Мағрибнинг буюк алломаси ва ҳофизи, Қуръон ва қироатлар, ҳадис, фиқҳ, усул, араб тили ва адабиёти, тарихи соҳаларида энг кучли олимлардан бўлган шайх Саид Ал-Камалий Мадинада меҳмон бўлдилар.
У зотни Мадинадаги Қуръон марказларидан бирига "Қуръонга хизмат қилиш фазли" мавзусида нутқ сўзлаш учун таклиф қилишди.
Шайх нутқларини бир қисса билан якунладилар, қуйидаги қисқа видеода ўша қиссани айтиб бераётганларини кўришингиз мумкин.
Қиссанинг қисқача мазмуни шуки, тарихда андалуслик (ҳозирда Испаниянинг бир қисми) бир йигит машриқ томонга бир шайхдан Қуръон ўрганиш учун узоқ сафар қилибди.
Машриқлик бир аёл унинг либосларидан бегона юртдан келган мусофир эканини англаб, бу юртларда нима учун келдинг? - деб сўрабди.
Мағриблик йигит:
- Қуръон ўрганиш учун, дебди.
Шунда у аёл бир матони ерга ёзиб:
- Шунинг устига Қуръон учун шунча масофа босган оёқларинг билан чиқ, унда қадаминг асари қолсин, мен унинг баракасидан табаррук қиламан, яъни баракаланаман, дебди....
Шайхнинг ушбу қиссасини бизнинг кўплаб салафий устозларимиз бидъат, ҳаром, ҳатто ширкка даъват деб баҳолаган бўлардилар.
Аксар деганим, ҳаммалари ҳам эмас, уларнинг ораларида бундай ишлар ширк эмас, салафлардан бугунгача маълум иш, дейдиганлар ҳам йўқ эмас.
Мен кимнинг гапи тўғрироқ эканини бу ерда муҳокама қилмоқчи эмасман, иккала томоннинг ҳам далиллари бор, масала - ихтилофли.
Мен диққатингизни қаратмоқчи бўлган нуқта шуки, ушбу мажлис аҳли учун, Мадина муҳити учун одатда қабул қилиб бўлмайдиган қиссани Мағриблик аллома оддий нарсадек айтиб беряптилар.
Шунинг учун кўплаб раббоний устозларимиз таъкидлайдиларки, толиби илм фақат бир мадраса, бир тоифа уламоларида дарс олавермаслиги, бошқа мадрасаларни ҳам жамлашга уриниши керак. Шунда у таассубдан халос бўлиб, бошқа фикрларга нисбатан қалби ва онги кенгаяди.
Мадина муҳаддисларидан ва росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидлари мударрисларидан бўлган шайх Ҳомид Акрам Бухорий ҳафизаҳуллоҳни устоз Сайфуллоҳ Носир ҳафизаҳуллоҳ билан зиёрат қилгани борганимизда, шайх Ҳомид ҳам шуни қаттиқ таъкидлаган эдилар. Шом, Миср, Ҳинд диёрларига бориб, у ердаги олимларни кўргач, қарашлари анча мўтадиллашганини таъкидлаган эдилар.
Энди агар ихтилофли масалаларда нуқул бир томонни қаттиқ тутган одамлардан дарс олаверсангиз, ўша масала ихтилофли эканини унута бошлайсиз. Қачон ўша масала эслатилса, фақат ўз тоифангиз далиллари кўз олдингизга келаверади. Устозингиз қанча илмли кўринмасин, ҳатто истаса ҳам, нариги томоннинг далилларини сизга мукаммал равишда баён қилиб бермайди. Кўп ҳолларда эса, афсуски, бошқа томоннинг далилини баён қилиб беришни хоҳламайди ҳам. Балки, далилини баён қилмагани етмаганидек, сўзларини бузиб, ёки энг қабиҳ шаклда шарҳлаб берадики, исломнинг асрлар давомида минглаб олимлар эргашган катта мазҳаблари кўзингизга зиндиқлик, мунофиқлик, ҳатто куфр ва ширк ўлароқ кўрина бошлайди.
Мана шундай ботқоқдан қутулишнинг ягона синалган ва самарали йўли - юқорида айтганимдек, турли мадрасалар, мазҳаб ва тоифалар, юрт ва миллатлар уламоларидан илм олишдир.
Аллоҳ таоло барчамизга таассуб ғулувидан паноҳ берсин! Илм ва уламоларни қадрлашни насиб этсин! Тоифапарастлик учун, динни 4-5 шайхнинг қарашларига чеклаб олиш учун эмас, ҳақни топиш учун очиқ онг билан илм излашга барчамизни муваффақ қилсин!
Маҳмуд Усмон
@Saidxon_Avazxonov