Охирги пайтлар сезиб колганим, онамга зўр-зўр таомлар пиширишим, махорат билан мехмон кута олишим, яхши бека бўла олишимнинг умуман қизиғи йўқ. Бу йўналишлардаги ютуқларим улар учун мутлақ 0 га тенг.
Улар ўқишимдаги муваффақиятларимдан фахрланиб, мақтанишни хоҳлайдилар. Ишдаги ютуқларим, ойлигим, лавозимим юқори бўлишини истайдилар. Мени ишбилармон, доим саёҳат, конференция, хизмат сафарларида юрадиган, ишни кўзини биладиган, доимо ишлари билан банд қизлари сифатида кўргилари келади. Акс ҳолда юқоридаги каби ютуқларим билан мақтансам бошқа йўл-йўриқ кўрсатаверадилар, тепадан қарайдилар ёки раҳмлари келади.
Адам эса бир вақтни ўзида ҳар иккаласини ҳам қотиришимни хоҳлайдилар. Сал чирансам эплайман ҳам-ку... Аммо мен ўзим нимани хоҳлайман?
Охирги пайтлар шу саволни ўзимга кўп беряпман. Яқин-яқин, хатто шу ой бошларигача ота-онамнинг шу истаклари таъсирида яшаган бўлсам, энди бу масалани жиддий ўйлаб кўряпман. Масалан яна бир хаёл келади, "аяжон мени қандай кўришни хоҳлайдилар" деган. Пазандалигимдан, ҳозиржавоблигимдан кўп завқланадилар, фахрланадилар лекин "қаерда бўлсанглар ҳам, қандоқ бўлса ҳам соғ-саломат ва бахтли бўлсанглар бўлди, менга шуни ўзи етади" деган гаплари муносабатларини кўпроқ билдиради деб ўйлайвераман. Чунки чин кўнгилдан гапирганлар. Лекин барибир ҳар эхтимолга қарши улар учун намунали "Мухлиса" мезонларини ҳам суриштириб қўйишим керак))
Яна ўша савол, мен ўзим ким бўлишни истайман? Мен ўзим ижодкор бўлишни истайман. Ҳаёлпараст, ишқпараст, сергап ижодкор бўлишни хоҳлайман. Ҳаёлпарастлигимни, кўп гапиришимни доим танқид остига олишган. Мен эса шу ҳаёлларим оғушидан дур-у марвариддек ижод намуналаримни олиб чиққим келади. Комик разгонга берилганидек мен ҳам ҳаёлларим тубига интиламан. У ерда гўзалликлар, у ерда энг латиф сўзлар, энг нафис ҳислар бор. Анча бўлди у ерларга қарамай қўйганимга. Шунгадир балки ишлашга шошилмаяпман. Чиндан нима хоҳлашим, қандай инсон бўлгим келишини аниқлаб олмоқчиман. Ҳозирча ўзимча ижодкорман, эртага балки боғбон ёки флорист бўлгим келиб қолар... Яшасак кўраверермиз))