Репост из: Nikkasan
Азиз ҳамюртлар!
Ижтимоий тармоқларда менинг сўнгги интервьюимдан иқтибос келтириб, "медицинанинг ютуғи эмас" деган ибора нотўғри талқин қилинаётганлиги туфайли қуйидагиларни маълум қилмоқчиман:
1. Интервьюда коронавирус касаллиги устидан ғалаба ҳақида гап кетмаган, балки "Ўзбекистонда касалланганларнинг фоизи бошқа давлатларга нисбатан камлигини медицинанинг ютуғи, дея баҳоласа бўладими?" деган саволга "бу ютуқ медицинаники дея олмаймиз" деган жавоб берилган. Ушбу интервьюдаги фикр контекстда касалланганлар оқимига энг ривожланган давлатнинг тиббиёт тизими ҳам дош бера олмаётганлигининг гувоҳи бўлаётганимиз ҳақида эди. Хусусан, давлат томонидан эрта ва қатъий чораларнинг кўрилиши, карантиннинг жорий қилиниши, бир беморнинг орқасидан минглаб одамларни бўлса ҳам изоляция қилиш ишлари, аҳолининг ўз ўзини изоляциялашга даъват қилиниши ва бошқа қатор давлат бошқарувига тегишли чоралар касаллик фоизининг кўпайиб кетишининг олди олинганлиги, ва оқибатда тиббиёт тизимига босимнинг камайтирилганлиги ҳақида борган. Агар бу чоралар ўз вақтида кўрилмаганида, бизнинг тиббиёт тизимимиз ҳам катта босим остида қолиши, натижада шифокорларнинг етишмаслиги, ётоқларнинг ва ускуналар танқислиги каби муаммоларни кузатаётган бўлар эдик. Бунга мисол сифатида ривожланган мамлакатлар тажрибаси келтирилган эди.
2. Шубҳасиз, касалланганларнинг соғайиши учун шифокорларимиз туну-кун меҳнат қилиб, меҳнатини аямасдан, ўз ҳаётларини хавф остига қўйиб бўлсада, ҳар қандай тизимли камчиликларга қарамасдан, ўз бурчларини адо этаётганлиги таҳсинга сазовор. Лекин, бу дегани медицинамизда муаммолар йўқ, дегани эмас. Биз бор йўғи бир неча ойлар, йиллар олдин тиббиётимизни ислоҳ қилиш лозимлиги, замонавий стандартларга етказишимиз кераклиги, тиббиёт ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш лозимлиги ҳақида деярли ҳаммамиз гапирар эдик.
3. Бундан ташқари, медицинамизни яхшилашга фақат соғлиқни сақлаш тизими эмас, балки барча томонлар бундан буён кўпроқ эътибор қаратиши керак, ҳукумат ҳам, парламент ҳам шифокорларнинг мавқеини ошириш, меҳнат шароитини яхшилаш, умуман тиббиёт тизимига кўпроқ маблағ ажратилишига эришиш керак.