Кечинма


Гео и язык канала: Узбекистан, Узбекский
Категория: Блоги


Ассалому алайкум, Шерзод Абдусамадовнинг телеграм каналига хуш келибсиз.

Связанные каналы  |  Похожие каналы

Гео и язык канала
Узбекистан, Узбекский
Категория
Блоги
Статистика
Фильтр публикаций


Февралда яхши одамлар туғилади...

Бир неча бор улуғ шоирнинг суҳбатидан баҳраманд бўлган бўлсам, бир марта айнан шу санада уйида меҳмонлар  сафида иштирок этган эдим. Шунда ҳар бир ижодкорнинг фақат ўзигагина хос бўлган инсоний сифатлари бўлишини ва ана шу жиҳатлари ила бошқалардан ажралиб туришини ҳис қилганман.
Азим Суюн қўли очиқ, самимий, кибрдан йироқ, бир сўз билан айтганда, тили билан дили бир инсон эди. Ҳаммани ўзига яқин олиб гапирар, муаммоларини эринмай суриштирар, оталарча маслаҳатларини аямасди.
Меҳмонлардан бири Азим Суюннинг унга  қачондир қилган яхшилигини миннатдорлик билан хотирлаганда ўша воқеани эслолмади. Шунда давримизнинг етук олими Қозоқбой Йўлдош ва бошқалар Азим Суюнни жуда кўпчиликка ёрдам берганидан ҳаммасини эслаб қолиши қийинлигини ва бу инсоний фазилат бошқаларга ҳам ўрнак бўлишини таъкидлади. 
Булунғурдан эканимни айтганимдан сўнг суҳбат бир муддат Булунғур тарихи ҳамда Анвар Жўрабоевнинг ижоди хусусида бўлди.
Адабий кечага айланиб кетган тадбирдан кўпчилик халқнинг кўнглидан жой олиш учун аввало,  халқни севиш, бировга яхшилик қилиш имконсиз бўлса, ҳеч бўлмаса ёмонлик қилишдан тийилиш кераклигини ўзига ибрат сифатида олганига ишонаман...
Азим Суюн ҳам халқимиз муҳаббатига сазовор бўлган ана шундай улуғ шоирлардан бири эди.
Шу ўринда яна бир нарсани эслаб ўтишим лозим. Бир кун  Азим Суюннинг китобини ўқиб ўтиргандим, кейин ўзига қўнғироқ қилдим. Бу китобни менга Азим Суюннинг укаси Исомиддин ака совға қилганди. Олдин гаплашмаганим учун ўзимни таништирдим. Вилоятда экан, овоз узилиб қолавергани учун, машинани тўхтатиб анча гаплашди.
Ўшанда балки биринчи мартадир, шунчалик халқ эътиборидаги машҳур шоирнинг бу қадар камтарлиги ҳақида анча вақт ўйлаб юрдим.
Азим Суюн сингари замондошларимиз орамизда кўпайса, кўпинча амал курсисидаги,  санъат соҳаси вакиллари ёки сал таниқлироқ бўлган кишилар билан учрашишга тўғри келганда ҳам, уларнинг муносабатларидан ўкинмай, барибир яхши одамлар бор деган хулосага келаверамиз.

Андиз ўсган ерларда...

Андиз ўсган ерларда отлар бевақт ўлмағай,
Яхши бўлса аёллар эрлар юзи сўлмағай.

Қайси юртда чинакам ботир эрса йигитлар,
Ўша юртнинг эллари ёвларга қул бўлмағай.

От минмаган от минса, чопа-чопа ўлдирар,
Боғ кўрмаган боғ кўрса, пайҳон қилар, сўлдирар.

Ҳушёр бўлгил, жон элим, элдай сақла элингни,
Ёвларингга қўл берсанг, паймонангни тўлдирар.

Бош кесилса, ёронлар, сочга мотам тутилмас,
Қон қусилса, ёронлар, ичга сувдек ютилмас.

