Шуни тушундимки, бари ўткинчи,
Кўнгил деб беажал ўлиб бўлмайди.
Гарчи томчидирсан,
У хоҳламаса,
Кўнгил қадаҳига тўлиб бўлмайди.
Шуни тушундимки, қарс икки қўлдан,
Ёлғизнинг ушалмас армони кўпдир.
Дардини тингламас ҳатто қудуқлар,
Кўнглида аламнинг хирмони кўпдир.
Шуни тушундимки, фасллар ҳам тўрт,
Умр ҳисоби ҳам тўртга бўлинган.
Кузда келган ишқдан кулгилиси йўқ,
Ахир баҳорларда яшаб бўлинган.
Шуни тушундимки, йўқ, тушунмадим,
Бу қандай савдоки ўтларга отса?!
Икки йўл сўнгида манзили адаш,
Бир кўнгил заҳни еб ўртаниб ётса.
Кимса кўтармаса ғам ботқоғидан,
Вақт ҳеч қарамаса унинг райига.
Нодонлик тамғаси босилиб турса,
Бахт бегона бўлган шўр манглайига...
Шуни тушундимки, ёзғирмоқ абас,
Кўксингга ботсада ғийбатлар ниши.
Кўниб кетмоқ керак, бари-барига,
Худонинг иши бу, Худонинг иши!
@Мирзоҳид Ботиров
04. 02. 2025
Яқинларингизга юборинг, каналга уланиш👇👇👇
Гўзал ёзғичлар
https://t.me/joinchat/AAAAAFX-cD3IFksPJ9DBUQ