб берган. Албатта шахсан ўзим географик детерминизм назариясининг Халдун ва Монтескье позицияларини тўғрилигига қўшила олмайман. Совуқ иқлим баъзи халқларни ривожланишига турки берган бўлса, масалан скандинавия халқларига, худди шундай иқлим нега чукчалар ва юкогирларни ривожланишига хизмат қилмади? Ёки орол шароити ривожланишига туртки берса, масалан японлар каби, нега худди шундай шароит аборогенлар ёки Янги Гвинея халқлар анъанавий турмуш тарзи билан ҳалигача қолиб кетган?! Халдун ва Монтескьенинг бу борадаги назариялари ўта субъектив моҳиятга эга. Мен бу борада этногенез назариясини қўллаб-қувватлайман. Унга кўра ривожланиш муайян халқнинг этник ўзига хослиги билан боғлиқ.

***
Мен Карнапнинг верификация принципи назарияси илмий асос сифатида кўриб чиқилишига қўшила олмайман. Карнапнинг верификация принципига кўра, маънога эга бўлган гаплар эмпирик равишда тасдиқланиши ёки сохталаштирилиши керак. Бу принципни метафизика, дин ва ахлоққа нисбатан қўллаш мутлақо нотўғри позияларни келтириб чиқаради. Масалан, диний матнларни эмпирик тасдиқлай олмаймиз. Карнапга кўра, агар эмпирик тасдиқлай олмасак, уни сохта эканлигини айтишимиз керак. Кўриниб турибдики, бу йўлдан бориш кўпроқ эътиқодий адашишларга, ахлоқий дилеммаларнинг маъносизлигига ва метафизик билимларга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради. Шу томонларини ҳисобга олиб Карнапнинг верификация принципларини танқид қилиш мумкин деб ҳисоблайман.

***
Мен Мантиқий позитивизм мактабининг эмпирицизмга содиқлигини ҳурмат қилган ҳолда,  барча фанларнинг гапларини ягона тилда, хусусан, физик тушунчаларда ифодалаш мумкин деган қараши ёқмайди. Улар фалсафани имкониятларини чеклайди ва бу юкни физикага олиб бермоқчи бўлишади. Улар фалсафанинг вазифаси илмий билимларни мантиқий таҳлил қилиш ва уларнинг аниқлигини таъминлаш, унга шуни ўзи етарли деб ҳисоблашади, физиканинг эса имкониятларини бўрттиришади. Мен эса физика ўз илмий билимлари доирасида ҳал қилиб бўлмайдиган жойдан фалсафа бошланишига ишонаман. Физикада гипотеза илгари сурилишини тушунмайман, чунки бу унинг аниқ фанларга хос имкониятларидан чиқиб гипотетик йўналишга ўтиб кетаётганини кўрсатади. Бошқача айтганда физика фалсафа ҳудудига кириб кетмоқда. Гипотетикага ўтиш бошландими, бу аниқ фанни чегарасини бузилишидир. Физика аниқ, чекланган ҳудудда мавжуд, чексизлик ҳудуди бу фақат фалсафага хос. Мантиқий позитивизмнинг фалсафа ҳудудларини чеклашга уриниши ва бу ҳудудларни физикага тортиқ қилиниши туркий халқларни чек-чегарасиз ҳудудларини эгаллаб, шу ҳудудларда империя тузган Россия ва Хитой каби супердавлатларнинг истиқбол иддаоларига ўхшайди бу. Фалсафа ўз ҳудудларида мавжуд бўлиб қолиши керак. Унинг истиқболи шунда.

***
Лео Фробениуснинг маданий антропологиясида диффузионизмга менимча ҳаддан ташқари катта урғу берилган. У ҳатто маданий ўхшашликларни ҳам оддийгина маданий тарқалиш деб тушунтиради. Менимча Фробениус маданий ўзига хослик нима эканлигини тушунмаса ҳам керак. Диффузионизмнинг хатарли тарафи шундаки, у маданий плюрализмни тан олмасликка олиб боради. Маданий идентликни тушунмаслик, этноцентризмга мойиллик Фробениус маданий антропологиясини танқидга сабаб бўладиган нуқталари деб ҳисоблайман.

***
Шошилмасдан шошилинг! Эҳтимол, мана шу гап менинг шиорим!

@Sherzodkomilkhalil




Репост из: BOOK.UZ
🔥Premyera | Sotuvda🔥

📖 Jahon adabiyotining eng sara esselari

📘«Men qoʻrqaman»

Essechilik - zamonaviy adabiyotning eng ko'p murojaat qilinadigan sohasi sifatida istiqbolli ahamiyatga edi. Essening shakllari va tadrijiy rivojlanishi bugungi tezkor va global zamonda olam va odamga, fan va san'atga munosabat o'laroq favqulodda hozirjavoblik kvintessensiyasi bo'lib yangradi. Kitobda jahon adabiyoti klassiklari esselarining bir to'plam ko'rinishida yig'ilishi bu janr tabiatiga qiziquvchi keng kitobxonlar ommasini befarq qoldirmaydi degan umiddamiz.