Қай бир миллат тупроғин топтар экан маккор ёв,
Ўзлигин билганларнинг бахти асло бутунмас!

Арғумоқларга мининг, ғолиб қилич ёр бўлсин!
Бу дунёда ҳар кимнинг ўз Ватани бор бўлсин!

Азим Суюн.

https://t.me/sherzod_abdusamadov




Телеграмда нотаниш манзилдан қуйидаги ёзув ва шеър келди. “Бу кечаги шеърингизга жавоб шеъри, шуни ҳам каналингизга қўйинг".
Унга миннатдорлик билдириб, ушбу ижод намунасини ўзгартирмаган ҳолда Сизларга ҳам илиндим. Мазкур ҳазиломуз жавобни тўғри қабул қиласизлар, деб умид қиламиз.


Тунов куни Тошкентдан,
Хоразмга борибсиз.
Энг яқин дугонамга,
Севги изҳор қилибсиз.

Бугун "ўлдим-куйдим" деб,
Менга мактуб йўллабсиз.
Дугонамни унутиб,
Йўлларимни пойлабсиз.

Хоразмча ўйнайми?
Хоразмча сўйлайми?
"Муҳаббат" овчиси, деб,
Достон қилиб куйлайми?

Хоразмлик қизларнинг,
"Оға" сига учмангиз.
"Қўйсангиз-а" деган,
Нағмасига учмангиз.

Сизга айтжақ гапим шу,
Севгингиздан тонмангиз.
Юсуф каби мард бўлинг,
Агар ошиқ бўлсангиз.

https://t.me/sherzod_abdusamadov


Кўзларингга тўқнашиб,
Ишонмади кўзларим...
Яхши гапирмоқчийдим,
Дағал чиқди сўзларим.

Хоразмча ўйнаб бер,
Хоразмча куйлаб бер,
Неларни ёқтирасан,
Бир бошидан сўйлаб бер.

Вужудим қулоқ бўлсин,
Майли ишқ гуноҳ бўлсин,
Ишқнинг гуноҳлигига,
Лабларинг гувоҳ бўлсин...

Айтгин, шу севгимиди?
Қайтгин, шу севгимиди?
Гапларингга тўймаган
Пайтим шу – севгимиди?..

Оға, дедингу нега,
Сўзимга ишонмадинг?
Чиройингга термулиб,
Кўзимга ишонмадим...

Севги шундай бўлурми,
Титрайдими қўл-оёқ?
Келсанг тўрт томон яшнар,
Кетсанг зимистон ҳар ёқ...

Хоразмча ўйнаб бер,
Хоразмча куйлаб бер,
Неларни ёқтирасан,
Бир бошдан гапириб бер...

t.me/sherzod_abdusamadov


Дўстим, истагингиз  — кўнгил хоҳиши,
Кимни соғинсангиз, соғининг майли.
Лекин шундай кунда қолдирманг ёлғиз,
Қорли кунда кўнгил дийдор истайди...

Таъсир қилмасидан аёзнинг ниши,
Бир чеккада қолсин дунё ташвиши,
Сизнинг истагингиз  — кўнгил хоҳиши,
Қорли кунда кўнгил дийдор истайди...

Билмайман, қанча йўл юрибман ҳозир,
Кулбангиз ёнида турибман ҳозир.
Қанча кўп кутишга шунчалик арзир, 
Қорли кунда кўнгил дийдор истайди...

Кўчага йўл қараб чарчади кўзим,
Чой бу бир баҳона, асли азизим.
Ёки ёнингизга борайми ўзим,
Қорли кунда кўнгил дийдор истайди...

