#СЎНГГИ_НАФАСГАЧА
Раҳима холанинг чеҳраси ёришиб кетди:
- Ош бўлса ош-да!? Бир оила бўлиб дастурхон атрофида йиғилишиб, биргалашиб яйрайлик. Юрақол ўзим ҳам сенга қарашиб юбораман,- Раҳима хола ўғлига эргашаркан ҳамон юрагидагиларни айтиб олишга интиларди,- ҳа айтганча, Мукаррамхон оғзидан бол томиб Барнохонни бирам мақтади, бирам мақтади. "Опоқижон, тезроқ отни қамчиланг, бўлмаса шундоқ қиздан қуруқ қоласиз. Унинг таърифи бизнинг қишлоқда ҳам оғиздан оғизга ўтиб юрибди" деди-я, ўзингдан кўпайгур...
🔳 🔳 🔳
- Барно, -деди онаси эрталаб нонушта устида,- бугун анави Қумрихон яна совчиликка келаман деганди. Сал у ёқ, бу ёққа қараб қўйгин.
- Ойи, шу аёл ҳеч хўп дейишни билмас экан-да? Бўлмаса ўтган сафар адамлар ҳам аниқ-таниқ айтдилар-ку "Бу йил қиз узатмаймиз" деб.
Эътиборхон опа хўрсинди:
- Ўғли ҳеч қўймаётган эмиш-да?! "Уйлансам фақат шу қизга уйланаман!" деяётганмиш. Қумрихон ҳам шу қайсар ўғлига тиши ўтмай катта бошини кичик қилиб келяпти-да. . Бўлмаса Шермат раис билан қуда бўлишга орзумандлар қанча?
- Ана ўша орзумандлар билан қуда бўлаверишсин,- жаҳли чиққанидан юлқиниб гапирди Барно,- суймаганга суйкалиб нима қилишади?
-Билмадим, қизим, билмадим. Бошим қотиб қолди ўзимниям. Рости Қумрихонни неччи марта совчи бўлиб келганиниям саноғидан адашдим. Илойим шу йил ўқишга киргин-да, бўлмаса...
- Бўлмаса, шулар билан қуда бўлишга мажбурмиз деяпсизми, ойи? Тўғрисини айтайми? Ўша Ҳакимни кўрсам кўнглим айнийди. Анчагача ўзимга келолмайман. Айниқса мана бунақа совчи қўйиб безор қилгандан бери кўришга кўзим ҳам қолмади. Итга ҳам-чи, кет десанг кетади, аммо бу йигит ўтакетган сурбет экан. Кўряпсан, ёқтиришмаяпти, ҳа деса суйкалиб нима бор яна?
Ойи! - ўрнидан шарт турди Барно,- шу совчиларнинг келишига уйни атай йиғиштирмайман. Қайтага ҳамма ёқни ёйиб ташласаммикан? Ивирсиқ хонадон деб айниб кетишармиди шунда?
- Барно?!- қизига таънаомуз тикилди Эътиборхон опа,- мен шифокорнинг уйи ивирсиқ деган гапни кўтара олмайман, биласан-а? Ҳозироқ уйларни саранжомлашга кириш. Совчиларга йўқ дейишнинг бошқа йўлиям бордир... Бўлақол, ҳадемай аданглар ҳам келиб қоладилар...
Барно бу сафар онасига эътироз билдирмади. Аҳир онасида нима айб? Шундоғам Қумрихон билан қуда бўлгиси йўқ эди унинг ...
/18