📝Митти ҳикоялар...
Ҳошиядан ташқарида.
Йигит ўғрилик билан қамалди. Буни эшитган биринчи ўқитувчиси маҳбусни кўргани келди.
— Нега ундай қилдинг?.
— Билмадим... кўзини ерга тикди йигит. Мактаб даври эсингиздами? Дафтар ҳошиясидан ёзувим четга чиқиб кетса, бўлиб туради, дердингиз. Ўшанда қўлимга бир урмаган экансиз. Шунда қонун доирасидан чиқмаган ва бу ерда ўтирмаган бўлармидим?.
Меҳрибонлик уйида.
— Ойим бугун келадими? доимий саволини берди бола тарбиячи опасига.
— Бугун ойингнинг тоби бўлмай қолибди. Тузалса, албатта келади, асалим.
— Менинг дадамчи? Қачон келаркан? суҳбатга қўшилди бир қизча.
— Даданг ишхонасидан рухсат ололмаяпти. Ишларини якунласа, келади, асал қизим.
Тарбиячи эртага болаларнинг саволига нима деб жавоб беришни ўйларди...
Кечикиш.
— Ҳеч гул бермайсиз, маъюс кулди аёли.
— Тўйимизда берганман-ку! ҳазилга олди эркак.
— Шунгаям ўн йил бўлибди-я...
— Ҳали сенга кўп гул бераман. Ҳаётимиз олдинда...
Аммо ҳар куни гулбозордан ўтаркан, эркак ўйларди: Бирор кун албатта гул оламан!
Ваъдасини бажариб ниҳоят гулдаста олди. Уни аёлининг қабрига қўйди.
Ватан ва севги.
Улар интернетда танишишди. Уч йиллик ёзишмалардан сўнг бир-бирисиз туролмасликларини тушунишди. Аммо, бир «лекин»и бор эди. Йигит бошқа миллат, қиз ўзга эллик эди.
— Мен ватанимни, уйимни ташлаб кетолмайман, деди қиз. Бирга бўлишимизни истасангиз, ўзингиз келинг! Шу ерда, менинг диёримда бир умр бахтли-саодатли яшаймиз...
Йигит кўп ўйланмади: дарров рози бўлди. Кўп ўтмай қизнинг қаршисида пайдо бўлди.
— Сизга турмушга чиқолмайман, — деди қиз пойига чўккан йигитга қараб. Ватанидан, оиласидан бир зумда кечган инсон мендан қанча вақтда кечиб кетаркин? Ортингизга қайтинг, сизни оқ ювиб, оқ тараган тупроғингиздан айрилманг.
Ижодкор.
— Мен катта ёзувчи бўлмоқчиман! — деди у хотинига, фарзандларига. Ижод қилаётганимда ҳалал берманглар!
У туну-кун ижод қилди. Унга кўзларини мўлтиратиб тиккан қизини ҳам, юрак ютиб бўйнига осилолмаган ўғлини ҳам кўрмади. Жуфтига бағишлолмаган изҳорларини китобига битди. Фарзандларига айта олмаган ширин сўзларини китобига ёзди. Оиласига кўрсатолмаган ғамхўрликни китобда исботлади!
У танилди. Унинг шоҳ асарлари минглаб нусхаларда чоп этилди. У шон-шуҳратга бурканди.
— Энди етар, деди бир кун қўлидаги қаламни қўйиб. Кексайибман...
Шундай дея атрофига қаради: ҳеч ким йўқ эди. У бир уюм китоблари ичра ёлғиз қолганди.
Омилик.
У китобни турфа кўйга солди.
Тандирни ёқиш учун тутантириқ қилди. Писта сотаётганда варақларини йиртди. Асабига тегаётган пашшаларга қарата қурол қилди. Ўғилларига самолёт ясаб берди. Эшик очиқ турсин учун тиркагич қилди. Дераза ойналарини артди. Ҳатто хожатхонада ҳам фойдаланди...
Аммо бирор марта ўқиб кўрмади.
Йиллар ўтиб, нурсиз қалбига недир етишмай қолди... Китобни қўлига олди. Ўқий деганда эса кўзлари аллақачон нурдан қолган, қўллари эса тинимсиз қалтирарди...
Оғриқли учрашув.
Мен уни ўн етти ёшимда учратдим. Автобусда. Онам дам унга, дам менга қарарди. Ниҳоят, кўзларини дераза ортидаги манзарага тикдида:
— Шу эди... менга доялик қилган аёл, деб шивирлади.
Вужудим кўзга айланди. Шарпадек аёл сари одимладим.
— Қўлингиздан ўзим тушиб кетганмидим?.
Овозим шунчалик паст чиқдики, у мени эшитмади. Автобус тўхтади ва у бекатда тушиб қолди. Оқсоқланмасликка тиришиб жойимга қайтдим...
Ортиқча.
— Келинингизга болани олдир, деб айтдим. Тўрттаси етади ўзи. Шундоғам рўзғорга етказолмай юрибман... ҳасрат қилди ўғил онасига.
— Шундай дегин... Отанг ҳам бир вақтлар сени бешинчи фарзандимни олдир демаган эканда? Шунда бойиб кетармидик? Сенсиз...
Ўғилни ток ургандек бўлди.
Обрў.
— Обрўимга путур етказадиган бирор иш қилмаларинг! ота ўғилларига дўқ урганча, кеча мастликда ариққа йиқилиб лой теккан шимини қоқа-қоқа нари кетди.
️