https://t.me/sherzod_abdusamadov


Репост из: Кечинма
«– Ҳазратим, – деди Моҳим Бобурга мулойим тикилиб, – сиз ҳам шоирсиз, ҳам олимсиз. Мен орзу қилардимки, барча эл-улуслар сизни ҳам Берунийдек, Деҳлавийдек фақат яхши сўзлар билан тилга олсалар.
Бобур Моҳим бегимнинг ботиниб айтолмаган сўзларини тушунди-ю, юзи тундлашди. Хаёлида яна ўша совуқ изғирин қўзғалди.
– Сиз менинг подшоҳ ҳам эканимни нечун эслатмоқчи эмассиз?
– Чунки мен сизни ижодингиз олови ёнган илиқ қутбда муқим туришга чорламоқчимен!
– Мен ижод қутбида умрбод қолмоқчи бўлиб, Даҳкатда, Осмон Яйловда ялангоёқ юрганимда нечун учрамадингиз? Энди кеч!.. Подшоҳни барча эл-улуслар фақат яхши сўзлар билан тилга олиши – ушалмайдиган бир орзу. Мен одамларнинг мақтовига ҳам, таънаю маломатига ҳам роса тўйганмен!»...
Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романидан.

– Ҳазратим, сиз шоир, олимсиз, –
Титраб кетди Моҳимнинг лаби...
– Тилга олсин эл-улус сизни
Деҳлавий ва Беруний каби.

Кўтараман қандай бу ғамни,
Билганларим бўлсайди рўё.
Фотиҳларнинг кўпдир ғаними,
«Борса келмас» юриши гўё,

Қонли уруш, оловли чоҳ бор.
Наҳот дунё шундай, беомон,
Ёлвораман, ҳазратим такрор,
Бахтли кунлар келгайдур қачон?

Ҳинд юриши, ўйлаб қўрқаман,
Паноҳига олсин Аллоҳим...
– Мен Даҳкатда юрган кезларим,
Айтинг, қайда эдингиз, Моҳим?!

Аросатда қийналар жоним,
Илиқ қутб «қол» дейди, қўймас,
Бор умидим тикканман ахир,
Олис қутб... бормасам бўлмас,

Ўша зотга бергум топшириб –
Ким ташнамас ҳокимиятга.
Бошқарасиз маълум бир муддат,
Ишонаман сизга албатта.

Тўйдим мақтов, маломатлардан,
Кетгим келар дунёдан кечиб,
Чўчиб сўнгсиз изтироблардан,
Исинаман гоҳо май ичиб,

Вақтимни гоҳ ўтказдим овда
Ялангоёқ қорда, қировда,
Юрганимда Осмон яйловда,
Айтинг, қайда эдингиз, Моҳим?

https://t.me/sherzod_abdusamadov


Ҳали қай юртларда қорли изғирин,
Иссиқ авж олмоқда яна бир ёқда.
Ҳеч кимга билдирмай, солмасдан шовқин,
Бойчечак чиқибди бизнинг қишлоқда.

Гоҳо ўйлаб биздан ранжишларини,
Ҳали кутмагандик келишларини.
Лекин соғингандик кулишларини,
Бойчечак чиқибди бизнинг қишлоқда.

Аритмоқ истабон дилдан ғуборни,
Курашга келгандай энг сўнгги қорни,
Гўё соғингандай эрка баҳорни,
Бойчечак чиқибди бизнинг қишлоқда...

t.me/sherzod_abdusamadov


Февраль – унутмоққа энг қулай фурсат,
Февраль – эрта ботар ҳали ҳам қуёш.
Ёмғир кўз ёшини ювмаган қизнинг,
Юзларига мажбур термулиб қараш...

Февраль – маҳмадона қизни эслатар,
Юрак тин олса ҳам бўларди энди.
Кўнглига қўл солиб кўрмаган қизнинг,
Кўнглига қараб жим севишга кўнди...

Февраль – яхшиямки, йигирма саккиз,
Яхшиям, ўттизга қараб кетмайди.
Февраль – ишон менга, ўн битта ойнинг,
Энг бахтсиз кунлари сенга етмайди...

Ким-чун иддаога тўла бу ҳаёт,
Фикримда собитман, яхшилар камгап.
Муҳаббат – муқаддас кимларга, кимга
“Мен севдим, сен ҳам сев...”, дегандай бир гап...

