ИНСОННИНГ КИМЛИГИНИ КЎРСАТАДИГАН БЕЛГИ
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу бир одамни кўрсатиб: “Ким шу киши ҳақида гувоҳлик беради?” деб сўрадилар. Бир саҳобий: “Мен гувоҳлик бераман”, деди. Умар розияллоҳу анҳу: “Сен нимага асосланиб У ҳақда гувоҳлик бермоқчисан? Сен уни фақат намоз ўқиётганини кўрганмисан ёки у билан бирга сафар қилганмисан, ёки у билан бирор муомала қилганмисан?” дедилар.
Ҳазрати Умарнинг ушбу гапларидан маълум бўладики, инсоннинг кимлиги ўзаро муомалалардан билинади.
Бир муҳаддис олим ижара уйда яшарди. Уй лойдан қурилган эди. Бир куни у ҳадисни ёзаётиб, саҳифа тўлиб, бошқасига ўтиш фурсати келди, сиёҳ эса ҳали қуримаган эди. У замонлар сиёҳни шимиб оладиган босма қоғоз йўқ эди. Шу сабабли нам сиёҳ устига тупроқ сепиб қуритар эдилар. Шундай қилиб, муҳаддис олим уйнинг лойсувоқ деворидан тупроқ қириб олиб, нам сиёҳ устига сепмоқчи бўлди. Лекин дарҳол бу уйнинг ижарага олингани ёдига тушди. Шунинг учун, уй эгасидан сўрамасдан туриб, бу тупроқни сепиш мен учун жоиз эмас, деди. Кейин эса, озгина тупроқ билан нима ўзгарарди ва уй эгаси ҳам бунга йўқ дермиди, деган ўй келди хаёлига. Хуллас, девордан бироз тупроқ қириб олиб, сиёҳ устига сепди. Бироқ муҳаддис олим кечаси туш кўрди. Тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиёратларига борибди. У зот хафа бўлиб: “Эрта қиёмат куни сенга озгина тупроқ билан нима ўзгарарди, деганинг ошкор қилинса, аҳволинг нима кечади?” дебдилар. Шунда муҳаддис олим эрталаб турибоқ, уй эгасининг олдига борди ва унга тупроқ воқеасини сўзлаб бериб, узр сўради. Уй эгаси: “Мен кечирдим ва келгусида яна зарурат бўлса, тупроқ қириб олишингизга ижозат бераман”, деди.
Баъзи одамлар фақат тасбеҳ ўгириш ва чилла ўтиришнинг номини тасаввуф қўйиб олган. Ваҳоланки, бу нарсалар бир восита бўлиб, улардан мақсад биз динга чин қалбимиздан амал қилишимиздир. Қўлда тасбеҳ бўлса-ю, тарозидан урсак ёки ёлғон гапирсак, у ҳолда у тасбеҳдан нима фойда? Шунинг учун бир улуғ зот: “Одамлар инсон-ку бўлишмайди, лекин валий бўлиш учун зикр ҳалқаларида қатнашадилар. Агар сен ҳақиқий инсон бўлсанг, аллақачон валий ҳам бўлгансан”, дер эдилар.
“Насиҳатлар гулдастаси”дан.
👉
@Shayx_Muhammadsodiq👉
@Shayx_Muhammadsodiq👉
@Shayx_Muhammadsodiq