Вашингтондаги Араб кўрфази институти (
эронликлар эшитиб қолса, хафа бўладиган ном) ёзяпти:
Эрдўғон яраланди, лекин ҳалиям кучли.
Бу йил шаҳар ва вилоятлар раҳбарлигига бўлиб ўтган сайловда Эрдўғон партияси —
AK Parti тўлиқ енгилди. Тўғри,
Истанбул,
Анқара ва бошқа шаҳарлар 2019 йилдаёқ қўлдан кетганди, лекин умумий ҳисобда вилоятларнинг катта қисмида Эрдўғон одамлари қолганди.
Бу сафар
CHP вилоятларнинг 37,7 фоизини, AK Parti 35,5 фоизини ютди.
Ўтган йилги президент сайловидаги ғалабадан сўнг Эрдўғон тарафдорлари у ҳалиям кучда деб хурсанд бўлганди. Аслида 20 йил ичида
Туркия ундан чарчагани билиниб турибди: сайловдан сайловга тўплаган овозлари камайиб бормоқда, AK Parti парламентда кўпчиликни йўқотиб, инжиқ феълли миллатчи партия —
MHP билан иттифоқда юришга мажбур бўлмоқда. MHP бу сафар ўз номзодларини илгари сургани AK Parti'га катта зарба бўлди.
Yeniden Refah Partisi Истанбулда AK Parti'га спойлер бўлиб хизмат қилиши керак эди, эплолмайди. Хуллас, ўтган йилги мағлубиятдан сўнг мухолифат синди деган бир паллада бу мухолифат 2019 йилгиданам каттароқ ғалаба қозонди.
Ўзимдан қўшимча. Сайлов арафасида
Истанбулда эдим.
Имамоғлуга қарши AK Parti'дан номзод —
Мурат Курум шу қадар харизмасиз, кўримсиз одам эдики, шу қадар ўзига ишонмай гапирардики (айниқса Истанбул каналидан
гап кетиб қолса), ютқизиши аниқ эди. Буни кўрган Эрдўғон Курумнинг сайлов кампаниясида шахсан ўзи қатнашди, вазирларга ҳам уни қўллаш топширилди, натижада Имамоғлу бутун AK Parti ва шахсан Эрдўғон устидан ғалаба қозонгандай таассурот уйғонди.
Қолаверса, Истанбул жуда муҳим аҳамиятга эга мегаполис — Туркия аҳолисининг тўртдан бири, иқтисодининг учдан бири шу шаҳарда. Истанбул бошқаруви катта ресурсларга йўл очади ва символик аҳамиятга ҳам эга (Истанбул эгаси — Туркия эгаси дегандай).
Харизмаси ва сиёсий дадиллиги боис баъзан "сўл Эрдўғон" деб аталадиган Имамоғлу энг катта ғалабасига эришди, энди у кейинги президент сайловида ғолиб бўлишини башорат қилишмоқда. Бошқа томондан, олдинроқ президент сайловида қайта қатнашмасликка ваъда берган Эрдўғон бу йилги мағлубиятдан сўнг фикрини ўзгартириб қолиши мумкин. Янги конституция ғоясини илгари сураётгани шундан далолат бермоқда. Аммо бу энди — алоҳида ва мураккаб сиёсий масала.
Alan Makovsky. Erdogan Politically Wounded But Still Turkey’s Dominant Power@AsanovEldar