Февраль, кечир зарра айб йўқдир сенда,
Сен биланман, майли йиғласанг, кулсанг...
Қизишдим, эслатиб тур гоҳи менга:
“Муҳаббат тамадан йироқдир билсанг”...

Кўнгил на иссиқ, на совуққа кўнар,
Ўхшаб кетар сенга беқарорликда.
Февраль, лекин қайта келасан-а, айт,
Бошқа сўрарим йўқ менинг борлиқдан...

t.me/sherzod_abdusamadov


— Ҳаммаси яхшими? Хавотир олдим,
Совуқ, сал эртароқ қайтмаганингга...
—Ҳа, ҳаммаси яхши, озроқ шамоллаб,
Томоғим оғришин айтмаганимда...

t.me/sherzod_abdusamadov


Чиройли қиз экансан,
Кўзим қувончга тўлди.
Айтганингча бор – ҳуснинг, 
Севиб қолмасам бўлди.

Кийганинг дўппи, атлас,
Ой сенга ўхшар бироз,
Ўйланганим шу холос:
Севиб қолмасам бўлди.

Сени қўймайман ёлғиз,
Қизлар ичида тенгсиз,
Дунёдаги гўзал қиз,
Севиб қолмасам бўлди.

Осмон узоқ, қаттиқ ер,
Унутишга имкон бер…
Овунчоғим энди шеър,
Севиб қолмасам бўлди...

t.me/sherzod_abdusamadov


“...Ушбу шеърларни ўқиб Сиз ҳаяжонланасиз, ундаги образлар балки ўзингизда борлигини пайқамаган кечинмаларингизни юзага чиқаради, шоира шеърларидан кўнглингизга гўзал шарпалар кўчиб ўтади...”
Бугун, январь ойининг сўнгги санасида сиз ҳам қуйидаги – ўша гўзал шеърлардан бирини ўқиркансиз, “Сукунат жаранглари”да айтилганидек, кўнглингизга гўзал шарпалар кўчиб ўтишига ишонаман...

Мен баҳорни кутдим

Мен баҳорни кутдим йигирма бир йил,
Ўлмасдан тирилиб етишдим унга.
Юзимни бекитдим япроқлар билан,
Таяммум айладим тупроқлар билан.
Мен баҳорни кутдим.

Мен фасл истадим музайян, дилбар,
Сарварлар лаб босди бармоқларимга.
Баҳордан бурунроқ тўкилай дедим,
Чидолмай аёзнинг тирноқларига.
Мен фасл истадим.

Мен нафас қўмсадим, хушбўй – атирсиз,
Тонгда юзин чайиб чиққан саломга.
Юрагим қатига тиз чўккан ҳаё
Айланиб кетажак битта каломга.
Мен нафас қўмсадим.

Мен байрамлар кутдим, тақвим кўрмаган,
Бир боқишдек топ-тоза ғурур.
Мен шаҳзодлар кутдим, дилдор кўрмаган,
Эшик тирқишидан таралган танбур.
Мен байрамлар кутдим.

Мен ҳайитлар кутдим, илҳақ, интизор,
Бош қўйиб Қадрнинг илкларига.
Бир кун қайтажакман ёруғ оламга
Осилиб баҳорнинг киприкларига.
Мен ҳайитлар кутдим.
Гўзал Бегим

t.me/sherzod_abdusamadov


Мен фасл истадим музайян, дилбар...

Ҳар бир шеърият мухлисининг яхши кўргани учун ўқиб ёки хиргойи қилиб юрадиган шеърлари бўлади. Кунлардан бирида яна ўша шеърлардан бирини ўқишни истаб қоласиз. Тополмаганингиздан жиғибийронингиз чиқиб турган пайтда тасодифан қайсидир сатри ёдингизга тушади. Ва бу шеър аллақачон сизга ёд бўлиб кетганидан ҳайратланасиз. У шеърни сиз аслида ёдлаш учун ўқимагансиз. Такрор мутолаа жараёнида ёдингизга муҳрланиб қолгани эса яна ҳайратингизни оширади... Бундан 25 йиллар олдин “Туркистон” газетасида бўладиган адабий кечалардан бирига борганимда Бектемир ака Пирнафасов Гўзал Бегимнинг “Сукунат жаранглари” ва бошқа бир қанча ёш шоирларнинг китобларни совға қилганди. Кейинроқ, ўша учрашувларнинг бирида Гўзал опа билан юзма-юз кўришиб бироз ҳамсуҳбат бўлганиму ўзимча шеър, адабиёт ҳақида бир нималарни сўраганим ҳам сал-пал эсимда...