Nashriyot: «Yangi asr avlodi»
Muqova: Yumshoq, 160 bet
Narxi: 27 000 soʻm

🚚 @bookuzbot  / +998712300050

📚@bookuzbekistan


#қисса

«Шарқ юлдузи» журналининг 2024 йил 12-сони бугун қўлимга тегди. Унда Темур Пўлатов билан ҳаммуаллифликда ёзилган «Одам Атонинг сўнги авлоди» қиссамиз чоп этилган. Қисса ҳақида Неъмат Арслоннинг «Кучли аурага ўровчи асар» тақризи ҳам илова қилинган. Қисса ҳақида ортиқча фикр айтишдан тийилган ҳолда, уни албатта журналдан тўлиқ ҳолда ўқиб кўришингизни тавсия қиламан...

@Sherzodkomilkhalil


Видео недоступно для предпросмотра
Смотреть в Telegram
Шеърни ким ёзган билмадим, аммо қизчанинг қўлида менинг ҳикоялар тўпламимни бериб қўйишган экан...

@Sherzodkomilkhalil


Анифнинг «Оқдан қизилга» илк шеърий тўплами «Акс» сериясида чоп этилди. Муаллифдан китобни дасхати билан олдим...

@Sherzodkomilkhalil


Репост из: BOOK.UZ
Dam olish kuningiz maroqli oʻtsin!

☺️ Retro milliy kinolarimiz bazi kitoblar bilan uygʻunlashganda:

Video manba: Nostalgic Movie

@bookuzbekistan


«Мен қўрқаман» номли жаҳон адабиётининг энг сара эсселари book.uz да сотувга чиқди...

@Sherzodkomilkhalil


Hayot oqimlari.docx
37.5Кб
#тақриз

Тошкент Амалий Фанлар университети Ўзбек тили ва адабиёти факультети III-курс талабаси Собира Сайлиеванинг «Ўлим лабиринти» ҳикоялар тўпламимиз ҳақида «Ҳаёт оқимлари» номли тақризи...

@Sherzodkomilkhalil


«Кундалик-2025» дан:         30.01.2025.
                                                    Тошкент.

       Кеча эрталаб ёққан енгил қордан кечга бориб асар ҳам қолмади. Ҳавони тушуниб бўлмайди, на совуққа ўхшайди, на иссиққа. Кафеда тушликка чиққанимизда бизга токка уланган печни яқин қўйишди. Ичкари зах эди шекилли, шунга қарамай кўчада жемперда чиққандим. Дўстимга шаҳардаги йўл юзидаги чинорларнинг барчасини бошини кесишганига эътибор қаратдим. Кесилмай қолган айримларида қуш инлари бор эди. Қушлар баланд дарахтларда ин қуради. Аммо бизни каллаварамлар ҳамма нарсада бўлгани каби баландликдан доим қўрқади. Шаҳардан қушларни кетиб қолганини сабабларидан бири эҳтимол дарахткесарларнинг миясига келган аҳмоқона кесиш услублари билан боғлиқмикан?! Москвада 2024 йилда ёзган «Феврал қушлари» номли эссемда мен бу ҳақда мулоҳаза юритганимни хотирлайман. Тошкентнинг экологик табиатини нафақат, кўлларни қуритиш, дарахтларни оммавий кесиш, бўшаган ҳудудларни бетон уйларга тўлдиришдек узоқни ўйланмаган лойиҳалар билан барбод қилишмоқда, балки, иссиқлик энергиясини мамлакатнинг гази бўла туриб, кўмир саноатига ўтказиш орқали ҳам йўқ қилишмоқда. Балки экологияни бузилишига дарахткесарларни олдга чиқариб, кўмир саноатининг шаҳар атмосферасига кўрсатаётган даҳшатли зарарини яширишмоқчидир. Аммо биз бу манфур ҳаводан нафас олаяпмиз, ифлос ҳаводан заҳар ютиб, Худо бир марта берган умримизни энг муҳим сонияларини қисқартиришга рози бўлаяпмиз. Яшаш ҳуқуқимизни поймол қилаётганларларнинг тўймас нафси ҳакалаклари учун ҳаётимизни энг қадрли сонияларини бой бераяпмиз. Мен рози эмасман! Шаҳарда миллионлаб дарахтлар экилишини истайман. Шаҳарда табиий ва сунъий кўллар кўп бўлишини истайман. Камроқ махсус иқтисодий зоналар қуриш, камроқ бетон уйлар барпо этиш керак. Тоза ҳаво қолсин болаларга, яшил дунё қолсин. Соғлом одамлар кўпроқ соғлом тафаккур юритади. Соғлом одамлар кўпроқ китоб ўқий олади. Бу туйғуларни менга бахш этган китоблар бор. Инчунун, шу кунларда журналистлар К.Провост, М. Кеннардларнинг «Сукут инқилоби» деган китобни қайта ўқияпман, уни таҳрири билан бандман. Бу дунёнинг кирдикорларини яхшироқ тушунтирадиган китоб! Янги йилдан кейин менга қаттиқ таъсир қилган иккинчи нобадиий асар Энн Апплебаумнинг «Автократия, бирлашма: дунёни бошқаришни хоҳлайдиган диктаторлар» деб номланадиган Пулитцер мукофоти билан тақдирланган китоби бўлди. «Сукут инқилоби» ва бу китоб ҳақида «Тафаккур» журналига Шерзод Комил Халил мутолаа қилади номли рукнда мақола ёзиб беришимни кеча журнални бир ходимига айтдим. - Ёзинг, -  деди у, бадиий ва нобадиий китоблар ҳақида ёзаман. Охирги ўқиган бир неча китоблар ҳақида ёзмоқчиман...
      Тонг отаяпти, уйқу ўчди. Бомдоддан сўнг юришга чиқишим керак. Кейин кофе ичиш, ёзув столида бир соатлик ижодий иш устида ўтириш, сўнг ишга жўнаш керак. Бугун бир қиз бирровга «Ўлим лабиринти» китобига дасхат олишга келар экан. Ишлашга жуда чанқоқман. Яратган ёрлақасин...

