Сумкамдаги овқат солинган идишни олиб хонага кириб борган вақтимда тасодифан Олмоснинг гапини эшитиб қолдим.
"Мунча ҳамманг ўзбекка ёпишмасаларинг-ей, улардан дўст чиқмайди. Қайнатса қони қўшилмайди бизларга" дерди у ўтирганларга.
Тўғри кириб бордим ҳаммаси жим бўлиб қолишди.
Юрагимга нимадир қадалгандек бўлди, бу сўзларни эшитиб жим ўтириш оғир, аммо нима қилиш керак.
Индамай овқатландик, Олмос билан яхшилаб гаплашиб олмаса бўлмайди.
Аммо бу иш гап билан битадиганга ўхшамайди, ташқарига олиб чиқиб солсаммикан айлантириб.
Бу болага шундан бошқаси кор қилмайди.
Тушлик қилиб бўлгач:
-- Олмос сен мен билан юр, ташқарига чиқиб келайлик,-- дедим.
-- Нима гапингиз бор, шу жойда айтаверинг,-- деди у.
-- Алоҳида гаплашишдан қўрқасанми?
-- Ака, бригадангиздаги ҳаммани чақиринг қўрқмайман!
-- Ҳамма шартмас, фақат икковимиз.
-- Ака, керакмас. У боксчи, мен ҳам бирга бораман,-- деди Самариддин.
-- Биз уришмаймиз, шунчаки гаплашиб оламиз, ҳовотир олма,-- дедим унга.
Икковимиз катта эшик томонга кетаяпмиз, рўпарамиздан прораб Генаддий чиқди.
-- Қаёққа кетаяпсизлар?-- сўради у.
Индамай ўтиб кетавердим.
-- Ҳозир келамиз, чекиб келайлик,-- дея жавоб берди Олмос.
Одамлардан ҳоли жойга чиқдик.
-- Хўш, нима демоқчисиз ака,-- кўзларимга тик боқди у.
-- Ҳозир Генаддийга нега қирғизча гапирмадинг?-- дедим мен ҳам унинг қисиқ кўзларига тикилиб.
Бунақа савол кутмаслиги аниқ эди, юзларида ҳайронлик кўринди.
-- Қизиқсизма ака, у қирғизча тушунмайди-ку.
-- Нега тушунмайди?
-- Ахир у ўрис бўлса, бегонада у, бошқа миллат. Бизнинг тилни билмайди-ку.
-- Демак бегоналар сенинг тилингни тушунмайди а? Менга қайси тилда гапираяпсан ҳозир?
-- Сиз қизиқсизма дейман ака, нималар деяпсиз? Қирғизча гапираяпман-ку.
-- Мен сенга қайси тилда гапираяпман?
Унинг кўзлари катталашди, бошини қашлади.
Менинг нима демоқчи бўлганимни англаб ета бошлади шекилли, энди кўзларини ерга қадади.
-- Ўзбекча.
-- Сен ўзингни тилингда, мен ўзимни тилимда гапираяпмиз, ўртада таржимон йўқ.
Ҳозир бир киши келиб икковимиздан динининг нима деб сўрашса, бараварига мусулмонман Алҳамдулиллаҳ деймиз.
Тўғрими?
-- Тўғри ака.
-- Демак тилимиз бир, динимиз бир экан шундайми?
-- Тўғри ака.
-- Бизлар бегона эканмизми?
-- Узр ака.
-- Қайнатса қони қўшилмайди дейсан, сенга ўхшаганлар шундай ўйлайди.
Ҳоҳласанг ҳоҳламасанг қонимиз бир, бизлар туркийлармиз, қардошлармиз.
Бегона деб ана ўрисни айтсанг бўлади, ўшалар билан қонинг қўшилмайди.
Сенга ўхшаб калта ўйлайдиганлар ўзбекдаям бор, қозоқдаям бор, туркмандаям бор, шунинг учун минг бўлакка бўлиниб мана шу ўрисни қўлида ишлаб юрибмиз.
-- Узр ака, бу нарсаларни ўйламапман.
Москвага биринчи марта келган вақтимда битта ўзбек ургандида, шундан бери ўзбекларни ёмон кўриб қолгандим.
Аммо бир киши учун ҳаммани ёмон кўриш тўғри эмас экан, сиз тўғри айтдингиз.
Бу жойларда жанжал чиқариш оқибати яхши бўлмаслиги, жабрини бир киши эмас кўпчилик тортишини мисоллар билан тушунтирдим.
Шу суҳбатдан кейин Олмос умуман бизникилар томонга келмай қўйди.
Орадан бир неча кун ўтди, ойлик маош берилган куни Самариддин иккаламиз бирга тушлик қилиб ўтирибмиз.
Стол атрофида ўтирганлар ҳаммаси қирғизлар.
Олмос бу жойга бошқалардан анча кеч келгани учун ойлик маоши кам чиқибди.
-- Хужжат тахлашим, кейин яшаш жойимизга ижара ҳаққини беришим керак, пулим етмаяпти.
Беш минг рубль қарз бериб туринглар,-- деб ҳаммадан бир-бир сўраб чиқди.
Ҳеч кимда ортиқча пул йўқ экан, мулзам бўлиб бир четга чиқиб ўтириб қолди.
Ёнига бордим, чўнтагимдан беш минг чиқариб қўлига тутдим.
-- Ма ол, кейинги ойлик олган вақтинг қайтарасан,-- дедим.
Ўтирган жойида менга қаради, кўзларидан ёш чиқиб кетди.
Қайта-қайта раҳмат айтди.
Орадан бир ой ўтгач, яна минг бор раҳмат деб қарзини қайтарди.
Кейинчалик мен бошқа жойга ишга кетдим, Олмосни бошқа қайтиб кўрмадим.
Орадан тўрт йил ўтди.
Москва шаҳрининг "Кузминки" номли метро бекатига яқин жойда ишлардик.