Йигирмаю ўн беш, кутганим келдинг,
Рости кутмагандим, вужудим карахт.
Омад келса келар, шундай сўрамай,
Вақтми, бемаҳалми, шундай келар бахт...

t.me/sherzod_abdusamadov


– Мусиқа психологиясининг асосий мақсади – мия фаолияти бошқарувини бошқа юқори нуқтага олиб чиқишга ёрдам беришдир, – деганди интервьюларидан бирида Ўзбекистон давлат консерваторияси Мусиқий педагогика кафедраси мудири, педагогика фанлари номзоди Маъруфжон Аҳмедов. – Натижада ҳаракатлар координацияси вужудга келади. Бу эса бир вақтнинг ўзида ўнг ва чап қўлларнинг турлича функцияларни бажаришига имкон беради.
Ривожланган давлатларда умумий ўрта таълим мактабларида чолғу ижрочилиги йўналишида алоҳида машғулотлар ташкил этилади. Масалан, Японияда Сузуки таълим тизими мавжуд бўлиб, барча ўқувчиларга скрипка чалиш сирлари ўргатилади. Эътиборли жиҳати, мусиқий маълумотга эга бўлмаган кишилар кунчиқар юртда юқори лавозимларга тайинланмайди. Табиийки юқори лавозимдаги кишилар доимий эътиборда бўлади. Уларнинг юриш-туриши, ўзини тутиши, гап-сўзи, муомаласи бошқаларга ибрат бўлиши кераклигини ҳисобга олсак мусиқанинг куч-қудратини англагандек бўламиз.
Америка қўшма штатларида ҳам ўқувчилар таълим-тарбиясида мусиқанинг ўрни юқори. АҚШ умумтаълим мактабларида чолғу ижрочилиги ансамбллари ва оркестрлари мавжуд. Улар синфдан ташқари шаклда ташкил этилган бўлиб, шу соҳа бўйича қандайдир ютуқларга эришган ўқувчининг рейтингига балл қўшиб берилади. Бу ўқувчини рағбатлантиришнинг оддий усулларидан бири.
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мусиқа билан шуғулланган ҳар қандай шахсда келажакда қайси касбни эгаллашидан қатъи назар ўз соҳаси бўйича акмеологик чўққига чиқиш имкони пайдо бўлади. Хорижий давлатлар мусиқанинг бу имкониятидан унумли фойдаланади. Улар мусиқани фақат маънавий-маърифий воситаси сифатида эмас, балки жисмоний ҳаракатларни такомиллаштириш воситаси деб билади.
Юртимизда ҳам мактаб ўқувчиларини шанба, якшанба кунлари тўгаракларга жалб этиш бу борада ўзининг ижобий самарасини беради. Мусиқага ошно бўлиб улғайган фарзандларимиз келажакда қайси касбни танлашидан қатъи назар ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишади. Болаларни мусиқа ва санъатга жалб этиш мамлакатимизда тараққиётнинг турли соҳалари, асосийси кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз...