@Sherzodkomilkhalil




Шерзод Комил Халил

Оқ қарға

Оқ қарға кўрганман, мен ҳам бир вақтлар,
Кўп ҳам бўлгани йўқ бунга очиқ гап;
Шимол ўрмонида қуюқ дарахтлар,
Гуркираб ўсган чоғ бетанг, бетараф.

Оқ қарға кўрганман, овчи қўлида,
Қўнишиб турарди патлари тўзғин.
Билмасман нима бор бебош дилида,
Ҳар ҳолда қарға у, қарға у - қузғун!

Оқ қарға кўрганман, ғамгин кўзлари,
Чақмоқлар, оловлар меҳвари қотган;
Қўлимга қўнганда тирноқ излари,
Чандир билагимда чаёндай ботган.

Оқ қарға кўрганман, кўрганман ёвуз -
Одамнинг раъйига кўнган ночор қуш!
Инсон фитратида ёнган тажовуз,
Оқ қарға руҳини ўлдирган беҳуш.

Оқ қарға кўрганман, қора қарғалар,
Қаторга қўшмаган уни ҳеч қачон!
Ўзларин улуғлаб юрган дарғалар,
Ўқиган гал олиб, бир-бирига шон!

Оқ қарға кўрганман, қарғадай яшаб,
Қарғалар ичига қўшилмай ўтган;
Айби у оқ қарға, андак беадаб,
Дунёда ўзини йўлини тутган.

Оқ қарға кўрганман, о, бу не бахтдир?..
Ўйласам кетаман гоҳида тўлиб;
Қора қарғаларнинг ичида тақдир,
Яшаш азоб эди оқ қарға бўлиб...
29.01.2025.
Тошкент.

@Sherzodkomilkhalil


https://oyina.uz/kiril/article/3451

Филология фанлари доктори, доцент Шахноза Назарованинг «Ўлим лабиринти» ечимини излаб: Ҳисор ўрмонзорларида кезаётган Фолкнер» тақризини oyina.uz порталидан ўқишингиз мумкин...

@Sherzodkomilkhalil


Габриэл Гарсиа Маркес

Менинг ғамгин фоҳишаларим ҳақида қайғули хотираларим
(қисса)

(Давоми, боши олдинги саҳифаларда)

