Бу ташаббусли бюджетми ё ҳокимлар ва уларнинг шотирларининг чўнтак бюджетими? Мен қаршиман!
Ташаббусли бюджетлаштириш орқали «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларининг молиялаштирилиши 2023 йилдан бошлаб амалга оширилиши керак.
Жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёни бу йил май ойида амалга ошиши лозим эди. Бу рўй бермади, кечикмоқда ва қанчалик ғалати туюлмасин, яхшиликка.
Чунки
тасдиқланган Низомга кўра, фуқаролар де-факто жараёндан четлаштирилган.
Биринчидан, фуқаролар томонидан лойиҳалар тўплами шакллантирилишига йўл қўйилмайди. Фақат маҳалла раиси бир йилда фақат бир маротаба битта лойиҳа тўпламини киритиш ҳуқуқига эга.
Иккинчидан, маҳалла раиси таклиф этган лойиҳа тўпламини Махсус комиссия танлайди. Махсус комиссиянинг олтита аъзосидан бештаси ҳоким ва унинг шотирларидан иборат, биттагина, уям келишув асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакили қўшилиши мумкин.
Учинчидан, фуқаролар маҳалла раиси ва Махсус комиссия чиғириғидан ўтган лойиҳалар тўпламига овоз бера олади. Унданам қизиғи, Низомга кўра, маҳалла (қишлоқ) фуқаролари тегишли маҳалла (қишлоқ) бўйича илгари сурилган лойиҳалар тўплами ичидан ўзларини қизиқтирган тадбирларга овоз берадилар. Маъносига кўра, фақат прописка жойи бўйича ҳокимтўра ва унинг шотирларининг фильтридан ўтган лойиҳаларга овоз бериш мумкин бўлади.
Тўртинчидан, аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) тузатиш коэффициентини қўллаган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар кўпайтирилади. Яъни демократяининг асоси бўлган, бир фуқаро - битта овоз принципидан амалда воз кечилади.
Сиз нима деб ўйлайсиз, шу ташаббусли бюджетми? Ё ер сотишдан маҳрум бўлгач, куни бюджет ўзлаштиришга қолган ҳокимлар ва уларнинг шотирларининг бюджетими?
Қани бу ерда фуқароларни ташаббуси, фуқароларнинг иштироки? Фуқароларнинг уюшиши? Фуқароларнинг танлови? Қани?
Сиз нима деб ўйлайсиз агар ҳеч ким сайламаган ҳокимлар, ҳеч ким сайламаган депутатлар, югурдак раислар, шотир ёрдамчилар ўз вазифасини бажарганида ташаббусли бюджетга ҳожат бўлармиди?
Саналган амалдолар фуқароларнинг хоҳиш ва иродаларини ифода этмаганликлари учун ҳам бюджетнинг бир фоизи халққа қайтарилмадими? Халқнинг ўзи таклиф бериши, танлаши, ўзи уюшиши, ўзи овоз бериши учун?
Дарвоқе, Ташаббусли бюджетлаштиришнинг мазкур энг катта маблағ (ажратилган маблағларнинг жами камида 80%и) тақсимланадиган жараённинг қоидалари ими жимида, халқдан панада, ёпиқ кабинетларда тасдиқланган. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган. Ва яна савол туғилади: Бу ўзи ташаббусли бюджетми?
Хуллас, Фуқароларнинг ташаббускорлиги қайтарилиши керак, эркин ва тенг овоз бериш ҳуқуқи таъминланиши лозим.
Фаол жамоатчиликни, ОАВ ва медиани ўзбекистонликларнинг ўз маблағларининг ўзлари тақсимлаши ва эркин танлови йўлидаги жараёнга бефарқ бўлмасликларини сўрайман. Агар Давлат раҳбарининг шахсан ўзи ирода кўрсатиб, халққа берган шу ҳақ тортиб олинса, кейин қолган қутгани ҳам тортиб олинади.