Мусиқа – эзгулик ва маънавиятга элтувчи йўл

Ота-боболаримиз инсон камолоти, таълим-тарбияси, гўзал хулқ-атвор соҳиби, гўзал табиатли бўлиб етишишида мусиқа санъатининг катта ўрин тутишига эътибор қаратган. Ибн Сино, Форобий, Алишер Навоий ёки бошқа кўплаб улуғ аждодларимиз нафақат мусиқа санъати сирларидан шунчаки хабардор бўлган, балки бу соҳани кучли билганидан мусиқага оид асарлар ҳам ёзиб қолдирган. Бундан мусиқа кишиларни эзгуликка ундовчи, маънавиятга элтувчи восита деган хулосага келамиз.
Унинг илмий тарафларига бир қур назар ташлайдиган бўлсак, мусиқа психологиясида мия ярим шарлари қарама-қарши ҳаракат органлари фаолиятини бошқаради. Ўнг мия ярим шари чап қўл ва чап оёғимизни ҳаракатга келтиради. Чап мия ярим шари эса аксинча.


Эҳтимол, гаплашгинг келмас мен билан,
Эҳтимол, пинҳона сурарсан хаёл.
Ўткинчи туйғулар этганда асир,
Мен ҳам ўйлаганман сени эҳтимол...

Гоҳо қарши чиқдим истакларингга,
Гоҳо рози бўлдим, топсин деб таскин.
Ногоҳ ҳаётингда кўринмай қолсам,
Қанчалар қидирма... айтмайди ҳеч ким.

Эҳтимол, беҳуда боғладик умид,
Хайрли бўлар, деб балки ниҳоя.
Эҳтимол, шу ерда топади якун,
Бахтсизлик ҳақида энг зўр ҳикоя.

Эҳтимол, қачондир келсанг кўрасан,
Деворда суратинг... турар осиғлиқ.
Бугун чорлай десам, чиқмас овозим,
Қучайин десам гар... қўлларим боғлиқ.

t.me/sherzod_abdusamadov


Дарахтларда қиров. Тонг – қуёш чиқди,
Чанг-тўзонни қучиб, қошингга етдим.
Булутлар ёмғирсиз кўриниш берди,
Ҳозир қайси фасл, адашиб кетдим...

t.me/sherzod_abdusamadov


Шу кунларда марҳум ижодкор дўстимиз Акмал Тош қаламига мансуб, унинг ўзи кўришга улгурмаган китоблари тақдимотига чорловларни ўқиб-эшитиб,  “Ishonch” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририятида бирга ишлаган давримиз билан боғлиқ воқеалар хаёлимдан бирма-бир ўтаяпти.
Бош муҳарриримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдухолиқ Абдураззоқов ижодкор ёшлардан иборат жамоани шакллантиргани ҳали ҳамманинг ёдида. Ана шундай истеъдод эгаларидан бири Акмал Тош эди.
Акмал Тошнинг самимий кулишлари, ҳар бир жумлани ишлатишдан олдин бировга қандай таъсир қилиши ҳақида ўйлаши, ҳар доим кўмакка шайлиги боис уни ҳаммамиз ҳурмат қилардик. Яна бир жиҳати, тадбирларга борганда ишнинг катта қисми унинг чекига тушарди. Шунда кўпинча, яхши ёзишнинг шунақа зарарли томонлари ҳам бор дея ҳазиллашардик. Ҳамкасбларимиз яхши билишади, газета саҳифаларидаги республика миқёсидаги катта тадбирларни ёритишда унга тенг келиш қийин эди. Соҳанинг ипидан игнасигача пухта ўзлаштиргани бунда қўл келарди.
Ёзган ижодий ишлари ва шеърларида унинг қалби акс этарди...
У ҳақда янада кўпроқ билиш учун эртага бўладиган тақдимотга келинг. Вақтингизни мазмунли ўтказишингиз учун бу ҳам бир имконият.

t.me/sherzod_abdusamadov




Ватан ҳимояси – энг муқаддас бурч


Кўз очиб кўрганим шу мўъжаз олам,
Онамнинг бағридан унга бўйладим.
Қўллларидан маҳкам тутиб отамнинг,
“Қачон улғаяман?” дея ўйладим.

Лалми-қир, дарахтлар, кўм-кўк майсазор
ва тоғлар оширди ҳавасларимни.
Тунда ойни кўриб, кундуз қуёшни
Ҳайратдан тишладим бармоқларимни.