Уй кенг ва ёруғ эди, ундаги гипсли аркалар, шахмат тахтасини эслатувчи флоренцияча мозаикалар ўзгача кўрк берарди; Уйни ўраб турган айвонларга қараб тўртта ойнаванд эшиклар очиларди, у ерда онам март оқшомларида италян амакиваччалари билан севги арияларини куйлаш учун чиқишарди. Айвондан сиз Сан-Николас боғини, собор ва Христофор Колумб ҳайкалини, ундан нарида, йигирма лига узоқликда эса қирғоқларидан худдики шароб қуйилаётгандай таассурот берадиган улуғвор Магдалена дарёсининг бутун бир маҳобатини кўришингиз мумкин эди. Уйдаги ягона ноқулайлик қуёш бўлиб, у кундузи навбатма-навбат барча деразалардан мўралайди, тушдан кейин уйқу соатларида иссиқ хоналарни нимғира қоронғулик шабига чўктиришингиз учун деразаларга парда тортишга мажбур бўласиз. Мен ўттиз икки ёшимда ёлғиз қолганимда, бир вақтлар ота-онамнинг ётоқхонаси бўлган хонага кўчиб ўтдим ва шу вақтдан бошлаб ҳаётим учун кераксиз бўлган ҳамма нарсани сота бошладим, деярли ҳамма нарсани, фақат китоблар ва роликли пианола бундан мустасно.
      Қирқ йил давомида мен «Диарио де-ла-Пас»да янгиликлар рукнини юритдим, бу иш кўкда учиб юрган қисқа тўлқинларни тутиб Морзе алифбосида маҳаллий аҳолига дунё янгиликларини етказишдан иборат эди.
       Энди мен аллақачон қазо бўлган ўша вақтлардаги сабоқлардан кўра, нафақада кўпроқ омон қолишни афзал кўраман; лотин ва испан граматикасини ўргатганим учун менга тузукроқ ҳам тўлашмасди, деярли ҳеч нарса олмасдим - ярим асрдан кўпроқ вақт давомида  бетиним ёзган якшанба ёзувларим шимилтириққа ҳам арзимайдиган мусиқа ва театр ҳақидаги қисқа эслатмалардан иборат эди, буларни ҳар гал бу ерга таниқли ижрочилар келганда уларга шунчаки беҳуда ҳавола қилардим. Шуни айтмаганда, бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмаганман, фақат ёзганман, бошқа менда бирор қобилият ёки касб бўлмаган, иттифоқо, ҳатто драматик композиция қонуниятларини ҳам умуман билмайман, бу иш билан фақат ўзимга ишонганим учун шуғулланганман холос. Ўқилган китоблар ҳаёти кўпчиликдан олган билимларим кучини асосини ташкил қилган. Ростакамини айтганда, мен ёрқинлиги ва қадр-қиммати бўлмаган авлодимнинг сўнгисиман, агар мен билан содир бўлган шу нарса бўлмаганида эди, мени авлодларга қолдирадиган ҳеч нарсам бўлмасди, лекин бахтга қарши бу нарса содир бўлди, бу - хотиралар ҳақида гапирадиган менинг буюк севгим эди.
       Тўқсон ёшни қоралаган кунимда ҳам ҳар доимгидек соат бешда уйғондим. Ўша куни мен қилишим керак бўлган ягона юмуш «Диарио де-ла-Пас» газетасининг якшанба сонида мақола ёзиш эди. Эрталабки аломатлар ўзимни бахтли ҳис қилмаслигим учун етарли эди: азондан суякларим сирқираб оғрирди, орқа умровларим ёнарди, бамисоли уч ойлик қурғоқчиликдан сўнг, момақалдироқ гумбурларди ичимда. Кофе тайёр бўлгунча, мен ювиндим, сўнг бир финжон қаҳва ичдим, иккита маниок илдизидан тайёрланган бўтқа билан тамадди қилган бўлдим, дағал костюмимни кийдим.
      Иттифоқо, мақола мавзуси, ҳеч шубҳасиз менинг тўқсонни қоралаганим ҳақида эди. Худди одам сув ўтмайдиган том ҳақида ўйламагани сингари, мен ҳам албатта ҳеч қачон ёш ҳақида ўйламаганман. Эҳ, шундан бери қанча сувлар оқиб кетди... Неча йил ўтди, қанча қиш...
      Мурғаклигимда эшитгандимки, одам ўлса, унинг сочида уя қуриб олган битлар, марҳумнинг яқинларини шарманда қилиб, ёстиқ бўйлаб ўрмалаб қочар экан. Бу мени шунчалик ҳайратга солгандики, мактабга борганимда сочимни олдиришга ҳеч қандай тихирлик қилмадим, аксинча, итларни ювадиган аччиқ совун билан бошимни ювишларига ҳам рўйхушлик билдирдим. Энди ўйлаб кўрсам, менда ўшандаёқ, болалигимда, уят ҳисси ўлим туйғусидан кўра мустаҳкамроқ шаклланган.
      Бир неча ойлар олдин ўйлаганимдек, шу маънода менинг юбилейга бағишланган мақолам аксар кексаларники сингари нола-фиғон арияси эмас, билъакс, кексаликка битилган алқов бўлса ажаб эмас. Энди мен қачондан қариб қолганимни англай бошлаганимни хотирларканман, бунга кўп вақт бўлмаганини эслайман.

Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси

(Давоми бор)

@Sherzodkomilkhalil

Показано 20 последних публикаций.