“Сув пастга қараб оқади…”
Онам Файзихон ая дадам оламдан ўтгач, 11 ойлик кичик укамни болалар боғчасига бериб ишга жойлашган экан.
Кундузи ишлаб, кечаси бировларнинг кўрпа-тўшакларини тикиб, етишмовчилик бўлса-да, мактабда яхши ўқишимиз учун шароит яратиб берар, баҳоларимизнинг аъло бўлишини талаб қиларди. Тез-тез мактабга чиқиб ўқитувчиларимизга "Болаларим шунчаки баҳо учун эмас, астойдил уқиб, билимли бўлишларини истайман. Яхшироқ ўқишини талаб қилинглар, ҳали улар институтга ўз билимлари билан ўқишга киришлари керак”, дея тайинларди. Онамизнинг нияти холис экан, биз — фарзандлар билимимиз, ҳаракатимиз билан олий маълумот олдик, жамиятда ўз ўрнимизга эга бўлдик.
Аммо энг армонлиси, онамиз авжи роҳат-фароғатда яшайдиган вақтида касалликка чалинди. Шифокорлар муолажаси, фарзандлар парвариши билан анча пайтгача касалликни енгди. Аммо бу пайтда фарзанд кўриб, уларни улғайтиргунимча онамга ўзим орзулаганимдек меҳр-эътибор беролмаганим ҳанузгача қалбимга азоб беради. Онам ўзи кекса, бетоб бўлса ҳам биз ва невараларининг ташвиши билан яшарди. У кишини кўргани борганимда тез-тез хабар ололмаганимдан хижолат бўлсам, "Болам, сув пастга қараб оқади. Онам мени деб яшаган, мен сизларни деб, сизлар невараларимни деб яшайсизлар”, дея юпатарди. Бугун фарзандларим улғайиб, ҳаётда ўрнини топишга интилаётган, ўз ташвиши билан андармон бўлган дамларда онам бизни ҳар куни, ҳар соат соғиниб кутганини кўпроқ ҳис қиламан…
© Муштарий
ОНАНГДАН АҲВОЛ СЎРАБ ҚЎЙ
Кўчада юрсанг ҳам тоғни қўпориб,
Дунёлар ишидан кетсанг ҳам хориб,
Телефонга қўлинг чарчамай бориб,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй.
Неча бор телефон қиласан ёрга,
Чарчаш йўқ, болангчун ярайсан корга.
Онанг ҳам сеники, ўхшатиб борга,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй.
Кераклардан керак, майли қилмагин,
Керак бўлган деб ҳам, майли билмагин,
Топганинг номард бўб, майли иймагин,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй.
Кетса кетар дегин оғзингни ели,
Ел учун оғримас хеч кимни бели.
Меҳрингга умидвор, онанинг фъели,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй.
Бўри ошинг кутмас, бўри сўз кутар,
Яхшилик cенга деб, ёмонинг ютар.
Керак қилсанг ол деб, жонни ҳам тутар,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй.
Қутилар кунинг бор, кетиши аниқ,
Жонинг ҳам навбатга етиши аниқ.
Қайтар дунё, қилмиш қайтиши аниқ,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй.
Онангни аҳволи яхшидир, ёмон,
Соғиниб кўзлари боқар сен томон.
Муштипар онангни эслаб хар замон,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй.
Аслида лойиқ у, барча эъзозга,
Ғолиб чиқар она, қўйсам овозга.
Овозингни ўхшатиб мулоим созга,
Қани биир, онангдан аҳвол сўраб қўй.
Мурувват истар деб қўрқма бродар,
У сени кўтарган осмонга қадар.
Яна ҳам кўтарса, насихати—зар,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй.
Дуосин ололгин, гул бўлар ,,чўл”инг,
Хеч йўқ ўзинг учун, мард бўлсин қўлинг.
Хеч сабаб тиркама тўсолмас йўлинг,
Мард бўлиб онангдан аҳвол сўраб қўй!!!
Ўқинг... Фақат йиғламанг!