Илк бора юлдузни кўрганим маҳал, у менга талпинган эди қўрққандим, Эсимда, совуқдан титрарди дир-дир, январда туғилган жажжи қўзичоқ, уйга олиб келинг, деб йиғлагандим, онам хавотирда, опамлар ҳайрон, отамнинг жаҳли ҳам чиққан менимча, аммо яхшилик-ла тугади бари: иссиқ кўрпачага ўрадим шу чоқ...
Ҳар кун янгиланар теграмда савол, безор қилгандирман ота-онамни, мактабга йўл олдим, шиддат, шахдим зўр, лек ҳали билмайман ўқиш-ёзишни, муаллим сабоғин жон қулоғим-ла, тинглаб англагандай бўлдим Ватанни...
Ҳандалак исида уни ҳис қилдим, онам нон ёпганда ўйладим уни, қорлар кечиб бордим олис мактабга, ёмғирларда қайтдим айтиб қўшиқлар, тўсатдан-тўсатдан камалак пайдо, ҳатто камалакда кўрдим Ватанни...
Бир кун тоғ бағрига йўл олдик шодон, албатта ҳамроҳим бу пайт катталар, қувончни ҳис қилдим илк бора чиндан, қандай шодланмайин, қувнамай қандай, лолалар, гиёҳлар териб ҳайқирдим... овозим борича шунда воажаб, акс-садолар қайтди дарҳол самодан. Ўзимга бўйсунмас ўй-хаёлларим, нимага ҳайқирдим, чорладим кимни аммо англаганим бир нарса аниқ: Ватан эшитаркан овозларимни!
Ўрнини бўшатди йиллар йилларга, қўллари қабарди мунис онамнинг, отамнинг сочига қировлар инди, устозим юзига тушди ажинлар, саволимга жавоб топгандай бўлдим, қирқ йилдан ошганда, қирқ баҳордан сўнг, менинг қизиқувчан ва телба ақлим Ватан нималигин теран тушунди...
Ватан ҳимояси – энг муқаддас бурч! Тинчлик посбонлари минг бора таъзим, Сизнинг шаънингизга бу кунги баёт. Сиз борсиз, осуда кечар тунимиз, кунлар хавотирдан минг чақирим йўл. Устозим дарс берар мактабда ҳамон, ахир илмдадир ягона нажот! Отамнинг, онамнинг қўли дуода, ҳар тонгда боғчага чопади қувнаб, тинчликка шукрона айтиб болалар, шул сабаб кечадан бошқача бугун – кўзимга гўзалроқ кўринар ҳаёт!
Ватан ҳимояси – энг муқаддас бурч! Бу йўлда арзийди жон фидо қилса, чўпон қаҳрамонми, деҳқон қаҳрамон, балки ўқитувчи, ғамхўр, ҳокисор ёки шифокорми, билсанг ҳаттоки ширин сўзи ила беморга малҳам?
Бу замин муқаддас, ҳар қарич ери ҳикоялар айтар қаҳрамонликдан, ор-номусдан сўйлар келса мавриди, виждон, имон ҳақда айтиши мумкин, жасур аждодларим – ҳавасим бўлак, битта саволимга жавоб топсам бас, қандай яшадилар улар Ватанда, Ватанни севишни ўрганди кимдан?
У томон қўл чўзсак, очар қучоғин, неки бизга азиз Ватандир бари, кундуз хотиржаммиз, тун осойишта, сайилгоҳлар тўла қийқириқларга, шундан  уйғонамиз хавотирларсиз, яшагимиз келар яшаган сари.
Сирларга тўладир биз кўрган очун, чегара билмайди телба ҳисларим, шу тупроқни Ватан дея қучгайман, у ҳам қучажакдир келса мавриди. Англаганим шудир, билганим шудир,  тоғдаги ҳар тошу, чўлдаги янтоқ, сарҳадсиз адирлар, бепоён само, бизнинг кўрганимиз барча-барчаси –  Яратганнинг улуғ мўъжизасидир.

t.me/sherzod_abdusamadov

Показано 20 последних публикаций.