#Таваллуд5-март — Гулжамол Асқарова таваллуд топган кун.
БўлармизТангрим, даргоҳингга маҳрам бўлармиз,
Шундан азизу муҳтарам бўлармиз.
Асли азал бутун яралган эдик,
Нечук бу дунёда бир кам бўлармиз?
Агар сиғдирмаса чораси борлар,
Ночор дўст тунида бир шам бўлармиз.
Билгай суҳбатимиз таъмин тотганлар,
Дийдор онларинда ҳуштаъм бўлармиз.
Йиқилдик, кўтарди мардона дўстлар,
Энди то ўлгунча ҳамдам бўлармиз.
Дунёсида тўзғиб, жамланмай ўтдик,
Қиёмат кунида бир жам бўлармиз.
Ахир йўқликлардан бор этмиш Ўзи,
Тоабад бўлармиз, ҳар дам бўлармиз.
Ҳоқонлар олдида тиллар тутилди,
Ки Ҳақнинг олдида бардам бўлармиз.
Бугун чакка ўтиб хароб бўлдик, лек,
Муҳташам эдик, муҳташам бўлармиз.
Гулжамол АсқароваБизни кузатиб боринг: Telegram|
Facebook |
web-sayt