Наҳотки, яна куз? Севинчдан ёна
Кўнглимда янграйди мезонлар васфи.
Ҳар куни ҳикматга айланиб яна,
Умримни гуллатар хазонлар фасли!
Соҳиба Ҳаёт
Наҳотки, яна куз?! Ишонгим келмас,
Хазонлар шовқини сезилар элас.
Байрам қилаяпти қушлар олқишлаб,
Кўзларингни юмиб, қарагин бирпас...
Наҳотки, яна куз – Сен севган фасл,
Табиат осуда, хотиржам ва тинч.
Сенинг юрагингда мангу сукунат,
Менинг юрагимни қийнайди соғинч.
Наҳотки, яна куз?! Шунча йил ўтди,
Биздан юзларини бурди дийдорлар.
Келдинг, “қол” демадим. Чақирмадинг сен,
Ишондик: келади яна баҳорлар...
Наҳотки, яна куз... ишқнинг тафтидан
Барглар хазон бўлди, юракка кўмдим.
Қўрқдимми чақмоқнинг шиддат-шахтидан?
Жон изтироб чекди, қисматга кўндим...
Наҳотки, яна куз?! Ўтди неча йил,
Ёдинг-ла яшадим, битди айрилиқ.
Келдинг, самоларда сайр этди кўнгил,
Кетдинг-у... ва яна кимсасиз борлиқ...
Наҳотки, яна куз? Бўм-бўш ўриндиқ,
Сўйлагандай бўлар ишқдан ҳикоя.
Сен йўқсан, замин ҳам қилади торлик,
Текис йўлимда ҳам учрайди қоя.
Наҳотки, яна куз, ўтмоқда умр,
Севги изтиробин эслатиб беун.
Хазонларни қучиб, бағримга босгум,
Яна баҳорларга етмоғим учун.
Наҳотки, яна куз? Билмадим, нега,
Оташ нафасингни қўмсайман такрор.
Ой, кунлар ёдимдан чиқди, эслатгин,
Баҳор келишига яна қанча бор?
https://t.me/sherzod_abdusamadov